Бош саҳифа / Жамият / Коррупция = иллат

Коррупция = иллат

Коррупция шахснинг ўз мансабидан моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланишидир. Коррупциянинг авж олиши туфайли давлат ва жамиятда иқтисодий беқарорлик вужудга келади.

Биринчи Президент И.А.Каримов «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: ҳавфсизликка таҳдид ва барқарорлик шартлари» китобида «Коррупция, иқтисодий жиноятчилик, маҳаллийчилик ва қариндош-уруғчилик давлат тузуми емирилишининг асосий сабабларидан биридир» деб қайд этганди.Президентимиз Ш.Мирзиеёв ҳам ҳар бир маърузасида раҳбарларга қарата: адолатли бўлинглар, халқни рози қилиб ишланглар ва яшанглар деб айтмоқда.

 Давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказаётган хавфлардан бири бу коррупциядир.Юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кескин курашиш борасида қатъий чоралар кўрилаётганлигига қарамай ҳамон одамларни алдаш, амалдан фойдаланиб бошқаларнинг ҳақига хиёнат қилиш, даромадига кўз олайтиришлар давом этмоқда. Коррупцияни илдизи билан тугатиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг иши эмас. Барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, бу жирканч иллатга қарши курашсак, секин-аста барҳам топади.

Ҳозир нима бўлаяпти? Мактабга борсангиз, таълим даргоҳининг қайсидир бир муаммосини ҳал этиш учун айрим педагоглар ўқувчидан пул йиғади. Касб-ҳунар коллежлари атрофини ободонлаштириш ёки гул ўтқазиш зарур бўлса, албатта, ишчи-ходимлар билан тенг равишда талабалардан ҳам пул сўралади. Ёки кўпроқ билим даргоҳларида фалон ташкилотдан комиссия келармиш, камчиликни овоза қилмасликлари учун уларни «кузатишимиз» керак, деган важлар билан ходимлардан пул тўплаш каби ҳолатлар ҳамон кузатилмокда. Бир идорада дейлик, фаррош ишдан бўшаб кетди. Албатта, таниш киши орага кирмаса, бу жойга мансабдор ходим олмайди ёки кимнингдир пул узатишини кутиб туради. Буларнинг барчаси — коррупциянинг бир кўриниши.

Президентимиз Конституциямизнинг 26 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали мажлисдаги маърузасида эндиликда ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссиялар тузилиши, улар махсус дастур асосида иш юритиши, бу комиссиялар коррупцияга қарши курашни янада кучайтиришга хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади.

Таҳлилчиларнинг маълумотига кўра, мамлакатимизда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида коррупция ва порахўрлик авж олганлиги қайд этилган. Шунинг учун, мамлакатимизда 2016 йил «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Қонуннинг асосий мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Жамият тараққиёти аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик даражаси билан белгиланади. Коррупцияга қарши курашишнинг асосий йўналишларидан бири, бу аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришдир. Соғлиқни сақлаш тизими барча тармоқлари коррупция ва иқтисодий жиноятларни амалга ошириш хавфи юқори бўлган соҳадир. Айниқса, фармацевтиканинг дори воситаларини тарқатиш ва сотишгача бўлган барча жараёнларида коррупция учрайди. Шифохоналарда беморга жарроҳлик амалиёти ўтказилганда таъмагирликнинг турли кўринишларига дуч келамиз. Белгиланган тўловларни тўлайсиз, шунга қарамай шифокор, ҳамшира сиздан яна нимадир умидвор бўлиб туради. Ваҳоланки, ўша врач ҳам, ҳамшира ҳам хизмати учун маошини олаяпти. Гиппократ қасамёдини қабул қилишган. Ҳукуматимиз томонидан тиббиёт ходимларига беқиёс ғамхўрлик кўрсатилаяпти, маошлари тез-тез оширилмоқда. Лекин таъмагирлик камаймаяпти. Бемор эса даволаган шифокорига қарздордай ўзини гуноҳкор сезади. Шундай экан, биринчи навбатда одамлар онгидаги “пулсиз иш битмайди”, деганга ўхшаш ёт иллатларни бартараф этишимиз лозим.

Давлат санитария-эпидемиология маркази тизимидаги ходимлар аҳоли соғлиғини сақлаш ва ҳар хил хавфли касалликлар тарқалиб кетиши олдини олишга масъулдирлар. Лекин бозорлардаги гўшт ва сут маҳсулотларини ҳар куни назоратдан ўтказишаётганига ишонгинг келмайди, ошхоналарда ишлаётган хизматчиларнинг ҳаммаси ҳам тўлиқ соғлом, дея кафолат бериш қийин. Лекин уларнинг ҳаммаси давлат санитария маркази томонидан берилган сертификат ва рухсатномаларга эга. Шунинг учун соҳада коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш тадбирлари ишлаб чиқилиши керак. Ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга иқтисодий жиноятлар ва коррупция қандай оғир оқибатларга олиб келиши тўғрисида кенгроқ тушунча бериш зарур. Жумладан, соҳа ходимлари ўртасида ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил этиб, ҳар ойда “Коррупцияга қарши курашиш”, «Ҳуқуқий маданият ойлиги» каби тадбирларни ўтказсак, қисман бўлсада порахўрлик ва коррупцияни камайтирган бўламиз.

Турсуной ЖЎРАЕВА,

“Сурхон дори-дармон” МЧЖ юридик

 бўлими бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE