“Кумуш тола” жаҳонга чиқди

0
49

Ипак тобора экспортбоп маҳсулотга айланиб бормоқда. Аллақачон Хитой, Эрон каби давлатларга экспорт қилинаяпти. Ўзбек “кумуш тола”си Европа давлатларига ҳам кириб бора бошлади. Хусусан, Австрия, Словакия ҳамда Италия билан шартнома имзоланганлиги гапимизнинг исботидир.

Шунинг учун ҳам ўтган йилдан бошлаб мамлакатимизда пилла қуртидан бир мавсумда уч марта ҳосил олиш  технологияси йўлга қўйилди. Бу эса иқтисодиётнинг юксалишига хизмат қилади, деб бемалол айта оламиз. Вилоят миқёсида 1400 тонна пилла экспорт қилиниши режалаштирилган бўлиб, бу жараёнда туман пиллакорларининг ҳам ҳиссаси бор.  Қумқўрғон тумани пиллакорлари йилда  уч марта пилла етиштиришни мақсад қилган. Биринчи ҳосилдан режа бўйича 193 тонна пилла топширилган. Бундан руҳланган пиллакорлар иккинчи боқишда 400 қути пилла қуртини қарийб бир ой давомида тумандаги учта қуртхонада ҳамда хонадонларда парваришлаб,  давлатга сифатли “кумуш тола” топшираяпти. Ҳар қути ипак қуртидан 40-45 килограммгача пилла топширишмоқда.

— Бир килограмм пилланинг нархи 20 минг сўм, — дейди Қумқўрғон туман “Агропилла” бош  агрономи Кумусгул Жанабаева. —  Ипак қуртини парваришлаш мақсадида жорий йил 250 нафар хотин-қиз мавсумий ишга жалб қилинди.  Ва уларга меҳнат дафтарчаси очилиб, иш стажи белгиланадиган бўлди. Бу эса аёллар учун қулайлик яратади. Мавсумда уч бор пилла етиштиргани ҳисобига бир йиллик иш стажи ёзилади.

Пилла қурти парваришида  ҳам махсус дасталардан фойдаланилиб, тут барги ҳам юлма тарзда берилди. Бу эса тут баргини тежашга жуда қўл келади. Иссиқда барглар қуриб қолмаслиги учун бу мавсумда ипак қуртига барг солингандан сўнг махсус тешикчалари бор клёнкалар ёпиб парваришлангани натижа бераяпти.

—     Бир неча йилдан бери ипак қурти парваришлайман,  — дейди пиллакор Мавлуда Қурбонова. —  Бу ҳам рўзғоримга фойда, ҳам уйда бўш ўтирмасдан иш билан банд бўлишимни таъминлади. Мавсумда иккинчи бор бир қути ипак қуртидан 45 килограмм пилла топширдим.

Туман пиллакорлари ипак қуртини боқишга шижоат билан киришгани кўриниб турибди. Улар  август ойида учинчи марта ипак қуртини парваришлаш учун  ҳозирдан тайёргарликни бошлаб юборишган.

Адолат МЎМИНОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг