Лабораторияда таҳлил қилинди

0
42

Газетамизнинг шу йил 4 апрель 28-сонида “Музработликларга Музработ керак ёки 12 йилдан буён ечимини кутаётган муаммо хусусида”  сарлавҳали танқидий-таҳлилий мақола чоп этилган эди. Мақолада кўтарилган муаммо ва камчиликлар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан атрофлича ўрганилиб, таҳририятимизга жавоб хати йўлланган.

“Сизнинг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ёзган 2018 йил 29 апрелдаги 58-сонли хатингизда кўтарилган масала юзасидан Сурхондарё вилояти мелиоратив экспедицияси мутахассислари томонидан ишчи гуруҳ тузилиб жойида атрофлича ўрганиб чиқилди.

Ўрганишлар натижасига кўра, Музработ туманидан оқиб ўтувчи Занг каналига, ВСТ коллектори сувининг бир қисми, сув танқислиги вужудга келган вақтларда суғориш учун қишлоқ хўжалиги экин майдонларига салбий таъсир этмаган ҳолда қуйилиши назарда тутилганлиги маълум бўлган.

Шунингдек, Занг каналига коллектор суви қўшилмасдан олдин сув намунаси олиниб “Аму-Сурхон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги мелиоратив экспедициясининг гидрохимлабораториясида таҳлил қилинганда сув таркибидаги туз миқдори 1,4 гр/лни, ўртача сув сарфи 17 м3/сек ни ташкил қилган.

Ўз навбатида, ВСТ коллекторидаги сувнинг туз миқдори 3,9 гр/л, ўртача сув сарфи 2,0 м3/сек ни ташкил қилиб, Занг канали сувига қўшилгандан кейин ёки Музработ туманига борадиган сув таркибидаги туз миқдори 1,66 гр/л ни, ўртача сув сарфи 19 м3/сек ни ташкил қилганлиги аниқланган.

Суғориш ишларига бериладиган сувнинг амалдаги меъёрга асосан таркибидаги туз миқдори 1,7-1,8 гр/л дан ошганда қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғоришда фойдаланиш мумкин эмаслиги белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Занг канали сувини қишлоқ хўжалиги экинлари ва ерларнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатмаслиги аниқланганлигини маълум қиламиз.

Ушбу мурожаатингизни ўрганиш юзасидан вазирлик томонидан берилган жавобдан қониқмаган тақдирингизда юқори идора ва ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз борлигини билдирамиз.

Ўрганишлар юзасидан тузилган далолатнома илова қилинади”.

Вазир ўринбосари
Р. МАМУТОВ

ТАҲРИРИЯТДАН:

дарҳақиқат, Занг каналида сув кўп бўлганда қўшиладиган шўр сув миқдори пасаяди. Лекин ҳар доим Занг  каналидан 19 м3/сек сув  оқмайди. Куз ва қиш ойларида каналда ширин сув миқдори озаяди. Ҳудудда яшовчи аҳоли ва мутахассисларнинг гувоҳлик беришича, ширин сув озайган ёки қишлоқ хўжалигида эҳтиёж бўлмай Занг канали қуритилган пайтда 2,3 м3 ўта шўр сув Занг каналга келиб қуйилаверади. Шундай ҳолатда шўр сувни беркитишнинг иложи йўқ, сабаби, зовур олди бетон дамба қилинган. Ҳеч бўлмаганда, шундай пайтларда шўр сувнинг каналга оқишига йўл қўймай, олдини тўсиб (темир дарвоза ўрнатилган) дамбани очиб, Қорасув дарёсига қуйиб юбориш керак.

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг