Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Кўчат тайёрлаш ҳам санъат

Кўчат тайёрлаш ҳам санъат

Бугунги кунда истеъмол қилаётганимизқишлоқ хўжалик маҳсулотларининг таъми, мазаси бошқача. Масалан, карамни олайлик. Тошдай қаттиқ, қозонга солиб соатлаб қайнатсангиз ҳам пишиши қийинХом ҳолатича салат қилсангиз ҳам  хушхўр, сувли эмас. Шу боис айрим ошхоналарда тайёрланаётган борш таомидан маза тотмайсиз.

Авваллари далаларимизда етиштириладиган “Астрахан” ва бошқа навли карамлар юмшоқ бўларди, хом ҳолатида ҳам тановул қилсангиз ҳиди, хушхўрлиги, ширинлиги, таъми оғзингизда қоларди. Помидорларни айтмайсизми — пишганида сиқсангиз  ҳар биридан ярим пиёла шарбат чиқарди. Охирги йилларда Голландия ва бошқа давлатлардан келтирилаётган сабзавот экинларини экаяпмиз. Ҳосилдор, лекин қуёшли далаларимизда ҳам мевасининг таъми ўзгармаяпти, тошдай қаттиқ. Ўзимизнинг маҳаллий, жайдари, помидор, карам, бодринг ва бошқа зироатларнинг уруғчилиги билан шуғулланмай қўйганимиз боис, ушбу зироатларнинг уруғи тобора ноёб бўлиб бораяпти. Ҳаммамиз далаларимизга хориждан келтирилаётган сабзавот уруғларини қиммат бўлса ҳам харид қилиб экаяпмизу, расмаки помидор, бодринг,  карам уруғларини кўпайтиришни унутмаяпмиз.

Яхшиям мевали боғларимизда тажрибали боғбонларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига маҳаллий ўрик, анжир, шафтоли, олма, қароли, гилос, олча, беҳи, хурмо сингари мевали дарахтлар кўчати кўпайтирилмоқда. Шу сабаб сифатли, табиий тоза, сархил мева-чева бозорларимиз расталарини безаб турибди. Бозордан олма оламизу уни ким етиштирганини сира ўйлаб кўрмаймиз. Сап-сариқ, қип-қизил олмаю хурмо, гилос, шафтоли боғбоннинг меҳнати билан бунёд бўлган, деб қўя қоламиз.  Ҳар қандай меванинг асл ижодкори кўчатчилик билан шуғулланадиган миришкорлардир. Кўчат бўлмаса, ерга сифатли кўчат қадалмаса, боғбоннинг меҳнати рўёбга чиқмайди. Ҳар қандай миришкор, тажрибали боғбону соҳибкор ҳам кўчат тайёрлайдиган шахслардан сифатли, пайвандланган кўчатни харид қилиб, боғ-роғ яратади. Боғбонман, деганнинг ҳаммаси ҳам кўчат етиштира олмайди. Мевали дарахтлар кўчатларини ўстириш ва тайёрлаш ҳам аслида тубсиз илм. Машаққатларига чидаган   киши мевали кўчат тайёрлайди. Шуни алоҳида қайд этмоқ жоизки, кўчат етиштириш майда ҳам илм талаб қиладиган иш. Унинг ташвишига ҳамма ҳам чидай олмайди. Сабрли, қаноатли, чидамли, илмли кишиларгина мевали дарахт кўчатини ўстирадилар.

Термиз туманидаги “Солиобод” маҳалласида яшовчи Рашид Валламов вилоятдаги таниқли кўчатчи боғбонлардан бири. У томор- қаси ва деҳқон хўжалиги кўчатхонасида ўрикнинг “Жовпазак”, “Кормовой”, “Зубайдуллахон” ва “Хасаки” навлари кўчатини етиштириб келаяпти. У ўрикнинг асосан уруғидан кўкарган тез ўсувчи уруғ кўчатларга пайванд қилиб кўпайтиради. Пайвандлаш жараёнида ишбилармон боғбон турфа навларни алоҳида-алоҳида тартиб билан жойлаштиради. Об-ҳаво шароитини ҳисобга олиб, асосан август-сентябрь ойларида барча кўчатларни пайвандлаб тугатади. Уруғ кўчатларни илдиз бўғзи ердан  3-5 сантиметр кўтарилганда пайванд қилинади. Бу хил тажрибада кўчат тез тутади, илдиз бўғзида чириш касаллиги камаяди.

Иккинчи йили эрта баҳорда кўчатзорда уруғ кўчатнинг юқори қисми қирқилади, суғориш, ўғитлаш ва касалликларга қарши кураш тадбирларини бажаради. Кўчатчи Р. Валламов бутун диққат-эътиборини пайвандланган куртакка қаратади. Чунки пайвандланган кўзнинг дуркун ўсиб ривожланиши бўлажак мевали кўчатнинг сифатини таъминлайди. Боғбоннинг ҳар йили тайёрлаётган кўчатларининг асосий қисми биринчи синфга мансуб бўлиб, бир қисми республикамизнинг бошқа вилоятларига сотилмоқда. У мевали кўчатлари стандарт талабларига мос бўлиши учун баҳор, ёз ойларида  кўчатзорда агротехник тадбирлар ва пайвандлашни амалга оширишда академик М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти олим ва мутахассислари билан ҳамкорлик қилиб келаяпти. Қисқаси, ана шундай жонкуярларнинг баракали меҳнати туфайли сифатли ва мўл ҳосил берадиган пайвандланган мевали дарахтлар кўпаймоқда.

Шу ўринда мевали дарахтлар, хусусан ўрик кўчатини тайёрлаш бўйича тавсияларимизни айтиб ўтмоқчимиз:

Ўрик эрта гуллайдиган ва меваси эрта пишадиган дарахт. Мевасидан баргак, қайса ва туршак каби қуритилган сифатли маҳсулотлар тайёрланади. Вилоятнинг тупроқ иқлим шароити ўрик етиштириш учун жуда қулай. Айтиш керакки, ўрикни кўпайтириш билан шуғулланадиган ҳар бир фермер хўжалигининг оналик боғи, кўпайтирилаётган ҳар бир навнинг оналик дарахти бўлиши шарт. Пайванд қилиш учун зарур қаламчалар ана шу оналик дарахтлардан олинади. Кўчатзор учун бир оз нишабли, текис, унумдор ҳамда сувга яқин қулай ер танланади. Кўчатчиликда пайвандтаг танлаш муҳим. Чунки пайвандтаг мевали дарахтнинг ўсиши, тез ҳосилга кириши, мунтазам ҳосил бериши, ҳосилдорлиги юқори бўлиши ва мева сифатига таъсир кўрсатади. Ўрик учун асосий пайвандтаг маҳаллий навларнинг ниҳоллари ҳисобланади. Улар тез униб чиқади ва ривожланади.

Кўчатзорга экиш учун данаклар ўрикнинг кеч пишар оналик уруғли дарахтларнинг пишган меваларидан олинади. Экишгача данаклар қуруқ, ҳаво яхши алмашадиган хоналарда қоп ёки ёғоч яшикларда сақланади. Данакларнинг тиним даври 90-100 кун. Данаклар етилиб пишиши учун дарёнинг қуритилган қумига аралаштирилиб, 10 даражагача бўлган ҳароратда стратификация қилинади.

Бир гектар кўчатзорга 30 сантиметр чуқурликда 25-30 тонна чириган гўнг ва 90 килограмм фосфорли, 30 килограмм калийли ўғит солиниб, юмшатилади. Ўрик данаклари кўчатзорга 70-90 х8-10 сантиметр схемада, тупроқнинг механик таркибига қараб 4-6 сантиметр чуқурликда экилади. Суғориш эгатлар бўйича ҳар 10-12 кунда амалга оширилади. Қатор оралари 12 сантиметр чуқурликда 5-6 марта юмшатилади. Ўсув даврида кўчатзорнинг биринчи даласига ниҳолларнинг бўйи 10-12 сантиметрга етганда биринчи марта гектар ҳисобига 150-200 килограмм азотли ўғит солинади, иккинчи марта пайвандлашга 40 кун қолганда озиқлантирилади.

Ўрик пайвандтагнинг диаметри 10-12 миллиметр бўлганда, июль охири — август бошида пайванд қилинади. Пайвандтагнинг илдиз бўғзи очилиб, нам латта билан тозаланади ва пичоқ билан “Т” ҳарфи шаклида кесилади ҳамда пўстлоқ пичоқ тилчаси билан очилади. Пайванд қилинаётган нав қаламчасидан узунлиги 2-2,5 сантиметр келадиган бир куртакли қобиқ кесиб олинади ва пайвандтагнинг пўстлоғи ичига жойлаштирилади. Пайвандланган жой матолар билан ўраб боғланади.

Куртаклар тез кўкариши учун шира ҳаракати бошлангунча боғ қайчи билан пайванд қилинган куртак устидан 30 даража қияликда пайвандтаг танаси қирқиб ташланади. Ёз давомида кўчатзорнинг иккинчи даласи 8-12 марта суғорилади ва азотли ўғит билан озиқлантирилади. Пайванд қилинган куртаклар ўсиб чиққан новданинг бўйи 70-80 сантиметрга етганда шакл берилади.

Ковлаб олинган кўчатлар икки гуруҳга бўлинади: илдизи механик шикастланмаган, касалланмаган, 35 сантиметрдан паст бўлмаган, 3-4 та асосий шохи узунлиги 50 сантиметрдан кам бўлмаган кўчатлар биринчи гуруҳга мансуб. Илдизининг узунлиги 25 сантиметр, шох-шаббаси узунлиги 35-40 сантиметр  ва камида иккита асосий шохдан иборат бўлган кўчатлар иккинчи гуруҳга мансуб.

Н. АБДУРАҲИМОВ,
Е. ДОРОХОВА,
Ш. АҲМЕДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

СОТИХИДАН БИР ТОННАГАЧА

Уй-жойи, томорқаси бор, тоғни урса толқон қиладиган йигитларнинг оиламни  боқаман, деган баҳона билан  хорижий мамлакатларда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan