Бош саҳифа / Жамият / Лоқайдлик ва саводсизликнинг илдизи қаерда?

Лоқайдлик ва саводсизликнинг илдизи қаерда?

ёхуд Термиз давлат университетида қачон интизом ва тартиб ўрнатилади?

Яқин-яқинларгача Термиз давлат университети воҳадаги ягона олий ўқув юрти саналар эди. Ўтган йили вилоятимизда 2 та олий ўқув юртининг филиали очилганлиги қайсидир маънода аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини қондириш борасида амалий ишларнинг дебочаси бўлди. Бу даргоҳда бир вақтлар кўплаб дунё таниган ва тан олган олимлар, профессор ва академиклар фаолият юритган.

Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, университет ўтмиши ва тарихига назар ташласангиз, унинг мустаҳкам илдизларга эга эканлигига амин бўласиз.  Ҳукуматимиз томонидан университетда амалга оширилган кенг миқёсли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари “мана ман” деган хорижий олийгоҳлардан асло қолишмайди. Эндиликда  олийгоҳ замонавий моддий-техник базасига эга бўлди. Ўқийман, ишлайман, деганга барча шарт-шароит муҳайё этилган. Энди гап, сифат ва самарада.

Вилоят ҳокимининг режаси: “2017 йил декабрь ойида оммавий ахборот воситалари томонидан фаолияти танқидий ўрганиладиган ижтимоий соҳа объектлари” га асосан Термиз давлат университетида бўлиб, таълим жараёни билан танишдик.

Бугунги кунда педагогика факультетида бошланғич таълим методикаси, педагогика психологияси, мусиқа таълими ва тасвирий санъат, мактабгача таълим методикаси каби 4 та кафедра мавжуд. 70 нафар профессор-ўқитувчи, жумладан,  9 нафар фан номзоди фаолият юритади. Айни пайтда факультетда 830 ўринга эга 26 та аудитория бор. Дарс икки навбатда олиб борилади. 1152 нафар талабанинг 281 нафари ўғил болалар, 871 нафари қизлар. 270 нафари давлат гранти, 882 нафари тўлов-контракти асосида ўқийди. Умумий ҳисобда олиб қараганда, 300 нафар талаба университетда ётоқхона билан таъминланган. Қолган талабалар хусусий квартираларда туришади. Янги ўқув йилида 285 нафар талаба биринчи босқичга қабул қилинган.

Факультет декани хонасида бўлганимизда, (18. ХII. 2017 йил ҳолатига кўра), биринчи босқичдан 213 нафарига талабалик гувоҳномаси ва рейтинг дафтарчалари ёзилгани ҳолда, қолган 72 нафарига ҳалигача талабалик гувоҳномалари ва рейтинг дафтарчалари ёзилмаганлигига гувоҳ бўлдик.

Педагогика ва психология кафедрасининг 2017-2018 йилларга мўлжаллаб тузилган умумий ўрта таълим мактаблари билан ҳамкорлик фаолияти бўйича иш режаси номигагина ишлаб чиқилган. Иш режасида йили, ой ва санаси йўқ. Кафедра мудири Муслима Бозорова билан бўлган суҳбат жараёнида иш режасига кўра, тадбирлар ўтказилиши лозим бўлган Термиз шаҳридаги мактабларнинг рақами, жойлашган ўрни, директорларининг исми шарифларини сўраганимизда айтиб бера олмади. Тан олишича, ноябрь ва декабрь ойларида мактабларга бормаган ва тадбирлар уюштирмаган.

Социология фани ўқитувчиси Н. Ҳамраева 304-гуруҳга 2 та назорат иши олган, аммо саналарни қайд этмаган. Худди шундай, З. Амирқулова, Ҳ. Бердиевалар ҳам шундай жузъий камчиликларга йўл қўйган. 304-гуруҳ журналининг математика ўқитиш методикаси фани саҳифасида ўқитувчининг исми шарифи қайд этилмаган. Шу гуруҳнинг айрим талабаларидан ўтган мавзулар бўйича савол-жавоб қилганимизда қониқарли жавоб ололмадик. Икки нафар талаба дарс  да йўқ. Бири турмушга чиққанлиги, иккинчиси тоби йўқлиги учун келмаган.

Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси фани ўқитувчиси Лолабек Абдураҳимов 3-босқич, 311-гуруҳга дарс ўтаётган экан. Гарчи дарс охирлаб қолган бўлса-да, ўқитувчи дарс мавзусини доскага ёзмаган. Шунингдек, ўқитувчининг ўқув услубий мажмуаси йиғма жилдида кенгаш қарорининг рақами ва тасдиқлаш санаси қўйилмаган.

Мусиқа таълими йўналиши 409-гуруҳ журналини кўздан кечирганимизда талабалар томонидан кўплаб дарс қолдирилиши ҳолатларига дуч келдик.  Вокаль ижрочилиги йўналиши ўқитувчиси Улуғбек Очилов дарсга келмаган талабаларнинг исми шарифини айтиб бера олмади. Дарс яримлаб қолганлигига қарамасдан мавзу доскага ёзилмаган. Журнал муқоваси қўпорилган.

410-гуруҳ журналининг ички бетлари кўчиб қолган. Дирижёрлик фани ўқитувчиси Раъно Мардаева дарс жараёнида қайси ўқув қўлланмадан фойдаланишини сўраганимизда, жўяли жавоб беролмади. Ўқитувчининг  ўқув услубий мажмуасида ўша кунги  “Гўзал Тошкент” мавзуси мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Яъни, бевосита Мараим Жалиловнинг “Қўшиқлар хрестоматия си” 1-китобидан фойдаланган ҳолда дарс ўтаётганлиги аниқланди.

Аксарият аудиторияларда дарс жараёнида замонавий педагогик технологиялардан фойдаланилмаётганига гувоҳ бўлдик.

Мисол учун, факультет ёшлар иттифоқи етакчиси Дониёр Қўчқоров гарчи сентябрь ойида ушбу вазифага тайинланган бўлса-да, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун ҳамда ёшлар иттифоқи билан боғлиқ саволларимизга жавоб бера олмасдан сукут сақлаганлиги, раҳбарият номига ёзган тушунтириш хатидаги имло хатолари ва ҳуснихатини кўриб, ҳали у ўз устида кўп ишлаши кераклигини пайқадик. Иш режа ишлаб чиқилмаган. Аъзолар рўйхати шакллантирилмаган.

Факультетнинг Мактабгача таълим йўналишининг 1-босқич, 107-гуруҳ ҳамда 3-босқич, 306-гуруҳ талабаларидан олинган диктант натижалари бироз кўнгилни хижил қилади. Диктант матнида имловий, пунктуацион хатолар кўп учрайди. Талабаларнинг ҳуснихатида ҳарф элементларининг ифодаланишидаги “ўзига хослик”лар оқибатида, яъни тўлиқ ифодаланмаганлиги боис матннинг айрим ўринларида хатоликлар, тушунарсиз сўзларга йўл қўйилган. Айрим сўзлардаги қўпол хатоликларни кўриб, ҳайрон қоласиз. “Талаба” ўрнига “ўқувчи”, “Термез”, “Универстет”, “Приздент”, “Прензинди”, “Пиризиди”, “дэктант”, “вада”, “факултет”, “фармоиш”, “талоба”, “коммисия”, “интивелктивал”, “қадирият”, “мутолла”, “мутоола”, “тарғибод”, “маъданият”, “лавз”, Ҳофизда “Ҳ” ўрнига “Х” каби кўплаб хатоликлар учрайди. “Ҳ” билан “Х” ҳарфлари ўртасидаги хатоликлар нафақат биринчи балки, учинчи босқич талабалари томонидан ёзилган диктантда ҳам истаганча топилади. Олийгоҳда имконият, шароит етарли бўлсада, “талаба”, Термиз Президент сўзини ёзолмаган бўлғуси педагогдан яна нимани кутиш мумкин.

Мактабгача таълим йўналишининг 1-босқич, 107-гуруҳига психолог Айгул Абдураҳмонова маънавият соати ўтаётган экан. Илм-фан изланишни, ўз устида ишлашни тақозо этади. Ана шу ҳақиқатни унутган илм кишиси қаттиқ янглишади. А.Абдураҳмонова ўша кунги дарс учун конспектдан фойдаланмади. Аниқроғи, конспекти йўқ эди. У бу хатосини тўлдириш мақсадида дарс жараёнида ўз шогирди, талаба Шоҳиста Холлиеванинг “Мустақил иши” дан очиқчасига фойдалана қолди. Ахир шундоқ ёнгинасида шогирдининг “шпаргалка”си бўлса, ортиқча бош қотиришга на ҳожат! Хўш, ўқитувчи бундай ночор, масъулиятсиз бўлгач, талабани айтмаса ҳам бўлади.

Факультетдаги 1-курсларнинг аксарият журналлари декабрь ойининг 15-санасигача юритилмаганлигини қандай баҳолаш мумкин? 12 та гуруҳда шундай кечикиш сабаб журналлар юритилмаган. Вақтинча декан ўринбосари вазифасини бажарувчи Шокир Чориевнинг айтишича, 15 декабрь куни  12 та гуруҳга журналлар келтирилган экан.

— Ўз вақтида ўқув ишлари бўйича проректор ва бўлим бошлиқларига журналларнинг етишмаслиги масаласида билдирги берганмиз, — дейди Ш. Чориев.

3-босқич, 305-гуруҳ журналини кўздан кечирганимизда аксарият талабалар муттасил дарс қолдираётганига амин бўлдик. Журналларда “й” белгилари кўп учрайди.  Умуман, факультетдаги журнал юритилиши ҳолатида анча-мунча камчиликларни кузатиш мумкин. 19 декабрь куни учинчи жуфт  ликдан дарсга устозларнинг кечикиб келишининг сабабини сўраганимизда муҳтарам устозлар бу ҳолатни деканатнинг йиғилиши билан изоҳлашди. Билимга чанқоқ талабалар илм истаб, кўзлари тўрт бўлиб устозларини кутиб туришганда мажлисбозликка не ҳожат?

Мусиқа таълими йўналишидаги 409-гуруҳ, 4-босқич талабаларидан 7 нафари бира-тўла дарс қолдиришди. Талабаларнинг айтишича, уларнинг 5 нафари ҳеч қандай сабабсиз дарсга келмаган. Энг аянчлиси, бугунги кунда биргина мусиқий таълим йўналишининг ўзида 10 турдаги дарсликлар етишмайди.

Факультет декани М. Мирзаевнинг бизга берган маълумотида 138 нафар қиз турмушга чиққан. Шу туфайли бўлса керак, дарс қолдириш ҳолатлари кўпайиб бораётган эмиш. Қайсидир бир гуруҳнинг 1-босқич талабаси 3-фарзандини дунёга келтириш учун туғруқхонага тушган экан. Бугунги кунда факультет миқёсида оила қурган қизлар 11 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда. Бу қизлар учун дарсга келмаслик, имтиёзини бермайди. Биз турмуш қуришга, фарзанд кўришга қарши эмасмиз. Болани боғчага бериб ёки қайнонасига қолдириб, дарсга келиши, илм-фан сирларини эгаллаши лозим. Чунки, у эртага ўқитувчи бўлади, ёшларга сабоқ беради-ку?! Олий таълим даргоҳидаги шароит ҳақида энди ўзингиз хулоса қилаверинг. Тўғри 10-15 йилда йиғилиб қолган камчиликларни бир йилда бартараф этиб бўлмайди. Президентимиз университетдаги номақбул муҳит, раҳбариятнинг масъулиятсизлиги, илмий салоҳиятнинг пастлиги, кадрларни танлаш ва ўз ўрнига қўйишдаги  маҳаллийчилик, таниш-билишлик каби иллатларга барҳам бериш мақсадида Олий Мажлис депутати, иқтидорли олим Абдуқодир Тошқуловни ректор этиб тайинлади. Эндиги масала, раҳбар атрофида жипслашиб камчиликларни бартараф этиш учун олийгоҳ жамоаси бир ёқадан бош чиқариб, замон талаби даражасида ишлаши лозим. Ютуқ, имконият, эътибор ҳамжиҳатликда бўлади…

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan