Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Лафзи ҳалол бободеҳқоним

Лафзи ҳалол бободеҳқоним

Ватан юкини ҳамма ҳам кўтара олмайди. Тўғрисини айтсам, бу муқаддас юк ҳар кимнинг ҳам елкасига тушавермайди. Ўқитувчи ёшларга бераётган таълим тарбияси билан, ҳарбийлар жанговарлиги ва огоҳлиги билан, зиёлилар илму маърифати билан юртга,  халққа камарбаста бўладилар. Бу фидойиликни ҳеч нарсага менгзаб бўлмайди.

Минг бора шукурлар бўлсинким, бундай юртдошларимиз орамизда жудаям кўп. Қизириқ туманининг “Обод юрт”маҳалласида яшайдиган кўнгли очиқ, сермулоҳазали, серташвиш Бойсари Аъзамовни олтин одамлар тоифасига қўшгим келади. Қишлоқ хўжалик илмини манаман деган мутахассисдан кам билмайдиган, 1996 йилда “Чорвадор” фермер хўжалигини ташкил этиб, шу йиллар мобайнида ҳамиша  шартнома режасини ортиғи билан бажариб,  5 ўғил ва 2 нафар қизини деҳқончилик сирларидан воқиф этган Бойсари бобога чиндан ҳавасим келди.

Билишимча, режани бажариш бобонинг асосий мақсади эмас экан. Буни бурчим, вазифам деб биларкан, холос. “Обод юрт” маҳалласидагилар уни оддий қилиб,  Бойсари бобо дейишаркан. Бу танти инсон оиласи, фермер хўжалиги харажатларидан тежаб,  жамғариб қўйганлари ҳисобидан 30 миллиондан ортиқ пул сарфлаб Бойсун туманидаги Юқори Мачай қишлоғида дарё кўпригини таъмирлабди. Ундан кунига юзлаб одамлар бобони дуо қилиб ўтиб, қайтишаркан. 3 километр узунликда ариқ ковлаб, ўзи истиқомат қилаётган қишлоқ аҳлига сув келтиришга, қишлоқдошларининг томорқаларида экин-тикиннинг гуллаб яшнашига амалий ёрдам берибди. Йўллар қурган, боғу роғлар барпо этган бобо ҳудуддаги мактабга йил давомида ўнлаб қўй сўйиб тарқатаркан.

— Ҳозир  фермерлик соҳасида муаммо пайдо бўлса, давлатимиз дар- ҳол ечимини топиб беради. Бироқ иктисодий томондан тезда ижобий натижага эришиш ўзимизга ҳам боғлиқ, — дейди фермер. — 2014 йилда 38,5 миллион сўмга Польшадан олиб келган 5 бош наслдор  сигир  бугунги кунда 14 бошга етибди. 45 бош жайдари қорамол ҳам Польшаникидан қолишмайди. 500 дан зиёд қўй-эчки туёқ сонининг тобора ортиб боришига саховатпешалиги ва қўлиочиқлиги сабаб бўлса ажабмас. Бойсари бободек фермер хўжаликлари учун шийпон, уй қуриш, уч тўрт километр кўчани, маҳаллаларни обод қилиш, кўкаламзорлаштириш оддий тадбирдек туюлади.

Ҳар бир юмушнинг ўзига хос масъулияти, машаққати бор. Ерни сифатли шудгорлаш, текислаш, мелиорация тадбирлари, қолаверса, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, барча агротехник тадбирларни ўз вақтида, маромига етказиш мўл ҳосил гарови эканлигининг ҳадисини олган бобо комбайндан тортиб, тракторларгача олиб қўйган. 2та “Белорус”, 1та “Орион” трактори мавсумда  техникаси йўқ фермерларнинг 500 гектарлаб  ерини шудгорлар экан. Керилиб юрадиган фермерлар Бойсари бобонинг эшиги олдига келиб, ерларини ҳайдаб беришини илтимос қилиб ўтиришар экан. 40 центнердан ошириб ҳосилдорликка эришгани  учун 2013 йилда “Дамас”, 2014-2015 йилларда кетма-кет 2 та “Нексия” автомашинасини олишга эришган. 2016 йил ғалла ва пахта ҳосилдорлигини 52 центнердан оширганлиги учун имтиёзли равишда, “Каптива” автомобили олишган. Жорий йил режасини ҳам 198 фоизга уддалабди. Лекин ҳалиям далаларда пахталар чаман-чаман.

10 нафарга яқин ишчиларининг кўзларида қуёш порлайди. Уларнинг ҳар бири ойига 300 минг сўмдан ортиқ маош олиш билан бирга, ҳовлисидаги қорамолларни фермерга  тегишли бўлган дала атрофида боқишади. Полиз ва такрорий экин маҳсулотларидан эҳтиёжига яраша насибасини олишади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Бойсари бобо Ватан юкини елкасига олганлардан.

— “Ер билан тиллаша олмаган инсон эл билан ҳам тил топишолмайди, — дейди бобо. — Айниқса, қишлоқда бунинг аҳамияти катта. Бугун бундай фермерлардан батамом воз кечадиган пайт келди. —  Афсуски бугун ишни эплай олмаётган, шартнома режасини сурункали бажаролмаётганлар ҳам топилади. Уларнинг ўзларига инсоф берсин. Жазолаш, талаб қилиш мумкин. Бироқ ўзлари ҳаракатга келмаса қийин”.

Бойсари бобо 2014 йилда ўғли Орифга фермерликни топширди. “Отам фермерликни менга расман топширсада, ҳар бир ишимизни назорат қилиб турадилар”, — дейди Ориф Аъзамов.

Ориф Аъзамов раҳбарлигидаги хўжалик 2016 йилда ғалла топшириш шартнома режасини ортиғи билан бажариб, режадан ташқари яна 20 тоннага яқин дон олиб қолишди. Хўжаликнинг аксарият экин майдони насос орқали сув ичсада, даромадлари чакки эмас. Улар пахтачилик ва ғаллачиликдан ташқари чорвачилик билан ҳам жиддий шуғулланишмоқда.

Сир эмаски, фермер хўжалигида ишлаб, меҳнатига яраша ҳақ ололмаётган ишчилар у ёки бу идорага шикоят қилиб юришади. Бу ерда эса аксинча ёлланиб ишлаётган, катта фойда олаётганлар тобора кўпаймоқда. Бойсари Аъзамов бу борада шундай дейди:

— Мен 50 йилдан буёғига деҳқончилик билан шуғулланаман. Фермер сифатида иш бошлаганимда дастлаб қийинчиликларга дуч келдим. Техникамиз йўқ, ишчиларимизга меҳнат ҳақи беришга ҳам қийналардик. Ҳаммасига чидадик, керагича техника сотиб олдик. Мана ҳозир ишчиларимизга узлуксиз ойлик маош бериб бораяпмиз. Улар учун ҳар йили 50, 60 сотих ерга сабзавот ва полиз экамиз. Йилнинг ҳар тўрт фаслида ҳам ишчиларимиз иссиқ овқат билан таъминланади. Байрам, сайл, хайит кунлари мукофот ва совғалар берилади. Фермер ерга  оддий тирикчилик манбаи деб қарамаслиги зарур. Ер беҳисоб бойлик ва давлатнинг мулки ҳисобланади. Уни ардоқласанг умрингнинг охиригача сени сийлайди. Аввало ишни тўғри ташкил қила билиш лозим. Қўлингдаги пулни бир кунда ёки бир йилда сарфлаб совуриш жудаям ноўрин иш. Фермер пулсиз ҳеч нарсага эришолмайди. Касбим деҳқон бўлсада, фаолиятим билан боғлиқ ўнлаб китобларни ўқиб чиқдим. Ўрганганларимни дарҳол ишимга жорий этдим. Ўғилларимдан ҳам шуни талаб қилдим. Натижаси ёмон эмас.

Дарҳақиқат, фермер илмсиз бўлиши биз қураётган жамиятга мутлақо тўғри келмайди. Мамлакатимизда шундай теран фикрга, пухта режага, улкан орзу ниятларга эга фермерларнинг ортиб бораётганлиги келажакка бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлайди. Бойсари бобо мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ ўзини ўнглаган деҳқонлардандир. Ҳали улардан  янги авлод вакиллари етишиб чиқадики, ватан равнақига таянч бўлади. Умид қиламизки, бугун  Бойсари бободек фермерларнинг ютуқларидан фойдали хулосалар чиқарилади.

Далаларга кўзим тикиб размдаман,
Шеър ёзай деб тўлғонаман, назмдаман,
Бойсари бобо кетмонига таъзимдаман,
Даласида қайнар гўё ризқу рўзим,
О, деҳқоним, ўргилайин сендан ўзим!

 Райҳон РАҲИМОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мўл ҳосилга замин

Денов туманида агросаноат мажмуи ва уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE