Бош саҳифа / Жамият / Кўчат экиш савоби

Кўчат экиш савоби

Анас ибн Молик розий
аллоҳу анҳу Расулуллоҳ
саллолоҳу ва салламдан
ривоят қилади: “Агар бир
муслим банда кўчат ўтқазса
ёки экин экса, ундан
қушми, инсонми ёки
ҳайвонми еса, бунинг учун
унга садақа (қилганлик савоби) бўлади”.

 (Муслим ривояти)

Ҳалол ризқ талаб қилиш диннинг бир бўлагидир. Деҳқончлик орқали ҳалол касб қилиш туфайли,шунингдек, сиз етиштирган маҳсулотлардан халқ манфаат кўриши билан бир қаторда ҳайвонлар ҳам баҳраманд бўлади. Деҳқончилик орқали ҳалол ризқ ҳамда улкан савобга эришилади. Кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғли улуғдир, муборак китоблар кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савобларидан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, яъни қиёмат кунигача садақаи жорий сифатида банда фойдасига хизмат қилади.

Бошқа бир ривоятда “Агар мусулмон банда бирон кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки қуш эса, бу ўша бандага қиёмат кунигача садақаи жорий бўлади”, дейилган (Муслим ривояти). Демак, киши эккан дарахт меваси бошқалар томонидан истеъмол қилинса, гарчи ўша дарахт вақт ўтиб ўзга одамнинг мулкига айланса ҳам унинг ҳақига савоб ёзилиб турар экан.

Кишининг бундан ажр-савобларга мушарраф бўлишига сабаб шуки, у ҳаёт фаровонлигига, мўминлар манфаат олишларига, қолаверса, табиатнинг янада кўркам бўлишига ўз ҳиссасини қўшди. У фақат ўзини ўйламади, балки ён-атрофидаги инсонларнин ҳам манфаатини кўзлаб, иш тутди, яхшиликнинг кўпайишига ёрдам берди. Динимиз исломда бундай ишлар қадрланади.

Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётиб, кўчат экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир, сиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши:“Сен шошма, мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси оса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деб айтишганларини эшитганман” — дебди” (Аҳмад ривояти).

Ҳикматда айтилади:“Бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз ундан едик. Энди эса, биз экамиз, уни кейинги авлодлар ейди.” Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларини деҳқончилик қилиш, хусусан, кўчат экишга тарғиб қила туриб шундай деганлар: Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлингизда хурмо дарахти бўлса, бас уни экиб олсин” (Бухорий ва Аҳмад ривояти).

Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига киради, у киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳақига муттасил равишда савоб бориб туришига сабабчи бўлар экан.

Шундай экан, кўчат ўтқазиш, деҳқончилик қилишдек эзгу ишдан қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида асдойдил ҳаракат қилайлик.

Маъсидхон ЧОРИЕВ,
Термиз шаҳри имом-ноиби

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Вилоят ҳокими аҳоли билан юзма-юз учрашмоқда

Вилоят ҳокими Тўра Боболов Қумқўрғон туманида бўлиб, тумандаги «Наврўз», «Сурхон соҳили», «Янги шаҳар» маҳаллалари аҳолиси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan