Кўнгил китоб истаганда…

0
68

Китоб — кўнгил маёғи. У  чинакам  дўст, ибрат мактаби.

Дунёда китоблар кўп. Инсон умри дунёнинг бор китоблари билан танишиб   чиқишга  етмайди. Шундай бўлса-да, ҳар бир киши имкон даражасида ўз табиатига, вақтига, кайфиятига хос китобларни мутолаа  қилади. Китоб ҳақида гап кетаркан, ҳар бир китобхоннинг ўқиганлари ичида  хоҳ у бадиий, илмий, тарихий бўлсин, кўнгилга яқин китоби бўлади.

   Сурхон воҳасининг умидли, иқтидорли, аллақачон ўз истеъдоди ва меҳнати билан кўпчиликка ўрнак бўлиб улгурган, ютуқларга эришган ёшларидан бир нечтасига “Сиз севиб ўқийдиган китоб қайси?”, деган  савол билан  мурожаат  қилдик.

Мафтуна АЗИЗОВА, “Шуҳрат” медали соҳиби, “Ҳунарманд” уюшмасининг Бойсун тумани бўлими аъзоси, гиламдўз:

— Вақт топдим дегунча бадиий, тарихий асарларни севиб ўқийман. Ёзувчи Тоҳир Маликнинг «Одамийлик мулки» ва бошқа  асарлари юрагимга яқин. Бу каби китобларни ўқир экансиз, ўзингизнинг қалбингизда ҳам улуғ бир китоб пайдо бўлади.

 

Сардор АЛИМОВ, Навоий номидаги давлат стипендияси совриндори, Ўзбекистон миллий университети магистранти:

— Дунёда яхши адабиётлар жуда кўп. Бу асарлар ҳақида соатлаб, кунлаб гапириш мумкин. Улар орасида Марсель Брионнинг “Буюк Темур”,  Александр Дюманинг «Иф қалъасининг маҳбуси» асарларини ҳар доим севиб ўқийман. Мен улардан энг оғир дақиқаларда ҳам инсон ҳаётга реал қараши,  оптимист бўлиши кераклигини ўрганаман. Чунки доим инсон ўз кучи ва иродасига, яратган ато  этган тақдирига ишониши, сабр-тоқат билан ҳаёт учун курашмоғи керак, деб ҳисоблайман.

 

Манзура САЙФУТДИНОВА, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори.

— Ҳар бир инсоннинг ўзи севган, юрагига яқин олган китоби бўлади. Шу китоб унинг учун қадрли дўст, уни қайта ва қайта ўқиш дўстинг билан қайта кўришганинг каби қувончли бўлаверади. Кўнглимдаги китоб — Усмон Азимнинг  «Фонус»и. Унда ўзбек шеърияти   кенг ва ранг-баранг ёритилган. Мен китобдаги ҳар бир ўхшатиш ва ташбеҳлардан илҳом оламан. Ҳаётий ўгитларидан хулоса чиқараман.

 

Сарвар ТЎРАЕВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг