Бош саҳифа / Жамият / Лоқайдлик — фаровонликка тўсиқ

Лоқайдлик — фаровонликка тўсиқ

Лоқайдликдан фаолликкача инсон маълум тўсиқларни енгиб ўтади. Буни ҳар ким ўзида синаб кўриши мумкин. Айтайлик, йўналишсиз таксида кетаётиб, кимдир уйида чироқ тез-тез ўчишидан гап очди. Иккинчи, учинчи одам ҳам бу гапни маъқуллади. Барчаси соҳадаги нопокликлар, давлат томонидан бундайларга чора кўрилмаётганини айтишди. Аммо, сиз жимсиз. Нега?

Сабаб давлат идорасида ишлаётганингиз учун эмас, бу ҳақида маълумотга эга эмаслигингиз учун.

Аниқроғи, электр токи узатувчи ускуна ва линиялар эскиргани, ток исроф бўлиши баланд экани, ҳукумат томонидан барча электр станциялари навбати билан таъмирланаётгани, ҳар йили соҳа ходимларидан қанчаси жиноий жавобгарликка тортилаётганидан бехабарсиз. Чунки бундай дастурлар билан танишмагансиз, газета ўқимагансиз. Айни пайтда дурустгина зиёли бўлсангиз-да йўналишсиз таксида ўтирган ўша одамлардан фарқингиз йўқ. Шу боис жимсиз. Нима учунлигини айтиш эса ўзингизга ҳавола. Ёки бу маълумотларни билиш учун йўлингизда тўсиқ борми?

Бир тадбиркорни биламан. Офисида ҳам кутубхонаси бор. Газеталарни қолдирмай ўқийди. Суҳбатлашиб, ҳузур қиласиз. Жамиятдаги ўзгаришлар моҳиятини эркин гапириб беради. Маданиятни, муомалани ўзлаштирган.

— Инсон ўзи яшаётган жамият ҳақида қанча кўп билса, атрофдагиларнинг ҳурматини шунча қозонади, иши ҳам олдинга кетади, — дейди у.

Баъзан анжуманларда мавзуга оид савол беринг, дея ўтирганларга мурожаат қилишса, негадир кўпчилик ҳамкасбларим ерга қарайди. Ёки соҳа ходимлариданми, иштирокчиларданми интервью беришини илтимос қилсам, кўпчилик ўзини олиб қочади. Чунки ушбу анжуманда кўрилган масала моҳиятини пухта ўзлаштирмаган. Бундайларда муносабат билидириш кўникмаси шаклланмаган. Ёки сайловгача бонг уриб, сайланиб бўлгач, на ҳудудий дастурдан, на уни сайлаган аҳолининг муаммосидан хабари йўқ депутатга ижтимоий фаол бўлиш учун нима халақит беради? Лоқайдлик эмасми?

Яқинда география фани ўқитувчиси билан суҳбатлашиб қолдим. Иқлим ўзгариши, айниқса, ер юзида исиш тенденциясини тушунтириб беришини сўрадим. Муаллим “Бу физикларнинг иши” деди. “Хорижда бу фан қандай ўтилади?” деган саволимга эса у “Мен ўзимизда чиққан дарслик асосида машғулот ўтаман, хорижники билан ишим йўқ”, деб жавоб берди. Яна ўша савол: ўз фанига оид етарли, айниқса, янги маълумотларни билмаган ўқитувчи зукко ўқувчига нима бера олади?

Ижтимоий фаоллик. Гоҳида бу иборани расмий қабул қиламиз. Ваҳоланки, барча алломалар бу ҳақда куйиниб гапиришган. Гап комиллик ҳақида бораётганини фаҳмлагандирсиз. Таълим-тарбияга ҳам баркамол авлод деган тушунча кириб келди. Комил инсонни тарбияловчининг ўзида ҳам комиллик бўлиши керак эмасми?

Ижтимоий фаоллик ишга ўз вақтида бориб келиш, мажлисларда қатнашишгина эмас. Энг аввало, уйда фарзандларга ибрат бўлишдир. Газета, китоб ўқимаган, дунёдан бехабар ота-она болаларига қай жиҳати билан ибрат бўлади?

Ижтимоий фаоллик, айниқса, зиёлилар ва раҳбарлар учун жуда зарур хислат. Минг афсуски, уларнинг айримлари уни ўзлаштира олмаяпти.

Яқинда раҳбарлардан бири «Мен ҳар ойда меҳнаткашлар қабулини маҳаллада ўтказаяпман», деб мақтаниб қолди. Нега у бу ишни ҳар ҳафтада қилмайди? Нега у бу ишни энди бошлади? Унинг асосий фаолияти аҳоли фикрини ўрганиш, хизмат савиясини талаб даражасига кўтариш-ку!

Ижтимоий фаоллик, энг аввало, масъулиятдир. Тадбир бўлиши муносабати билан мактаб ҳожатхонаси ва боғини тартибга келтирган директор бу ишни сал олдинроқ, ҳар куни қилиши кераклигини англамаса, уни ижтимоий фаол деб бўладими?

Лоқайдлик — ўзини қийнамаслик. Юқоридан топшириқ кутиб туриш. Шу сабабли айрим фуқаролар маҳалла, идора, туман миқёсида ҳал бўлиши мумкин бўлган арзимаган муаммо ечими учун юқори идораларга мурожаат қилиб овора-ю сарсон бўлишади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ҳамда жойларда ташкил этилган Халқ қабулхоналари бу борада ҳали кўп камчилигимиз борлигини бизга кўрсатиб қўйди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида айтилганидек, бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурган жойда маънавият ожиз нуқтага айланади. Муаллиф бунга қарши кураш воситаси ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур эканини бежиз таъкидламайди.

Хоҳлаймизми, йўқми, жамиятни ижтимоий фикр юксалтиради. Ўз маслаги, шахсий нуқтаи назарига эга фуқарогина умумижтимоий даражада фикрлай олади ва атрофида юз бераётган воқеаларга муносабатини эркин айта олади. Шундай экан, ким бўлишимиздан қатъий назар, ўзимиз ва юртдошларимиз тақдирига, шу- нингдек, ён-веримизда рўй бераётган муҳим жараёнларга бефарқ бўлмай, фаол иштирокчига айланайлик.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE