Бош саҳифа / Жамият / Кутилмаган туҳфа

Кутилмаган туҳфа

Аслида Шоира Жўраеванинг рақс санъатига бўлган қизиқиши болаликдан бошланган. Отаси Шониёз Жўраев муҳандис бўлса-да, санъатни севар, қизининг шу соҳада ўқишини истарди.

Шоирани Тошкент маданият оқартув техникумига ўқишга олиб борган ҳам айнан отаси эди. Дастлаб мактаб саҳнасида, кейинчалик туман, вилоят миқёсидаги тадбирлардаги Шоиранинг иштироки ҳаётини санъат билан боғлашига катта туртки берди. Пойтахтдаги таҳсилни тамомлагач, иш фаолиятини вилоят мусиқали драма театрида бошлади. Катта санъат даргоҳида бир муддат тажриба ўрганди. Сўнгра Термиз тумани “Дўстлик” жамоа хўжалигида ташкил этилган «Гўзал» ансамблида балетмейстер сифатида ишини давом эттирди. Шу зайл Термиз тумани “Дўстлик” ширкат хўжалигида балетмейстер, туман “Қалдирғоч” болалар дастасида рақс ўқитувчиси, 31-мактабгача таълим муассасасида мусиқа тарбиячиси бўлиб фаолият юритди. 2006 йилдан буён вилоят мусиқали драма театрида бош балетмейстер сифатида меҳнат қилмоқда.

Ш.Жўраева ички ва ташқи актёрлик техникаси билан ҳамоҳанг равишда ажойиб ва бадиий юксак рақс образлари яратиб келаётган истеъдодли мутахассисдир. Спектакллардаги мусиқий саҳналарда тайёрланган рақслар ҳам ўзига хос жозиба касб этади. Қолаверса, байрамлар муносабати билан ташкил этиладиган оммавий, маданий-маърифий тадбирларда балетмейстерлик қилиб, ўзининг ижодий маҳоратини намоён этиб келмоқда.

Шоира Жўраева театр саҳнасида рақсларни саҳналаштириш билан биргаликда ранг-баранг ролларни ҳам ижро этаётган актёр ҳамдир. У “Уч кунлик дунё” спектаклида келин, “Жаннат излаб”да алданган қиз, “Сеҳргар саховати”да Баҳорой, “Ғолиб шаҳзода” ва “Сеҳрли ҳасса”да Қорқиз, “Кўҳна ўрмон ғаройиботлари”да она Табиат, “Қайсар чолнинг қилиғи”да марсиячи қиз, “Аёл ҳақида қасида”да янга, “Шоҳ ва шоир”да Чўлпонмулкхоним, “Зиё қалъаси”да Жория ва бошқа бир қатор ролларни ижро этиб, томошабинлар қалбидан чуқур жой олган.

Ш.Жўраева театр жамоаси билан биргаликда Тошкент шаҳрида ўтказилган “Сени куйлаймиз, замондош!” II республика театрлар кўрик-фестивалида, “Баҳор нафаси”, “Бойсун баҳори”, халқаро мақом санъати фестивалларида мусиқали спектаклларни намойиш этиб, кўпчилик мутахассислар ва томошабинлар эътирофига сазовор бўлди.

Президентимиз фармонига кўра, Шоира Жўраева 8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

— Мен учун бу кутилмаган воқеа бўлди, — дейди Ш. Жўраева. — Арзимаган хизматларим юксак баҳоланганидан хурсандман. Шубҳасиз, бу мукофот мени катта ижодий ишларга илҳомлантиради. Келгусида янги рақс саҳналарини яратиб, тажрибаларимни ёш балетмейстерларга ҳам ўргатишга тайёрман.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan