Хабарингиз бор, Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказилган III ёзги Параосиё ўйинларида спортчиларимиз 35 та олтин, 24 та кумуш ва 18 та бронза медали соҳибига айландилар.
Мусобақанинг иккинчи кунида тўрт нафар ўзбекистонлик дзюдочининг барчаси шоҳсупага кўтарилишга муваффақ бўлди. Эркаклар ўртасида ўтказилган баҳсларда Шерзод Намозов (60 кг вазнда) ва Ўткир Ниғматов (66 кг вазнда) олтин, аёллар ўртасидаги беллашувларда Севинч Саллаева (52 кг вазнда) бронза, воҳадошимиз жарқўрғонлик Лобар Хуррамова (48 кг вазнда) кумуш медалини қўлга киритди.
— Параосиё ўйинларига жиддий ҳозирлик кўргандик, — дейди дзюдо бўйича кумуш медаль соҳиби Лобар Хуррамова. — Натижалар яхши. Халқаро майдонларда эришаётган ютуқларимизда Президентимиз раҳбарлигида спортни ривожлантириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва иқтидорини намоён этишга қаратилаётган улкан эътибор муҳим омил бўлмоқда. Кейинги паралимпия ўйинларида янада муваффақиятли иштирок этишга бор куч-ғайратимни сарф этаман.
Ўзбекистон ва Осиё чемпионатларида юқори натижаларга эришиб келаётган Лобар Хуррамова нуфузли спорт мусобақаларида иштирок этиб, ватанимиз байроғини юксакларга кўтариш учун айни пайтда тинимсиз тайёргарлик кўрмоқда.
Феруза БОЛТАЕВА