Бош саҳифа / Таълим / Кутубхона – маънавият маскани

Кутубхона – маънавият маскани

Китоб ва китобхонлик, ҳақида гап кетганда, буюк файласуф, мутафаккирларнинг фикрлари ёдимга тушади. Жумладан, жаҳон мумтоз адабиётининг ёрқин сиймоси, умумбашарий шоир Жалолиддин Румий ҳазратлари китобни мўъжизага ўхшатади “Мўъжиза эмасдур фалакда офтоб, мўьжиза аслида беминнат китоб”, дейди у.

Дарҳақиқат, китоб сирли хазина ва мўъжизанинг ўзидир. Шу сабабли ҳам бугунги кунда китоб мутолааси кенг авж олиб, ривожланиб бормоқда. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев китоб мутолааси ҳақида бир қанча қарор, фармойишлар қабул қилди. У кишининг 5 та муҳим ташаббуси ҳам китобларнинг кўпайишига сабаб бўлди. Авваллари кутубхоналар гавжум эмас эди, уларга кишилар зарурат юзасидангина ташриф буюришар, кутубхоналар эса эски китоблар билан тўла эди. Ҳозирги кунда китобхонларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, кутубхоналардаги китоблар фонди аста-секин янгиланиб бормоқда, бу эса кутубхона ходимлари ишининг янада кўпайишига олиб келмоқда.

2019 йил 7 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши ходимларимиз зиммасига улкан масъулият юклади. Қарорда аҳолига хизмат кўрсатишда ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини ривожлантириш мақсадида норматив ҳуқуқий базани такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш (шу жумладан, пулли хизмат кўрсатиш) тезкорлиги ва самарадорлигини ошириш учун электрон китоблар тарқатишга ихтисослашган интернет-ресурслар билан ҳамкорликни кенгайтириш, аҳолининг тарихимизга ва миллий маданиятимизга қизиқишини, мутолаа маданиятини ошириш ва янги китобларни тарғиб қилиш, ахборот-кутубхона муассасаларини малакали мутахассислар билан таъминлаш вазифаларини белгилаб берди. Энг муҳими, 21 май кутубхоначилар куни этиб белгиланди. Қарордан келиб чиқиб, шаҳар ва туманларда замонавий талабларга жавоб берадиган, техник базаси мустаҳкам, малакали, тажрибали ходимлар билан таъминланган ахборот-кутубхона марказларининг ташкил этилиши ёш, баркамол авлодни билимли, теран фикрли қилиб тарбиялашда муҳим ўринни эгаллайди. Чунки ҳар бир инсон ким бўлишидан қатъий назар, ҳеч бўлмаганда, умри давомида 10-20 та китоб ўқиш учун кутубхонага ташриф буюриб, мутолаа қилади. Мактабда, уйда, коллежда, олий ўқув юртига киришдан олдин дарсликларни, болалигида эртакларни ўқиган. Ўзбек халқ достонлари ва эртакларини билмаган, ўқимаган китобхон бўлмаса керак. Бундан кўриниб турибдики, ҳозирги кунда китоб мутолаа қилиш, яқинларга китоб совға қилиш анъанага айланиб бормоқда.

Ушбу қарорда туман ва шаҳарларда 186 та ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилиши кўзда тутилган. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, улар вилоят, туман ва шаҳарларда булиб, ташкил этилаётган ахборот-кутубхона марказлари ишини ўрганиб, уларга тавсиялар бериб келмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, мутахассис Темур Базарбаев, агентликнинг вилоят ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Шерали Алиқулов, вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Маъруф Абдушукуров, кутубхона ишлари бўйича директор ўринбосари Мехринисо Маматқуловалар туманларимиз марказларида янги ташкил этилаётган ахборот-кутубхона марказларини ўрганиб чиқишди. Туман ҳокимликлари томонидан кутубхоналарга ажратилган жойлар кўрилди, улар ҳар томонлама қулай эканлиги таъкидланди.

 Нон – инсонларнинг яшамоғи учун керак бўлса, китоб – эса нондан кейинги буюк неъмат ва маънавий озуқа манбаидир. Шу сабабли ҳам кексалар: “Китоб ўқиган одамдан ёмонлик чиқмайди”, дейдилар. Биз воҳамиз аҳлига кутубхона хизмати кўрсатишни яхшилаш бўйича барча чораларни кўраяпмиз.

Маъруф АБДУШУКУРОВ,
Адиб Собир Термизий номидаги вилоят
ахборот-кутубхона маркази директори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Олий таълимга эътибор

Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва туб бурилишлар амалга оширилаётган даврда ёшларнинг танлаган касби бўйича етук мутахассис …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE