Бош саҳифа / Жамият / Кўклам йўлидаги Хужанқо

Кўклам йўлидаги Хужанқо

Хўжанқо зиёратига узоқ йиллардан буён боришни ният қилардим. Хизмат баҳонасида шу томонларга йўлимиз тушди. Шеробод тумани марказидан 45 км узоқликда жойлашган Ғуржак қишлоғига енгил автомобилда етиб келдик.

Февраль ойида ёққан сўнгги қор тоғ ён бағрида ажиб манзара ҳосил қилган.  Атрофда дарахт танасига тинмай тумшуғини ураётган қизилиштон ва  сойликда эриётган қор  ва булоқ сувларининг шилдироқ  овозидан бўлак ҳеч нарса эшитилмайди.

­— Э, мана бу митти сариқ гуллар нима, — сўрайди таажжубланиб сафардошларимиздан бири.

­­— Билмайсизми, бу ахир бойчечакку!

— Ана, холос. Демак, кўклам яқин экан-да!

Ҳамроҳларимиз ҳаяжони ва ҳайратини яшира олишмади. Жуда вақтида келибмиз. Улар эндигина зулмат қаъридан ёруғликка чиқишибди. Кимдир бойчечак ҳақидаги ҳалқ қўшиғини ҳам ёдга олди. Бойчечакни фақат китоблардагина кўрган ёхуд эшитганлар тағин ҳам лол эдилар.

Зиёратгоҳ шундоққина “Сурхон” давлат қўриқхонасига туташ адирликда жойлашган. Йўл бўйи қадимий арчалар худди меҳмонга тавозе кўрсатаётгандек саф тортиб туришибди. Ундан таралаётган бўй кишини маст қилади, гўё. Анча вақтдан бери тоғ сафарига чиқмаган ҳамроҳларимиз бир ярим чақирим йўлда ҳам ҳоришди. Тўхтаб-тўхтаб юришди. Узоқдан тепаликдаги қадамжо кўзга ташланади. Яқин борамиз. Оёғимиз остидаги қорда қандайдир ҳайвон изларини кўрамиз. Йўл бошловчи шу қишлоқлик Зафар Абуловдан сўраймиз, бу ниманинг излари?

— Бўри, жондорнинг излари. Емак илинжида тоғдан тушиб келган. Бу жойларда кийик, морхур, тоғ қўйлари, қоплон, айиқ, тулки, суғур, жайра ва илонларнинг кўп турлари бор.

Маълум бўлишича, биз турган жойларда Ўзбекистон “Қизил китоби”даги  кўплаб доривор ўсимликлар, қушларнинг ҳам ноёб турлари мавжуд экан. Кўпдан кўришга ошиққан манзилимизга етиб келдик. Атрофи омонатгина сим тўрлар билан ўралган Хўжанқо зиёратгоҳи қаршисидамиз. Ёнида ўсган дарахт- га зиёратчилар хилма-хил рангдаги матоларни боғлашган. Ичкаридаги устунларда ҳам шунга гувоҳ бўлдик. Ўтганлар ҳақига дуолар қилдик. Зиёратгоҳ қишлоқ аҳли томонидан анча йиллар аввал қурилган экан. Аммо, кучли ёғингарчиликларга бардоши йўқдай кўринди. Том қисми ҳам таъмирталаб. Ғуржакликлар бу гўшанинг обод бўлишидан умидворлар.

Дарвоқе, Хўжанқо зиёратгоҳи вилоятимиздаги бир неча ана шундай қадамжолар билан боғлиқ деган қарашлар бор. Булар Хўжамайхона, Хўжаипок, Хўжапирях, Хўжабаркўҳ, Хўжаиқора (баъзан Хўжамқора ҳам дейишади), Хўжаилғор ва қишлоққа кираверишимизда кўрганимиз Хўжаулкан манзилгоҳларидир. Ривоятларга кўра, булар яқин оға-инилар бўлишган. Эл орасида “Жон (фарзанд) тиласанг, Хўжанқо ота, мол тиласанг, Хўжаулкан ота” деган нақллар юради. Бунга қишлоқ одамлари ва бу ерга келувчи юртдошларимиз ҳам инонишади. Ортга қайтарканмиз, тоғлар ва жамики гиёҳларнинг “баҳорда келинг, гўзалликни шунда кўрасиз”, деган хитобларини эшитгандек бўлдик. Насиб этса.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Муаммолар ечим топди

Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Микрокредитбанк” томонидан ташкил этилган сайёр қабул ўз муаммоларини ечиш истагида бўлган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE