Бош саҳифа / Жамият / Кўклам шодиёналари

Кўклам шодиёналари

Сурхон воҳасининг энг сўлим гўшаларидан бири бўлмиш Бойсун нафақат таниқли ижодкорларию санъаткорлари, балки гўзал ва фусункор табиати билан ҳам бошқа туманлардан ажралиб туради.

Баҳор ўз сепини кенг далалар, қиру адирлар, осмонўпар тоғ ён бағирлари-ю унгурларга ёйган яшиллик, қирмизи ранги билан безаган қизғалдоқлар борлиққа бир бутун гўзаллик бахш этгандек.

Икки кун мобайнида бутун дунё эътибори тоғли Бойсун туманининг Паданг қишлоғига қаратилди, десак муболаға бўлмайди. Чет эл ҳамда вилоятлардан ташриф буюрган меҳмонлар халқ амалий санъати намуналаридан баҳра олиб, дорбозлар, фольклор-этнографик жамоаларнинг чиқишларига гувоҳ бўлишди. Паданг яйловлари узра садафдай тизилган қора уйлар, адир бўйлаб уюштирилаётган халқ ўйинлари гарчи ёмғир ёғиши натижасида ноқулайлик туғдирган бўлса-да, ташриф буюрувчиларнинг диққат-эътиборини жалб қилди. Икки кун мобайнида давом этган халқ сайиллари оила аъзолари, дўсту ёрлари билан ташриф буюрган воҳадошларимиз ҳамда меҳмонларга кўтаринки кайфият улашди.

— Бизнинг “Чинор” фольклор-этнографик жамоамиз 1985 йилда ташкил топган. 20 кишидан иборат. “Бойсун баҳори” фестивалига жуда катта тайёргарлик билан келганмиз. Ушбу байрамда дастуримиздан жой олган “Йил боши”, “Тушов кесди”, “Қантар овди”, “Мошпоя”, “Бўшама”, “Найзангул”, “Жаҳлуҳо” каби 20 га яқин халқ қўшиқларини куйлашни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бу борада санъатимиз гултожи бўлган Раҳмон Муҳаммадиев, Ёрқин Қобилов, Насиба Кенгашева, Дилором Исомова сингари жамоа аъзолари ўз санъатларини намойиш этишмоқда,– дейди Самарқанд вилоят Пайариқ туман маданият уйи қошида ташкил этилган “Чинор” фольклор-этнографик жамоаси сардори Эрали Қиличев.

Дарҳақиқат, бугунги кунда ушбу жамоанинг репертуаридан 50 зиёд қўшиқлар жой олган. Балки ушбу санъаткорлар катта-катта ютуқларга, мукофотларга сазовор бўлишмагандир, аммо уларнинг йўриғида таъма, шахсий манфаатдорлик деган тушунчага ўрин йўқ. Энг муҳими, уларнинг ҳар бири ўз санъатини севади, ардоқлайди. Шунинг билан фахрланади. Инчунун, улар саҳнага, эл олдига ёруғ юз билан чиқадилар. Халқнинг олқиши-ю, эътирофи улар учун энг улкан мукофот, десак тўғрироқ бўлади.

Барчага шоду хуррамлик улашган, элни сайилга чорлаган ушбу байрам гўзал тоғ бағрида бўлиб ўтганлиги билан ҳам ёдда қолди. Тинч элга байрамлар ярашади, деганлари бежиз эмас. Байрам ва шодиёналар юртимизда бардавом бўлсин!

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE