Бош саҳифа / Жамият / Кўксимизда ғурур, кўзимизда чўғ…

Кўксимизда ғурур, кўзимизда чўғ…

“Ватан” сўзининг руҳи бор. Бутун вужудимиз шу сўзнинг товушларидан жаранг олаётгандек, шу азиз тупроқнинг илиқ тафти юрак-юрагимизга кираётгандек, туюлади менга.

Айниқса, бу сўз “Ўзбекистон” номи билан боғланиб, “Истиқлол” сўзига туташса борми, у янада кучлироқ кўриниш касб этади.

Куни кеча Термиз шаҳридаги “Санъат саройи” амфитеатрида бўлиб ўтган Мустақиллигимизнинг 27 йиллик тўй-тантанасида воҳадошларимизнинг кўзидаги чўғ, кўксидаги ғурур ана шу муборак сўзлар тафти, ҳарорати, тинчлик таъмининг ажиб нашидаси туфайли ўт олганига гувоҳ бўлдим.

Барча соҳа илғорлари, нуронийлар, ёшлар ва қўшни давлатлардан келган меҳмонлар иштирок этган байрамда бахшиларнинг қалбга яқин термалари, эл суйган санъаткорларнинг ажо- йиб куй-қўшиқлари бутун воҳа бўйлаб таралди. Ўз юртининг катта тўйида қатнашишдек бахтдан масрур, меҳнаткаш, юрагида ўти бор воҳаликлар уларга жўр бўлишиб, рақсга тушишди. Айниқса, Ўзбекистон халқ артистлари Маҳмуд Намозов, Зулайҳо Бойхонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист лар Ҳосила Раҳимова, Сайёра Қозиева, Алишер Файз, шунингдек, Ҳилола Ҳамидова сингари хонандаларнинг чиқишлари байрам тадбирига ўзгача шукуҳ бағишлади.

Ранг-баранг чироқлар, бири-биридан чиройли гуллар билан безатилган байрам саҳнасининг маҳобати бу йил ҳар йилгидан бошқачароқ кўриниш касб этди. Ҳатто, саҳнадагиларнинг дид билан танланган либослари, спортчилар, ҳарбийларнинг чиқишлари барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Инсон интилишлари, орзу-мақсадлари билан ўзи яшаётган макону заминнинг, жамиятнинг бир қисмига айлана боради. Биз ҳам юртдаги ободлик, тараққиёт одимларини кўриб, улардан ғурурландик, шу тариқа истиқлолнинг бир бўлагига айландик.

Вақт югурик. Ҳозир 27 кўринишида нурланган рақам билан бақамти турибмиз. Ҳали 28, 30, борингки, 50, 100 йиллик истиқлол шодиёналари келади юртимизга. Унинг баландлиги, унинг бойлигини тасаввур этишнинг ўзи одамни нечоғлик улканлаштириб юборади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE