Бош саҳифа / Адабиёт / Кўнгил – энг ноёб хазина

Кўнгил – энг ноёб хазина

Агар инсон онгги, тафаккури, хаёлот дунёсини қоғозга муҳрловчи белгилар — ҳарф ва битик бўлмаганда эди, ҳаёт нурсиз ва мазмунсиз бўларди.

Башариятнинг барча маънавий бойлиги битик ва қоғоз орқали асрдан асрга ўтиб, авлодлар камолоти ва келажагини белгилашда муҳим манба ҳамда таянч вазифасини ўтаб келаётир. Мен узоқ йиллардан буён ижодини кузатиб келаётган шерободлик Тоҳир Маматқулнинг болаларча содда қалбидан, бир қўлтиқ китобларидан бошқа бисоти, бойлиги йўқлигини билсамда, ундан кўра ғанироқ, ҳотамроқ, дарёдилроқ, ошиқ кўнгил инсонни кўрмаганимга ҳам ишончим комил.

Кўнгил аталмиш ҳадсиз, ададсиз қаҳкашонга қўниб ўтган ҳаяжонларни, таҳайюл суратларини, лаҳзалик рангларни, истак ва тилакларини қоғозга муҳрлашни шараф деб билади. У битикларини таъма, эътироф илинжида битмайди, таъна, дашномдан қўрқмайди.

Менинг ишқим
киприкларим орасида,
Муҳаббатим кўзларингнинг
қорасида,—

деб бежиз хитоб қилмайди.

Шоирнинг яқинда чоп этилган уч юз саҳифадан иборат “Сурхондарё ҳақида қўшиқ” номли китобини ўқиб, Тоҳир акани шеъриятнинг шайдодил, ҳақиқий деҳқони дегим келди. Ҳақиқатдан ҳам бу Сурхон ҳақидаги ўзига хос қўшиқ! Бу олтмиш беш ёшни қаршилаган шоирнинг шеърият шайдолари олдидаги залворли ҳисоботи ҳамдир.

Филология фанлари номзоди Н. Йўлдошев сўз боши ёзган ушбу шеърий китоб “Сурхон-нашр”да атиги 200 нусхада чоп этилгани ҳафсаламни пир қилди. Бир неча шеърий тўпламлари билан мухлислар эътиборини қозонган шоирнинг янги китобини ўқиганлар янада теранроқ ва мухтасарроқ фикр билдирар, деган умиддаман.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Рамазон илҳомлари

Ўн саккиз минг олам сарвари Сен сан, Жамики кўзларнинг гавҳари Сен сан, Нега нил бузилди …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan