Бош саҳифа / Таълим / Латвия олий мактабининг Фарғона филиали

Латвия олий мактабининг Фарғона филиали

ёшларнинг эзгу мақсадларига қанот бўлади

Президентимиз ташаббуси билан юртимизда баркамол авлод орзуси йўлида кенг кўламли ҳаётбахш ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Таълим тизими, хусусан, олий таълим ривожига қаратилаётган юксак эътибор ва рағбат туфайли кейинги йилларда мамлакатимизда АҚШ, Италия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Россия, Сингапур сингари дунёнинг энг ривожланган давлатларининг олий ўқув юртлари филиаллари ташкил этилди.

Фарғона шаҳрида Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби филиали фаолият бошлагани юртимизда навқирон авлод вакилларига бўлган юксак эътиборнинг ёрқин намунаси бўлди.

Мазкур филиал давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 26 сентябрдаги “Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактабининг Фарғона шаҳридаги филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилди.

Фарғона давлат университетида иш бошлаган филиалда олти йўналишда бакалавр ва икки мутахассисликда магистрлар тайёрланади. Жорий ўқув йилида 125 нафар талаба қабул қилинди. Талабалар туризмда тадбиркорлик фаолияти ва уни бошқариш, меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш, ресторан хўжалигида тадбиркорлик фаолияти йўналишлари бўйича таълим олмоқда.

Олий мактабнинг илк талабалари Мадина Аъзамова, Ҳобилбек Раҳмонбердиевлар ўз қувончларини изҳор этиб, яратилган шарт-шароитлар ҳақида тўлқинланиб гапирдилар. Илк талабаларга олийгоҳнинг рамзий галстуклари тақилди ва эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби (ISMA) Президенти Роман Дьякон вилоятимиз раҳбарига икки халқ ўртасидаги муносабатларнинг ёрқин ифодаси сифатида қаҳрабо тошдан ясалган қимматбаҳо эсдалик совғасини топширди.

— Сайёҳлик агентликларида бугун туризм бўйича кадрларга эҳтиёж катта. Шу маънода Олий мактаб фаолияти ота-оналар қаторида бизни ҳам қувонтиради, — дейди хусусий сайёҳлик агентлиги директори Мирзажон Юсупов. — Бу ерда тажрибали мураббийларнинг фаолият кўрсатиши, Европанинг етакчи давлатларида ишлаш ва тажриба оширишга амалий ёрдам кўрсатилиши юртимизда соҳанинг янада тараққий этишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини эътиборга олган ҳолда, Олий мактаб томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурлар бўйича асосан инглиз тилида амалга оширилади. Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб юртимизда туризм тармоғини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш, туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳаларида амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ва бошқалар белгиланган.

Шерзод ҚОРАБОЕВ

олган сурат

Мадаминжон СОЛИЖОНОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

ТАНИШИНГ: “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”

Феруза Жаббарова, Термиз шаҳар 4-давлат ихтисослаштирилган мактаби интернати она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси ОЛИМ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan