Бош саҳифа / Жамият / Луқмаси ҳалол нажоткор

Луқмаси ҳалол нажоткор

Туғруқхона. Оқ халат кийган шифокор қўлида эндигина дунё юзини кўрган фариштамисол чақалоқ ва унинг йиғиси оламни тутган. Ташқарида турган ота-оналар, бобо-момолар шошиб қолишади. Юраклари энтикиш аралаш хавотирда: “Қанча суюнчи сўрашар экан? Ишқилиб, камроқ сўрашсинда”. Туғруқхона эшигига фарзанд кутиб умид билан борган борки, аввало, шуни ўйлайди. Аммо беш қўл баробар эмас…

Ёшлигидан шифокор бўлишни орзу қилган, ундан айро касб ни тасаввурига ҳам сиғдирмаган, 27 йилдан буён аёлларнинг оғирини енгил қилишда яқиндан кўмак бериб келаётган шифокор Ҳанифа Бердимуродованинг ҳамиша қўли-қўлига тегмайди. Сабаби севимли касби орқали ҳалол ризқ топиш, одамларга беминнат ёрдам бериш унинг қатъий ҳаёт тарзига айланган.

Ҳ. Бердимуродова илк фаолиятини 1991 йил Қумқўрғон туманидаги қишлоқ врачлик пунктларидан бирида акушер-гинеколог сифатида бошлаган. Ҳозирда туман тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлимида врач акушер-гинеколог сифатида фаолият юритиб келмоқда. Бундан ташқари, Янги ҳаёт қишлоқ врачлик пунктига ҳам гинеколог сифатида бириктирилган. У ерда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни ҳомиладор, фертил ёшдаги аёллар, маслаҳатга муҳтож хотин-қизларни кўрикдан ўтказиб, уларга ўз тавсияларини бериб келмоқда.

—    Чақалоқ дунёга келиши бу бир мўъжиза, — дейди, акушер-гинеколог Ҳанифа Бердимуродова. — Мен деярли ҳар куни ҳомиладор аёллар билан ёнма-ён туриб, янги меҳмоннинг туғилишига гувоҳ бўламан. Баъзан бир аёлни тўлғоқ тутган пайтда, бошқа томонда паталогик хасталикка чалинган беморга кўмаклашишга тўғри келади. Унисига қарашиб улгурмасданоқ, бошқасида дард бошланиб қолади. Қийналиб туғилган чақалоқ бирданига чинқириб, барча хавф ортда қолганида онадан қайта туғилгандек енгил бўламан. Одамларга қувонч улашишдек бахтга сабабчи бўлишнинг ҳам гашти борда.

Гинеколог берган маълумотларга қараганда, туғруқхонада бир сутка давомида 24-25 нафаргача, бир йилда эса туман миқёсида 6500 га яқин чақалоқ дунёга келади. Шундан 85 фоиз аёлларда туғруқ жараёни яхши кечса, 15 фоизида патологик туғруқ жараёни кечади. Бу эса асосан, камқонлик, зоб, пиэлонефрит ва бошқа патологик хас таликлар билан боғлиқ.

— Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ натижасида носоғлом фарзандлар дунёга келиш ҳолатлари кузатилмоқда, — дейди Ҳанифа опа. — Тўғри, УЗД, қон таҳлиллари каби кўплаб текширувлар орқали бундай туғруқларнинг олдини олишга ҳаракат қилинаяпти, аммо баъзи бир ҳолатларда диагностик аппаратлар ҳам ожиз.

Аёлларнинг кўпчилигида ҳали тиббий маданият юқори деб бўлмайди. Бу эса она ва боланинг соғлигига салбий таъсир этмасдан қолмайди, албатта. Шифокор ўз вазифасини сидқидилдан бажарди, унга тўғри ташхис қўйди дейлик, лекин аёлларнинг айримлари вақтида даволанмаслиги, дори-дармонларни пала-партиш истеъмол қилиши, гигиенага амал қилмасдан нотўғри овқатланиши оқибатида ҳам кўплаб муаммолар келиб чиқиши бор гап.

—    Ҳар доим ишдан чарчаб, баъзан беморларимнинг дардини ўйлаб сиқилганимда лимонлар барқ урган иссиқхонамга бораман, — дейди Ҳалима Бердимуродова. — Дарахтларга термуламан. Дардларимни айтаман. Лекин ҳеч қачон шифокорлик соҳасини танлаганимга афсусланмайман. Негаки, шунча чарчоқ, ёки бошқа бир муаммоли вазиятлар бўлса-да, ҳар сафар янги чақалоқ туғилганида худди ўзим илк бор фарзанд ли бўлгандек ҳиссиётга тўламан. Чақалоқнинг ота-онаси, яқинлари менга қувончдан порлаётган кўзлари ила раҳмат айтаётганида, гўдак йиғисини эшитганимда барча ташвишларим унутилиб, яна ҳомиладор аёллар томон ошиқаман. Худога таваккал қилиб, ишга киришаман.

Тиниб-тинчимас шифокор айни кунларда банкдан кредит олиб, аёлларни соғломлаштиришга ихтисослашган хусусий клиника очиш ҳаракатида.

 Адолат САФАРОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Осойишталик посбонлари эҳтиёжманд 1000 оилага ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулоти етказиб бермоқда

Сурхондарё вилояти ички ишлар идоралари ходимлари Президентимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan