Кўкатлар – саломатлик посбони

0
22

Бозорларимиз расталарида нафақат пишиқчилик пайтида, ҳатто қишда ҳам топилмайдиган ноз-неъмат йўқ. Айниқса, кўкатларни барча фаслларда ҳам севиб истеъмол қиламиз.

Биз истеъмол қиладиган кўкатларнинг турлари кўп. Шунингдек, уларнинг ҳар бири ўзига хос фойдали хусусиятларга эга. Мисол учун, кўк пиёз ўзида кўп миқдорда азот моддалари, қанд ва витаминлар сақлайди. Шунингдек, унда эфир мойи, аскорбин кислотаси, А, В1, В2 каби витаминларининг борлиги иштаҳани очиб, кўзни равшан қилади. Кашнич ва шивит энг кўп истеъмол қилинадиган кўкатлар сирасига киради. Улардаги органик кислоталар, витаминлар, аскарбин кислотаси суюқ овқатлар ва гўштли таомларни хуштаъм қилади. Ибн Сино кашнич уруғини тиббиётда ошқозон-ичак, бош оғриғи касалликларида даво сифатида қўллаган ва ел ҳайдовчи восита тарзида ишлатган. Шунингдек, у жигар ва ўт қопи хасталикларида ўт ҳайдовчи, яралар битишини тезлатувчи, балғам кўчирувчи, гижжаларни туширувчи хусусиятларга эгалиги учун шифобахшдир.

Шивит баргларида эса витамин С, А, В, В2, РР, каротин, флованоидлар, минерал тузлар мавжуд бўлиб, ундан тайёрланган дамламалар ҳазмни енгиллаштиради, иштаҳани яхшилаб, қорин дам бўлишидан сақлайди. Шивит пешоб ҳайдаш ва она сутини кўпайтириш, модда алмашинув жараёнини яхшилаш, суяк тўқималарини мустаҳкамлаш, қонни кислород билан бойитиш хусусиятига эга. У қулоқ оғриғига фойда қилади. Бундан ташқари, кашнич ҳамда шивит уруғларидан эфир мойи олинади ва ундан косметик воситалар ишлаб чиқариш ва совун пишириш саноатида ишлатилади.

Ҳовлисида райҳон экилмаган ўзбек хонадони кам бўлса керак. Чунки у нафақат хушбўйлиги билан, балки дармондориларга бойлиги билан ҳам қимматли ҳисобланади. Райҳон барглари дамламаси гастрит, колит, кўк йўталга қарши восита сифатида, невроз ва бош оғриғида, бронхиал астмада, ичак ва жигар билан боғлиқ касалликларда фойда қилади. Шунингдек, қорин дам бўлиши, қон босими пасайганда, буйрак ва қовуқ шамоллашини даволашда кенг қўлланилади. Тумов, ангина ва стоматитда райҳон барглари дамламаси билан оғиз ғарғара қилиб чайилади.

Умуман, кўкатлар халқимиз дастурхонини янада тўкин қилиш билан бирга саломатликнинг ҳақиқий посбони десак, муболаға бўлмайди. Шу боис, улар ҳар доим салат ва овқатлар билан бирга истеъмол қилинса, фойдадан холи бўлмайди.

Зумрад АБДУРАИМОВА,
Термиз шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси
умумий амалиёт шифокори

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг