Бош саҳифа / Сиёсат / Кўзбўямачилик кимга керак? – МУАММОЛИ ОЧЕРК

Кўзбўямачилик кимга керак? – МУАММОЛИ ОЧЕРК

Маълумки, аҳолини, айниқса, ёшларни  иш билан таъминлаш давлат сиёсатининг ажралмас қисми ва бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Ўзбекистон ХДП дастурий мақсадларининг бири ҳам аҳоли бандлигини таъминлашдан иборатдир.

Шу маънода жорий йилнинг май- июнь ойларида ЎзХДП амалий ҳаракат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари туман кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан “Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг эгаллаган мутахассисликларига асосан ишга жойлаштиришнинг аҳволи тўғрисида”ги  масала юзасидан назорат-таҳлил ўтказилди.

Аёнки, мамлакатимизда жорий этилган 12 (9+3) йиллик мажбурий таълим тизими тараққиётнинг маълум босқичида ўзига юклатилган вазифаларни бажарди. Аммо ҳозирги замон иқтисодиётининг шиддат  билан ривожланиши шароитида унга қўйилаётган талаблардан келиб чиққан ҳолда, таълим тизимида маълум ўзгартиришлар киритишни тақозо этмоқда. Яъни, ўқувчи-ёшларнинг барчасини ҳам 3 йил давомида касб-ҳунар коллежларида мажбурий ўқитиш кутилган самарани бермаяпти. Президентимиз Шавкат Мирзиёев  Тошкент шаҳрининг Учтепа туманига ташрифи чоғи таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, умумий таълим мактабларида 10-11 синфларни ташкил қилиш ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирди.

Ҳақиқатдан ҳам касб-ҳунар коллежлари ташкил этилганидан бери бу масканларда ҳукумат томонидан ёшлар учун ҳамма қулайликлар яратилди. Қайси хонага кирманг, ўқув ва амалиёт хоналари кенг, шинам бўлиб, ҳар бирида камида бир-бир ярим миллион сўмлик жиҳозлар, ўқув ва кўргазмали қуроллар, компьютер технологиялари билан таъминланганига шоҳид бўласиз. Энг тажрибали педагоглар, ишлаб чиқариш таълими усталари касб-ҳунар коллежларига жалб қилинди. Бироқ давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, натижа кўнгилдагидек бўлмаяпти. Хусусан, 9-синф битирувчилари болаликдан ўсмирликка ўтиш даврида ўрганган жамоасидан ажралиб турли ҳудудлардан келган турли характердаги ўқувчилардан шаклланган жамоага  мослашиши қийин кечмоқда. Боз устига ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг тарқоқ жойлашганлиги сабабли ўқувчиларнинг аксарияти таълим муассасаларига бориб келиш учун ҳар куни 25-30 километр масофани босиб ўтишига тўғри келмоқда. Бу эса об-ҳаво ноқулай келган куз-қиш мавсумида ўқувчиларнинг машғулотларга мунтазам келмаслиги туфайли давоматнинг доимий тўлиқ бўлмаслигига олиб келаётганди. Бу масала юзасидан ЎзХДП Жарқўр- ғон туман партия гуруҳи аъзолари 2014-2015 ўқув йилида тумандаги мавжуд 9 та касб-ҳунар коллежида ўқувчиларнинг маш- ғулотларга келиш давомати бўйича ўтказилган мониторинг натижалари таҳлил қилиниб, давоматнинг мудом 70-85 фоиз бўлганлиги аниқланган ва ўқув муассасалари раҳбарлари зиммасига таълим-тарбияни яхшилаш ҳисобига ўқувчиларнинг машғулотларга юз фоиз қатнашини таъминлаш вазифаси юклатилганди. Аммо билдирилган таклифларга қарамай касб-ҳунар коллежларида давомат тўлиқ бўлган эмас.

Бу йил Жарқўрғондаги 9 та касб-ҳунар коллежини 3331 нафар ўғил-қиз турли йўналишлар бўйича битирди. Эътироф этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 февралдаги йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида туманда бир талай ишлар қилинган. Хусусан, битирувчилар амалиёт ўташлари ва ишга жойлашиши учун 1 278 та корхона, ташкилот, муассаса билан тўрт томонлама шартномалар тузилган. Қоғозларга қарасангиз ҳаммаси рисоладагидай, гўёки барча битирувчи юз фоиз ишли бўлгандай. Аслида-чи?

“Фермер ака” ШАРТНОМАГА МУҲР БОСИБ БЕРИНГ!

Партия гуруҳи аъзолари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлашиши ҳар бир коллеж мисолида битирувчиларнинг 10 фоизи меҳнат шартномаси ва банк дан олган кредити ўрганилди. Мисол учун, 2016-2017 ўқув йилида Жарқўрғон қурилиш ва гидротехника касб-ҳунар коллежининг “Умумий  қурилиш ишлари устаси”, “Қурилиш-пардозлаш ишлари устаси”, “Дурадгорлик ва пол ётқизиш ишлари устаси”, “Қурилиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича техник-технолог”, “Автомобил йўллари, кўприк транспорт иншоотлари ва аэродромларини қуриш, фойдаланиш ва таъмирлаш техниги”, “Тикув ва трикотаж буюмларини ишлаб чиқариш техник-технологи” каби ўн йўналиш бўйича 447 нафар ўғил-қиз битирди. Уларнинг тўрт томонлама тузилган шартномаси таҳлил қилинганда ўз мутахассислиги қолиб, асосан фермер хўжаликлари билан шартнома тузишгани ойдинлашди.

Энг ачинарли ҳолатга Какайди транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежида гувоҳ бўлдик. Ушбу ўқув муассасаси аслида ёшларни алоқа ва транспорт соҳаси учун ҳунарли қилиб тайёрлайди. Коллеж маъмурияти ҳам, туман раҳбарлари ҳам, корхона, ташкилот мутасаддилари ҳам битирувчиларнинг эгаллаган касб-ҳунари бўйича ишга жойлашишига панжа орасидан қарашган. Акс ҳолда 257 нафар  битирувчининг 231 нафари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги фермер хўжаликлари билан тўрт томонлама шартнома тузмаган бўларди. Тумандаги Саноат, Иқтисодиёт, Ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ҳам асосий қисми эгаллаган касб-ҳунари бошқа бўлсада, фермер хўжаликлари билан тўрт томонлама  шартнома тузганига ҳам кўз юмиб ўтиш мумкиндир, аммо Жарқўрғон Спорт коллежини битирган 188 нафар ўғил-қизнинг асосий қисми фермернинг даласида ишлайман, деб тўрт томонлама шартнома тузгани сира кечирилмас ҳол эмасми?

Тасаввур қилинг, ёшларга қайсидир спорт ўйинлари сирларини ўргатиши шарт бўлган ва уч йил умрини сарфлаб, мураббийликка ўқиган мутахассис далада кетмон чопадими?  Ҳатто, бир фермер хўжалиги раҳбарининг шу қадар бағри кенг эканки, Спорт коллежининг бир йўла ўн нафар битирувчиси шартномасига муҳр босиб берган.

Айтайлик, битирувчиларнинг 20 фоизи олий ўқув юртида ўқисин, 10-15 фоизи тадбиркорлик билан шуғуллансин. Қолгани нима иш қилади, қаерга боради?

Бизнинг бу сўзларимизга ишонқирамаслигингиз мумкиндир, бироқ далиллар ўжар, ундан қочиб бўлмайди. Масалан, Жарқўрғон қурилиш ва гидротехника касб-ҳунар коллежининг икки нафар, Спорт коллежининг жами 6 нафар талабаси “Улуғбек” фермер хўжалиги билан шартнома тузишган. Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи кутубхоначилик йўналишини битирган Роҳила Бўронова, Маҳзуна Эргашева, Ирода Бобомуродова, молиячи йўналишини тугатган Севара Қаршиева, Муҳаммад Махсимқулов, Матлуба Абдурасулова, Рамазон Жўраев, Азиза Рўзиева, Қутлуғнигор Хушбоқова, Алибек Кўчкелдиевлар “Обод юрт даласи”, “Сурхон минг чинор узумзор боғи”, “Ташаббус Сурхон”, “Нур-Файз Сурхон Барака”, “Акбарбек Ўринов узумзори” фермер хўжаликлари билан, Саноат касб-ҳунар коллежи “Нефть ва газга кимёвий ишлов бериш техник-технологи” йўналишини битирган Жасурбек Панжиев “Халқ банки” туман филиали билан, шу коллеж битирувчилари Муҳиддин Ўролов, Элмурод Эшбеков, Акбар Абдумуродов, Беҳруз Бобоназаров, Нуриддин Абдураимов, Жўрабек Тангиров, Анвар Тўраев, Абдулфайз Эргашевлар “Оқтепа қўрғони”, “Шодлик Гулшан келажаги”, “Хушбоқ бобо”, Спорт коллежи мураббийлик йўналишини тамомлаган Бобур Маматов “Омадли балиқ”, Ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи компьютер йўналиши битирувчилари Ботир Алиев, Фахриддин Тожиев, Исломбек Умиров, Шокир Яқубов, Лобар Боболова, Муҳаммад Умиров, Исломбек Абдуназаров, Абдулфайз Норбоев, Раъно Чориева, Маҳлиё Абдумуротова, Фахриддин Маматмўминов, Нигина Қодирова, Азамат Файзуллаев, Рўзихол Тоштемирова, Шоира Умирова, Мавжуда Абсаломова, Шаҳзод Ўроқбоевлар “Асадбек обод Сурхон”, “Обод Сурхон файз”, “Аброрбек Асилбек” фермер хўжаликлари билан шартнома тузганлар. Ваҳоланки, муҳр босиб берган фермер хўжаликларида ишчи олишга эҳтиёж йўқ, аъзолари етарли.

“Сиздан угина, биздан бугина”

Кишини ўйлантирадиган жиҳат шуки, фермер хўжаликлари билан шартнома тузган ёш йигит-қизларнинг ҳаммаси ғаллазорда, пахтазорда ишлаётганига ким кафолат бера олади? Бас шундай экан, шартномалар фақат номигагина тузилган, деган хулосага келасан, киши. Бундай хулосага келишимизга бошқа асослар ҳам бор. Аёнки, ишга жойлаштириш тартиби фақат муҳр босиб беришдан иборат эмас. Меҳнат қонунчилигига кўра, ишга кирувчи билан иш берувчи ўртасида шартнома тузилган кундан эътиборан ишчига меҳнат дафтарчаси ҳамда шахсий жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси очилиши шарт. Қани айтсин-чи, қайси фермер шундай тартибда битирувчини ишга қабул қилган?

Хўш, шартномалар нега номигагина тузилган? Бунинг тартиби шундай: Коллеж раҳбарлари битирувчига тўрт томонлама шартномага муҳр бостириб келмасанг, дипломинг берилмайди, деган шарт қўяди. Табиийки, битирувчи бирор ташкилот ёки корхонага борса, гарчанд у шу муассасада амалиёт ўтаган бўлса ҳам, ҳеч ким муҳр босиб бермайди. Сабаби — муҳрни босган ташкилотнинг раҳбари, ҳисобчиси ҳуқуқий жиҳатдан келгусида битирувчини иш билан таъминлаши шарт. Кейин битирувчи нима қилади? Чора излайди.

Муҳр босиб беришдан энг қўрқмайдигани, энг сахий киши бу — фермер хўжалиги раҳбари. Фермер хўжалиги раҳбарининг довюраклик, ботирлик билан шартномага муҳр босиб беришининг икки жиҳати бор. Компьютер билан ишлашни билган битирувчи далага келиб кетмон чопмаслигини фермер жуда яхши билади. Боз устига меҳнат дафтарчаси очмаган. Бу биринчи жиҳати. Фермерни ҳимоя қиладиган иккинчи жиҳати шуки, биров келиб: “Нега битирувчининг шартномасига муҳр босиб бергансизу, у далангизда кўринмайди”, деб сўраб қолса, фермер: “Мана, менинг далам кенг, марҳамат, келиб ишласин, иш топиб бераман, деб шартнома тузганман, битирувчи хоҳламаса нима бўйнига ип солиб келтиришим керакми?”, дея силлиққина ўзини оқлайди, қўяди.

Албатта, фермер хўжалигининг танти раҳбари ёнига “Шарт номамга муҳр босиб беринг”, деб битирувчининг ўзи боролмайди. Ў отасини, ё онасини, ё акасини қишлоқдош ёки таниш фермернинг олдига юборади. Ота, она ёхуд ака фермерга: “Ошна, шугина қоғозга муҳр босиб беринг, тартиб шундай экан, биз сиздан иш сўрамаймиз”, деб фермер хўжалиги раҳбаридан муҳр бостириб олади. Қарабсизки иш “беш”.

Битирувчининг кейинги таҚдирини ким Ўйлайди?

Бир фермер хўжалигига 25-30 нафар битирувчи аъзо. Аслида-чи?

Коллеж директорининг касбий таълим бўйича ўринбосари шогирдининг “уддабурон”лигидан оғзи қулоғида, муҳр босилган шартноманинг бир нусхасини дарров ўз папкасига тикади, иккинчисини касб-ҳунар таълими бошқармасига, учинчисини ҳокимиятга жўнатади-да, тоғни эндиргандай бўлиб ўтираверади. Битирувчининг кейинги тақдири эса ҳеч кимни қизиқтирмайди. Бу жараённинг барчаси бир-биримизни алдашдан, кўзбўямачиликдан, ёлғон маълумот беришдан бошқа нарса эмас. Худди шу кўзбўямачилигу алдашларимизни ёш йигит ёки қиз кўриб, билиб турибди. Келажакда у ёлғон гапирмайди, кўзбўямачиликка йўл қўймайди, деб кафолат бера оламизми?

Ҳамма битирувчи  Ҳам кредит ололмаяпти. Нега?

Битирувчиларга имтиёзли кредит ажратишдаги чигалликлар ҳам бир талай. Биринчи Президентимиз И. Каримовнинг 2010 йил 28 июлдаги “Таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  фармонида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган, манфаатли лойиҳаларни тақдим этган, шу орқали ўз бизнесини очиб, янги иш ўринлари яратиш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни хоҳловчи касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига молиявий муассасалар имтиёзли кредитлар ажратиши белгиланган. Бу имтиёздан фойдаланиш мақсадида Қурилиш ва гидротехника касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг 117 нафари кредит олиш мақсадида банкларга ариза билан мурожаат қилгани ҳолда 2017 йил 20 июнь ҳолатида тўққиз нафарига кредит ажратилган, холос. Какайди транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг 59 нафари банкка ариза топширгани ҳолда атиги олти нафарига 39 миллион сўм, Маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг 79 нафари ариза топширгани ҳолда бор-йўғи тўққиз нафарига 31,5 миллион сўм, Саноат касб-ҳунар коллежининг битирувчиларидан 136 нафари банкларга ўз лойиҳа ва  аризасини тақдим этгани ҳолда 79 нафарига 293 миллион сўм кредит берилган. Бошқа коллежлар битирувчиларининг банклардан кредит олиш бўйича топширган аризаси ҳанузгача юз фоиз қаноатлантирилган эмас. Боз устига ажратилган кредитларнинг мақсадли ва мақсадсиз фойдаланилаётгани юзасидан тўлиқ назорат ўрнатилмаганига доир камчиликлар мавжудлиги аниқланган.

Умуман олганда таҳлиллар натижаси шуни кўрсатадики, Жарқўрғон туманидаги корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарларининг касб-ҳунар коллежлари битирувчилари билан тузган тўрт томонлама шартномалари асосий қисми фақат амалиёт ўташ учун тузилгани ва корхоналар ҳолати ўрганилганда коллеж битирувчиларига шартномада кўрсатилган реал иш ўринларини яратиб бериш имкониятига эга эмас.

Алишер МАМАТМУРОДОВ,
ЎзХДП Жарқўрғон туман Кенгаши раиси, халқ
депутатлари туман
Кенгаши депутати
Усмонали НОРМАТОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Мухбир изоҳи: Айтиш керакки, мақолада баён этилган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашдаги кўзбўямачиликлару ёлғон маълумотлар фақат Жарқўрғон туманида рўё берган ва рўй бераётган ҳолат эмас. Бошқа туманларда ҳам аҳвол шундай. Энг ачинарлиси, бу ҳолат касб-ҳунар коллежлари фаолият бошлаган 2008 йилдан буён то ҳозиргача давом этиб келди. Токи янги иш ўринлари кўпайтирилмас экан, ёшлар ишсизлик муаммоси билан тўқнашаверади.
Кўтарилган масала илдизига чуқурроқ ёндашсак, ҳаммасига касб-ҳунар коллежлари сабабчидай бўлиб қолаяпти: “Ўшларни ҳунарли қилдиларингу лекин иш топиб бермаяпсизлар, ўқувчиларнинг  кейинги тақдирини ўйламаяпсизлар” дегандек коллеж раҳбарлари, касбий таълим усталаридан ўпкалаяпмиз. Аслида касб-ҳунар коллежидагилар ҳукумат топшириғини бажаришди. Мактаб партасидан келган ёшларнинг кўзини очишди, имкон қадар ҳунар ўргатишди. Касби, ҳунари бўйича ишлаши, келажакдаги тақдирини ҳал этиши ўзига, қолаверса, ташкилот, корхона, муассасаларда иш борлигига боғлиқ.

Юртбошимиз Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида ота-оналар билан ўтказилган учрашувда 9-синф битирувчиларини  ўз хоҳишига кўра, умумтаълим мактабларида ўқишни давом эттиришга оид таклифидан кейин 2017-2018 ўқув йилида умумтаълим мактабларида яна 10-,11-синфлар жорий этилмоқда.
Вилоят халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра, 2016- 2017 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 9-синфини битирган ўғил-қизларнинг 70 фоизи 10-,11-синфларда ўқишни давом эттириш истагида мактабларга қайтаётир. Хўш, 9-синфни битирган ўғил-қиз кўз очиб юмгунча 10-11-синфни ҳам тамомлайди. Келинг, ўрта мактаб битирувчиларининг 20 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирсин, 10-15 фоизи тадбиркорлик билан шуғуллансин. Қолгани нима иш қилади?
Бу ҳақда ҳозирдан ўйламоғимиз лозим.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ ҚАРОРИ

Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов округлари сони тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE