Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Кўп тармоқлилар мингдан ошди

Кўп тармоқлилар мингдан ошди

Ғўза ва бошоқли экинлар майдонларини қисқартириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, фермер хўжаликлари тасарруфидаги далалардан самарали фойдаланиш, замин соҳибларининг даромадини  кўпайтириб, манфаатдорлигини ошириш, элимизни арзон, табиий ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш 2017-2021 йилларда мамлакатни тараққий эттиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида алоҳида қайд этилган.

Бугун воҳа қишлоқ хўжалиги тараққиёти йўлида 9346 та фермер хўжалиги аъзолари меҳнат қилишаяпти. Уларнинг асосий  қисми пахтачилик ва ғаллачилик билан шуғулланаётган бўлса, 2318 та боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари аъзолари халқимиз дастурхонини боғ ноз-неъматларига тўлдириш йўлида илғор тажрибаларни кенг жорий этишаяпти. Элликка яқин фермерлик жамоалари далаларида етиштирилаётган сабзавот маҳсулотлари, ерёнғоқ, дуккакли экинлар ҳосилининг халқимиз эҳтиёжидан орт ган қисми экспорт қилинаяпти.

Айтиш керакки, воҳада фермерлик ҳаракати бошланган дастлабки йилларда  деҳқонларимиз асосан пахта, ғалла етиштириш билан машғул бўлган бўлса, бугунги кунга келиб воҳадаги фермер хўжаликларининг бир қисми  бошқа соҳаларни ривожлантиришга ҳам катта эътибор беришаётир. Ҳозирда воҳадаги 1,1 мингта  фермер хўжалиги кўп тармоқли ҳисобланади. Улар тасарруфидаги заминда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари  етиштириш баробарида фермерлик жамоаси қошида маҳсулотларни қайта  ишлаш корхонаси барпо этиб, сервис  хизматларини ташкил қилишган. Масалан, Музработ туманидаги тажрибали деҳқон Жамшид Холбўтаев бошлиқ “Рамазонов Темурмалик” фермер хўжалиги аъзолари ҳар йили пахта, ғалла, шоли етиштиришаяпти. Бу йил, айниқса, шоли ҳосили мўл бўлди. 18 гектар майдонда шолининг серҳосил навини эккан деҳқонлар давлатга топширилганидан ташқари 40 тонна ҳосилга эга бўлишди.

Шолини оқлаш учун фермер тегирмон изламайди. Чунки, хўжаликнинг ихчам қайта  ишлаш корхонаси мавжуд. Бу корхонада тегирмон ҳақи эвазига аҳолининг ва қўшни фермер хўжаликларининг  шолиси ҳам оқланаяпти. Денов туманидаги “Меҳнат фаровон ҳаёт”  фермер хўжалигида ҳам тадбиркор фермер Абдусамат Норбоев саъй-ҳаракати билан бошоқли экинларнинг донидан балиқчилик ва товуқчиликка мўлжалланган омухта ем тайёрлайдиган кичик корхона ташкил қилинган.

Қисқаси, кўп тармоқли фермерлик жамоалари мамлакатимиз иқтисодига қўшимча сармоялар билан ҳисса қўшиш баробарида аҳоли бандлигини ҳам таъминлашаяпти.

Н.УСМОНОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Бир ўлкаки… тупроғида олтин гуллайди

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович гўзал воҳамизга ташрифлари чоғида “Янгиобод инвест сервис” хусусий корхонасига бориб, у …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan