Лоқайдлик

ТАҲРИРИЯТДАН:
Таҳририятимизга жарқўрғонлик Эшбўри Мирзаевнинг номидан танқидий руҳдаги мақола келиб тушди. Далилларнинг тўғрилигини текшириб кўриш мақсадида, мухбиримиз Жарқўрғон тума-нидаги “Қумқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, қишлоқ ҳаёти билан яқиндан танишиб қайтди.

ёхуд ҳудуддан сайланган маҳаллий Кенгаш депутатлари қаёққа қарашаяпти?

“Ранг кўр, ҳол сўр,” деб бекорга айтишмаган экан. Маҳаллада кўрганларимиз, афсуски, кўнгилни ранжитади. Маҳалла раиси Бахтиёр Нораҳмедовга берадиган бир нечта саволларимиз бор эди, аммо, раис йиғилишда бўлганлиги боис бунинг имкони бўлмади. Маҳалла котиби Абдумажид Туропов иштирокида шароит билан танишдик. Бугунги кунда маҳаллада 3 686 нафар аҳоли истиқомат қилади. 553 та хўжалик, 589 та оила мавжуд. Маҳалла миқёсида маиший газ баллонлари билан бор-йўғи 285 та хонадон таъминланган. Фуқароларнинг айтишига қараганда, айримлар 3-4 тадан газ баллонлари олишган, ярим йиллаб    навбатда турганларга эса ҳалигача берилмаган.

Маҳалла идорасининг ёнгинасида жойлашган дўкондаги аҳвол ўта аянчли. Бу ерда Қурбоной Номозова ижара асосида савдо фаолияти билан шуғулланади. Тадбиркорнинг ўзи йўқлиги боис, қизи савдо қилаётган экан. Дўконнинг деворлари ёрилиб, икки-уч жойидан дарз кетган. Тозалик ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Энг ачинарлиси, дўконнинг ичида 4 бутилка “Денов” ароғи, 1,5 литрли 6 баклашкада “Қибрай” пивоси ва “Кеnt”, “Pаll mаll” каби тамаки маҳсулотлари пештахтанинг тагида турганига гувоҳ бўлдик. Ушбу маҳсулотларнинг тегишли сертификатини сўраганимизда турли баҳоналарни рўкач қилишди.

— Маҳалламиздаги дўконларда ароқ сотилади, — дейди маҳалла фуқароси Темир Эшқувватов биз билан суҳбатда. Ёшлар кечаси билан ароқ ичиб, бақир-чақир қилишади. Қишлоғимизда тиббиёт пункти йўқ. Бор эди, қисқартишга тушди.  Қон босимим доим баланд бўлганлиги учун 3-4 чақирим узоққа қатнаб, қўшни қишлоқдаги поликлиникага бориш имкониятим йўқ. Имкони бўлса, маҳалламизда тиббиёт пункти ташкил қилишса, яхши бўларди. Қишлоғимизда биттагина “качалка” бор, аҳоли шундан сув олади, бу сувнинг сифатига ҳеч қандай кафолат йўқ. Негаки, нари борса, 20 метр чуқурликдан чиқади.

Қишлоқда 30-МТМ жойлашган. Бизни кутиб олган аёл Шарофат Ҳақназарова шу ерда ошпаз бўлиб ишлар экан. Боғча биносининг ён-атрофини ўт-ўланлар босган. Бино катта, аммо бор-йўғи 40 нафар бола тарбияланади. Ш. Ҳақназарова билан хоналарни айландик. Ошхонага ёндош хонада чумчуқ полапонининг мурдаси ётибди. Ошпаз опанинг изоҳ беришича, бу ер илгари болалар овқатланадиган ошхона бўлган. Зарурат бўлмаганлиги учун бўш ётган экан. Катта гуруҳнинг 5 та хонасида ҳам электр токи ёнмайди. Айримларида ёритгичлар йўқ. Катта умумий залда эса кабель осилиб ётибди. Нега электр токи ёнмайди, дея сўраганимизда:

— Чунки унга эҳтиёж йўқ. Кундуз кунлари ишлаймиз! — дейди энага Дилдора Худойқулова.

Катталар гуруҳининг 5-хонасида деразада мусича уя қуриб, тухум очган. Боғчадаги тартибсизликлар, ачинарли ҳолатларни кўриб, баъзи бир хоналарга ойлар мобайнида одам ораламаганига амин бўласиз. Масъулиятсизлик, лоқайдлик ҳам шу даражада бўладими?

Буларга қўшимча равишда қуйидаги мақолани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Қумқишлоқда муаммолар кўп

Қишлоғимизда бир талай муаммолар бор. Бу ерда на сартарошхона, на пойабзал таъмирлаш устахонаси бор. Шундай катта қишлоқда маҳалла гузари йўқ. Гўшт дўконлари, маиший хизмат нуқталари мавжуд эмас. Ҳаммомни-ку, фақат орзу қилишади. Ичимлик суви масаласи ҳам ачинарли аҳволда.

Йўлларимизга собиқ иттифоқ даврида тош тўкилиб, айрим жойларигина асфальтланган эди. Бу йўлдан юрган ҳар қандай уловга ичингиз ачишади. Энг ажабланарлиси шундаки, маҳаллада қабристон йўқ.

Бу каби камчиликлар хусусида илтимоснома билан Жарқўрғон туманининг собиқ ҳокимига ҳамда тиббиёт бирлашмаси ва туман санитария-эпидемиология давлат назорати маркази раҳбарларига мурожаат қилган эдик. Туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда санитария-эпидемиология давлат назорати маркази раҳбарлари муаммоларни келиб ўрганишгач, аҳолининг таклифларини маъқуллашди. Мана, орадан етти йилдан ошиқ вақт ўтган бўлса-да, ҳеч қандай натижа бўлмади. Ҳанузга қадар Қумқишлоқ аҳлининг сўзига қулоқ тутадиган мард йўқ. Қумқишлоқ аҳолиси бу каби оворагарчиликлардан қачон халос бўлади? Бу саволга туман раҳбарлари нима, деб жавоб беришаркан, шуниси муҳим!

Эшбўри МИРЗАЕВ,
Журналист

 Қишлоқда йиллар мобайнида кўплаб муаммолар тўпланиб қолган. Ким билан гаплашсангиз бир муаммони кўндаланг қўяди. Мулоқотлар жараёнида шунга амин бўлдик-ки, уларнинг арзини эшитадиган кимса йўқ. Шу ўринда, ҳақли бир савол пайдо бўлади. Бу ерда ҳам депутатлар борми? Бор бўлса, нега халқнинг дардини тингламайди? Ўзи, депутатлар халқ билан ҳокимият ўртасидаги кўприк эмасми? Ўрни келса, катта-катта раҳбарлар, вазирлар, ҳокимлар халқ билан юзма-юз мулоқот ўтказиб, уларнинг муаммоларини тинглаяпти. Муаммолар ўз ечимини топаяпти. Нега ушбу ҳудуддан сайланган депутат паналаб, халқдан яшириниб юриши керак? Халқнинг дардини ким тинглайди?..

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Куйдиргидан эҳтиёт бўлинг

Куйдирги ўткир, шиддатли кечадиган юқумли касаллик бўлиб, қишлоқ хўжалик ҳайвонлари ва ёввойи ҳайвонларда ва одамларда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan