Бош саҳифа / Жамият / Кўча кўрган болалар “МАКТАБ КИЙИМЛАРИМ УЧУН ПУЛНИ ЎЗИМ ТОПИШИМ КЕРАК”

Кўча кўрган болалар “МАКТАБ КИЙИМЛАРИМ УЧУН ПУЛНИ ЎЗИМ ТОПИШИМ КЕРАК”

Ёз мавсумида мактаб ёшидаги болалар айни дам олишда. Газетамизнинг ўтган сонларида уларнинг таътилда нималар билан машғуллиги борасида тўхталиб, касб-ҳунар ўрганаётган, спорт билан шуғулланиб вақтини мазмунли ўтказаётган ёшлар ҳақида маълумот берган эдик.

Аммо минг афсуски, таътилни иш билан ёки бўлмаса бекорчилик билан ўтказаётганлар ҳам йўқ эмас экан. Шаҳримиздаги “Болажон” боғига борганимизда, у ердаги ҳолатни кўриб, рости болалар аҳволига ачиндик. Шеригим билан боғни сайр қиларканмиз, ўриндиқлардан бирига ўтирдик. Ёнимизда ўтирган икки бола эътиборимизни тортди. Суҳбат жараёнида билдик-ки, улар ака-ука экан. Акаси Рўзи (ўзини шундай таништирди) бўйнига фото аппарат илиб олган, ўтган кетганга расмга тушасизми, дея таклиф билдирарди. Укаси Шоҳруҳ эса қўлида болалар учун мўлжалланган автомат машинанинг пультини ушлаб олган, талабгор чиқса, сайр қилдириб келарди. Акасини сўроққа тутдик.

МАКТАБ ЯХШИМИ Ё…

— Анчадан бери шу ерда ишлайсизларми?

— Ҳа…

— Таътилда ишлайлик дебсизларда?

— Йўқ, биз ҳар доим ишлаймиз. Ўқиш бошланса ҳам, дарсдан ке- йин ҳам, шу ерда бўламиз. Баъзида мактабга бормаймиз ҳам.

— Ие, устозларингиз ҳеч нима демайдими?

— Дейишавериб чарчашди. Гапиришса, бирор баҳона топамизда, — у шундай деди-да, кетди.

Шундан сўнг, укасини суҳбатга тортдик.

— Мактаб яхшими ё шу ерда ишлаш?

— Мактаб яхши, — бирдан жонланди болакай.

—Ахир ишлаш баҳонасида боғда сайр қиласизлар, нега унақа дейсиз?

— Эее, мажбурлашади-да, ишлашга… — ер чизди болакай.

— Ким мажбурлайди?

— Ота-онам ишламаганимизга қўймайди? Ҳар куни ярим тунгача шу ерда юрамиз. Пул топмасак бўлмайди.

— Ишламаймиз,— деб айтсангиз-чи?

— Айтганмиз, барибир урушиб бўлса ҳам ишга чиқариб юборади.

— Нечанчи синфда ўқийсиз?

— 5-синфда.

— Акангиз-чи?

— 7 га кўчди.

Шу пайт ёнимиздаги музлатгич устида турган газли сувни 12-13 ёшлардаги бола ўғирлаб, кўчага қараб чопиб кетди. Боғ эшиги ёнида шериги велосипед билан кутиб ўтирган экан, икковлон зудлик билан жуфтакни ростлади. Суҳбатдошимиз Шоҳруҳнинг акаси, сотувчи йигитлар билан бирга ўғрилар изидан югуриб кетди. Улар савдо қилаётган ичимликлар ҳам, бошқа буюмлар ҳам бир муддат эгасиз қолди. Мана ёш болага ишонишнинг оқибати-ю, ёшлар масъулияти.

Ота-оналарнинг мактаб ёшидаги фарзандларини мажбурлаб ишлатишлари инсофданми? Айни ўйнаб-куладиган, севган машғулоти билан шуғулланадиган пайтида уларни зуғум билан ишлатиш бола ҳуқуқларини поймол қилмасмикан? Эркинлиги оёқ ости бўлган ёшларнинг эртанги куни, келажаги қандай бўлади, яқинларининг бундай муносабати бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатмасмикан?!

МАКТАБ ЁШИДАГИ ИШЧИ…

Ичимлик ўғирлаб кетаётиб, ортига зўр иш қилиб қўйгандек, мардонавор кетаётган ўғри болани кўрган киши, унинг бу қилмиши биринчи марта эмаслигига амин бўлади. Шу онда у қандай оилада тарбия топган экан, дея ўйлай бошлайсан. Оддий ҳолга айланган ўғирлик, унга қачон касб бўла бошлади экан-а? Ота-она эътиборсизлигиданми? Ёки бекорчиликданми? Уларни ким тўғри йўлга солади? Наҳотки, уларнинг ота-онаси фарзандининг тақдири билан қизиқмаса? Жамиятда ўғрилар, талончию, жиноятчилар айни мана шундай тарзда шаклланиб боришини, кейин уларни ортга қайтариб бўлмаслигини наҳотки, унутиб қўйсак…

Айни шундай ҳолатни Термиз марказий деҳ- қон бозорида ҳам учратиш мумкин. У ерда ҳам сотувчиликда мактаб ёшидаги ёшлардан ишчи кучи сифатида фойдаланишаётгани киши дилини оғритмасдан қолмайди.

“БОЛА ЎЗИМНИКИ…”

Ҳатто харидор ҳам шаҳарнинг жазирама иссиғида ул-бул олишга оғринадиган бир пайтда ёш болаларнинг кун бўйи ўтиришини бир тасаввур қилинг? Ерда картошка-пиёз сотаётган 7-8 ёшлар атрофидаги бола эътиборимизни тортди. Кайфиятсиз, мулзам тортиб ўтирган болага қараб раҳмингиз келиши, аниқ. Энди уни сўроққа тутмоқчи эдик, онаси келиб, нима олишимизни сўради. Ҳеч нима олмаслигимизни, ёш болани иссиқ уриши мумкинлиги ҳақида энди оғиз жуфтлаганимиз ҳамоноқ, ҳалиги аёл бозорни бошига кўтариб, ўшқира кетди:

— Ишингиз нима, бола ўзимники, хоҳлаган ишимни қилдираман. Хоҳласам ишлатаман, хоҳласам иссиққа олдираман. Эее, сен ҳалиям ўтирибсанми, бор халтадаги картошкаларни сарала, — дея боласига ҳам дўқлаб берди. Биз эса бу аёл билан тенг бўлишни ўзимизга эп билмай, йўлимизда давом этдик.

“МАКТАБ КИЙИМЛАРИМ УЧУН ПУЛНИ ЎЗИМ ТОПИШИМ КЕРАК”

Бозор ўртасида қуёш тиғида 4-5 та бола араваси билан турарди. Ўтган-кетганга ким чақирар экан, дея илтижоли қараб. Уларни ҳам нега бу иш билан шуғулланаётганини сўраганимизда, бири оилавий шароити оғирлиги сабаб, яна бири ота-онаси мажбурлаб чиқариб қўйганидан шикоят қилди. Бошқаси мактаб кийимларим учун пулни ўзим топишим керак, деган жавобни берди. Қизиқишлари борасида эса мазза қилиб компьютер ўйнашни, жангари фильмларни кўришни ёқтиришини, чўмилишга бориши мумкинлигини айтишди. Шу пайт кимдир ишора қилди шекилли, бирваракайига тўртовлон ҳам аравасини тортқилаганча югуришди. Ишни биттаси олди, қолганлари эса аламидан бир-бирлари билан жиққа-мушт бўлди. Улардан яна қандай қизиқиш кутиш мумкин, бозордаги шовқин-сурон, ур-йиқитлар тарбиялаётган бўлса… Ота-оналар болалари меҳнатга лаёқатли бўлиб, оқу-қорани тушуниб олгунга қадар уларни ўққа-чўққа урмасликни тушунишганда эди, ёшлар шу тақлидда улғайишмасмиди? Шу дамда бу болаларнинг тошбағир ота-оналарига қарата шундай дегим келди:

Қадрли ота-оналар, фарзандингиз нафақат, сизнинг авлодингиз давомчиси, балки давлат ва жамиятнинг келажак тақдирида муҳим аҳамият касб этадиган шахс ё кадр бўлиб етишиб чиқиши мумкин бўлган инсондир. Нега энди уни қизиқишларига, келажак тақдирига бефарқ қарайсиз? Аслида уларни ҳар томонлама таъминлаш сизнинг ота-оналик бурчингиз эмасми? Нега энди бу масъулиятни уларнинг мур- ғаккина жуссасига юклаб, рўзғор ташвишлари билан кўчага қўйгансиз?! Ахир, уларнинг ҳам ўқиш-ўрганиш, билим олиш бурчи бор! Вақти келганда, улардан буюк ишларни кутишимиз мумкин, аммо… Ёшгина ниҳолга ҳам оғир юкни суяб,ё илиб қўйинг-чи, синиши, қайрилиши мумкин. Сиз ҳам уларнинг кўнглига ана шундай озор бераётганингизни унутманг!

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan