Бош саҳифа / Жамият / Лоқайдликнинг чегараси қаерда?

Лоқайдликнинг чегараси қаерда?

Таҳририятга Жарқўрғон туманидаги “Қумқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаролар Э.Мирзаев, Т.Ишқувватовлардан шикоят хати келиб тушди.

Унда келтирилишича, газетамизнинг жорий йилнинг 19 августидаги, 41-сонида газетамиз мухбири Х.Тоғаймуродовнинг “Қумқишлоқ” МФЙида йиғилиб қолган маиший, ижтимойи-коммунал муаммолар ҳақидаги “Лоқайдлик” номли мақоласи чоп этилган бўлсада, мутасаддилар томонидан мавжуд муаммоларнинг ечими масаласида бирор-бир тайинли ишга ҳали-ҳамон қўл урилмаган. Чоп этилган мақолада маҳалла фуқаролар йиғинида фуқароларнинг газ баллонлар билан таъминланишидаги адолатсизликлар, тоза ичимлик суви муаммоси, маҳаллада рухсати бўлмасада алкаголь маҳсулотларини сотаётган дўкон фаолияти, мактабгача таълим муассасасидаги антисанитария ҳолат, хизмат кўрсатиш нуқталари йўқлиги қаламга олинган эди.

Э.Мирзаевнинг билдиришича, орадан вақт ўтсада қишлоқдаги оғриқли масалаларга ечим топиш юзасидан ҳеч бир амалий иш бўлмаган. Хўш, мақола чоп этилди. Унда ҳудуддаги мавжуд муаммоли масалалар қаламга олинган. Оммавий ахборот воситаси ўз вазифасини бажарди. Бироқ, Жарқўрғонлик мутасаддиларнинг ОАВга ва шу орқали халққа бўлган муносабатини мақолада акс эттирилган “Қумқишлоқ”даги оғриқли масалаларга панжа ортидан қараганлигидан англаш мумкин.

Халқимизда “Тиш оғриғининг давоси омбир“ деган пурмаъно ҳикмат бор. “Қумқишлоқ”қа яна йўл оламиз.

Бекорчиликдан эмас, албатта. Жарқўрғонлик мутасаддиларнинг биз матбуотчилар ва халққа бўлган муносабатини яна бир бор кузатиш ҳамда ўрганиш мақсадида.

Маҳалла идораси – маҳалланинг “ташриф қоғози”. Сувоқлари кўчган идорада чангдан униқиб кетган қоғозларга кўмилиб ўтирган котиб Абдумажид Туропов бизни истамайгина қарши олди. Доимгидек (аввалги мақолада ҳам таъкидланган эди.) Маҳалла раиси “иш билан” кетганлиги боис, А.Туропов бизни маҳалладаги мавжуд ҳолат билан яна бир бор таништиришни бошлайди. Қишлоқда ичимлик суви муаммоси борлигини олис-яқиндан сув идишларини кўтариб келаётган фуқароларнинг гап-сўзларидан англаш мумкин. Маҳаллада сув таъминлаш минораси ва қувурлари бўлсада, сув кўрмаганлигига анча замонлар бўлганлигини қуюқ занг босганлигидан ҳам билса бўлади.

Маҳаллада жойлашган 30-мактабгача таълим муассасасининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ҳам айтарли йўқ. Болажонларнинг кийимлари қуритиш учун қуёш иссиғига тартибсиз ёйиб қўйилгани, тушки уйқу палласи бўлганлиги сабабли, болаларнинг қалин кийимларда ухлаб ётганлиги, хоналардаги иситиш тизимларининг яроқсиз ҳолатда эканлигидан дарак беради. Тарбиячи ва ошпазларнинг махсус либосларда эмаслиги, ўз вазифаларини билмасликларини англатади.

Хоналардан бирида якка – ёлғиз ўтирган болакайни кўрдик. Шу хонадаги кроватда эса узун-узун хивичлар болажонларни “тарбиялаш”га тайёр ҳолатда турганлиги эса ҳар бир кишини эътиборини тортмасдан қолмайди.

Ўрта асрларда болаларга хат-савод танитишда, тарбиялашда жисмоний жазолаш йўлидан фойдаланганликларини китоблардан ўқиганмиз, фильмларда кўрганмиз. Аммо, оғриқли бўлсада бу каби ҳолат Жарқўрғон таълим тизимида ҳали ҳам мавжудлиги ҳар бир кишини ранжатмасдан қолмайди. Тарбиячининг изоҳлашича, яхшигина тобига келтирилган, ишлатилганида из қолдирмайдиган хивични “болалар ташқаридан олиб кириб қўйган”миш.

Тарбияланувчи Элбек исмли болакайнинг айтишича, боғча опалар баъзан болажонларни “уради”. Таълим-тарбия масканидан маълумот олиш, атрофлича ўрганиш учун қилаётган ҳаракатларимизга боғча ходималарининг бир қатор тўсқинликларидан ва маълумотларни яширишга уринишларидан ҳам шуни англаш мумкинки, бу манзилда қилиниши керак бўлган ишлар ҳали талайгина. Боғча мудирасини эса топиб бўлмади. ҳақиқатдан қўрқмайдиган кишининг ёлғондан қўрқишига ҳеч қандай асос йўқ. Президентимизнинг “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилиниб, давлатимиз томонидан мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилаётган бир пайтда Жарқўрғонда келажагимиз эгаларига кўрсатилаётган бу каби “марҳамат”ларни қандай изоҳлаш мумкин?

Азал-азалдан лоқайд, бепарво инсонлар ёвуз душманга тенглаштирилган. Душманнинг таҳдидидан ҳимояланиш чораларини излайсиз ва унга қарши тура оласиз. Лоқайд инсоннинг лоқайдлигидан юзага келадиган оғир фожеаларга эса чув тушиб қолганлигингизни сезмай ҳам қоласиз. Хўш, жарқўрғонлик мутасаддиларнинг, туман ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари, “Қумқишлоқ” маҳалласи аҳли ишониб овоз берган вилоят ва туман Кенгаши депутатларининг эътиборсизлиги, лоқайдлиги қачонгача давом этаркан?.

Ҳудудда оғриқли масалаларга эътиборсизлик билан қараш ёки келажагимиз эгаларини хивич ёрдамида тарбиялашнинг “Жарқўрғонча” усулига қачон барҳам берилади?

Мутасаддилар бепарволикдан чарчашмаса, биз фуқаро мурожаатига қандай жавоб бўлганини кузатишдан, давлатимиз ва жамиятимиз ривожига тўсиқ бўладиган муаммоларни қаламга олишдан чарчамаймиз.

Сарвар ТЎРАЕВ,
Сурхон тонгимухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan