Бош саҳифа / Адабиёт / М. Лермонтов мусулмон бўлганми?

М. Лермонтов мусулмон бўлганми?

ёхуд Шарқ донишмандлиги, фалсафаси ва тафаккури
Ғарб учун қадимдан маёқлиги хусусида

Ҳеч кимга сир эмаски, дунёнинг манаман деган даҳолари Шарқ маънавиятига, донишмандлигига, дини ва фалсафасига мурожаат этиб, ҳайратга тушганлар. Бунга буюк немис шоири Гёте, Ҳенрих Ҳейни, Лев Толстой каби ўнлаб кишиларни мисол келтириш мумкин.

Тарихдан маълумки, Лев Толстой ҳам умрининг охирида Ясная Полянадан бош олиб чиқиб кетиб, ўзича “адолат” ахтаради. Ва айрим норасмий манбалардаги хабарларга қараганда, ўзи истаган ҳақиқатни ислом динидан топади. Бу алоҳида мавзу.

Яқинда дадамнинг шахсий кутухоналаридан 1955 йилда чоп этилган М. Ю. Лермонтов танланган асарларини олиб кўз югуртирдим. XIX аср- нинг бошлари ва ХХ аср- нинг ўрталарида Лермонтов ижодига қизиқиш жуда катта бўлган экан. Ўзбек адибларидан Усмон Носир, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Ғулом, Учқун Раҳмон каби кўплаб ижодкорлар унинг шеърлари, поэмалари, қисса ва романларини ўзбек тилига ўгиришган. Танланган асарларнинг 2-томида “Ошиқ Ғариб” эртагини ўқиб қолдим. Унда Тифлис шаҳрида бир турк бойи яшаганлиги, унинг соҳибжамол қизи борлиги ва уни Ошиқ Ғариб деган камбағал йигит севиб қолганлиги ҳақида ҳикоя қилинади.

Хўш, бу Шарқ эртагини ёзиш  Лермонтовдек улуғ даҳога нима учун керак бўлиб қолди? Ахир рус эртаклари, эпослари етарли-ку? Хуллас, турк соҳибжамол қизини бир гадойга бермаслигини билгач, йигит бойлик тўплаш учун севгилисидан етти йил муҳлат сўраб, Ҳалаф шаҳрига кетади. Ва подшонинг хизматига киради. Муддат тугашига уч кун қолганда, йўлга чиқади. Икки ойлик йўлни Ҳизр алайҳиссалом ёрдами билан икки кунда босиб ўтади. Ва мурод мақсадига етади.

Биринчидан, Лермонтовни Шарқ оламидаги иймон ва лафзнинг кучлилиги ҳайратга солган. Иккинчидан, бу ҳудуддаги мусулмон халқлари учун дин ва эътиқод ҳар қандай қонундан устунлигини ибрат қилиб кўрсатмоқчи бўлган. Учинчидан, Шарқ элларининг адолат тантанасига бўлган мангу ишончини эътироф этишни лозим топган, деб ўйлайман.

Эртакда шундай ўрин бор. Ошиқ Ғариб Ҳалафдан икки кунда Тифлисга, онаси яшайдиган уйга етиб келганига рақиблари ишонмайди. Шунда у “Азонни Арзинъян водийсида, пешинни Арзирумда, намозгарни Карс шаҳрида, шомни эса Тифлисда ўқидим” дейди. Муаллиф Хўжаи Ҳизр билан боғлиқ воқеани шунчалик самимий тасвирлайдики, ҳар қандай ўқувчи ишонмай иложи қолмайди. Шундай хулосага келиш мумкинки, жаҳон адабиётида муносиб ўрин тутган Лермонтовдек даҳо ҳам Шарқ мўъжизаси олдида бефарқ бўла олмаган.   Зеро, Шарқ мўъжизаси қадимда ҳам, ҳозир ҳам, келажакда ҳам  давом этиши табиийдир…

Сарвиноз САФАР қизи,
ТерДУ талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Аҳиллик самараси

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда Хоразмга яқин бир қишлоқда одамлар жуда аҳил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE