Бош саҳифа / Иқтисодиёт / “Концепция – 2030” лойиҳаси

“Концепция – 2030” лойиҳаси

уни қандай амалга ошириш мумкин?

Сурхондарё вилоятини кейинги ўн йилликда ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда комплекс ва барқарор ривожлантириш орқали юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш учун, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятни 2019-2030 йилларда ривожлантириш Концепцияси ишлаб чиқилди.

Концепция доирасида вилоятда ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар барқарорлигини таъминлаш, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳолини турмуш даражасини яхшилаш ва буларнинг пировард натижасида 2019-2030 йилларда макроиқтисодий кўрсаткичларнинг барқарорлигини таъминлаш, вилоят иқтисодиётини чуқур таркибий қайта ўзгартириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва диверсификациялаш, аҳоли даромадларини кескин ошириш ва юқори турмуш шароитларида яшашини таъминлаш вазифаларига қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилади.

Хусусан, 2030 йилга келиб 2018 йилга нисбатан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати 2 баробарга (23,0 триллион сўм), саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 5,3 баробарга (13,6 триллион сўм), истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 6,8 баробарга (8,5 триллион сўм), қишлоқ хўжалик маҳсулотлари 1,8 баробарга (12,1 триллион сўм), пудрат ишлари ҳажми 2,0 баробарга (4,0 триллион сўм), чакана савдо айланмаси 2 баробарга (16,9 триллион сўм) ва хизматлар ҳажми 4 баробарга (18,6 триллион сўм) оширилади.

УШБУ КЎРСАТКИЧЛАРГА ЭРИШИШНИНГ АСОСИЙ ОМИЛЛАРИ ҚУЙИДАГИЛАРДА КЎРИНАДИ.

2019-2030 йилларда вилоятнинг саноат салоҳиятини ошириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юқори технологияли замонавий корхоналарни ишга тушириш ҳисобига саноатнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ҳозирги 8,2 фоиздан 16,3 фоизгача оширилади.

Бунга биргина мисол, ҳозирги вақтда вилоятда йилига ўртача 230-245 минг тонна пахта хом ашёси етиштирилиб, ундан ўртача 75-86 минг тонна пахта толаси олинади. Вилоятдаги енгил саноат корхоналари томонидан пахта толасининг 15,0 фоизи қайта ишланади. 2022 йилга бориб пахта толасини қайта ишлаш қувватлари 85 минг тоннага оширилади ва қайта ишлаш даражаси 100 фоизга етказилади.

Жумладан, кейинги 3 йилликда умумий қиймати 1 триллион 32 миллиард сўмга тенг бўлган 12 та замонавий тўқимачилик ва енгил саноат корхоналарини ишга тушириш бўйича ишлар бошланган. Мазкур лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 2,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Мисол учун, Шеробод туманида «SHEROBOD TEXTILE INVEST» МЧЖ нинг йилига 20,0 минг тонна бўялган, 4,0 минг тонна трикотаж мато, 2,5 миллион дона тикувчилик маҳсулоти ишлаб чиқариш лойиҳаси, Термиз шаҳрида «Амудар текс» қўшма корхонасининг йилига 7 минг тонна бўялган ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси, Денов туманида «Шашмохкашоб» МЧЖ нинг йилига 6,2 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси, Жарқўрғон туманида “Сурхонтекс” қўшма корхонасининг йиллик ишлаб чиқариш қуввати ҳозирги 4,2 минг тоннадан 9,0 минг тоннага етказилади. Сариосиё туманида “Сурхон сифат текстиль” МЧЖнинг йилига 7 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси, Термиз туманида “Жануб текстиль” МЧЖ нинг йилига 6,0 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси, Қумқўрғон туманида «QUMTEX INVEST» МЧЖ томонидан йилига 5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади.

Шунингдек, текстиль ва тўқимачилик саноатига янги инновацион технологияларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқаришни 4 циклга (пахта хом ашёсини етиштиришдан бошлаб, унга дастлабки ишлов бериш, маҳсулотни пахта тозалаш корхоналарида кейинги қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр тўқимачилик маҳсулоти ишлаб чиқариш босқичигача бўлган ишлаб чиқариш) етказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

ТАБИИЙ БОЙЛИКЛАРГА
БОЙ ЎЛКА

Вилоятимиз жуда кўплаб ер ости ва ер усти бойликларига, хусусан, ноёб ўсимликлар дунёси ва минерал хом ашё ресурсларига бой ҳудуд ҳисобланади.

Вилоятда шу кунга қадар, жами 78 та фойдали қазилма бойликларига эга кон рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 52 таси ўзлаштирилмаган, 26 таси айни пайтда ўзлаштирилмоқда.

Хусусан, вилоятда аниқланган цемент хом ашёси захираси 730,5 миллион тоннани ташкил этади.

Жорий йилда Шеробод туманида “Олмалиқ кон металлургия” комбинати томонидан умумий қиймати 212,8 миллион долларга тенг, йилига 1,5 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди ҳамда 1200 та иш ўринлари яратилди. Йил якунига қадар Жарқўрғон туманида “Сурхонцементинвест” хорижий корхонаси томонидан умумий қиймати 46,7 миллион долларга тенг, йилига 360 минг тонна цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилади ҳамда 500 га яқин иш ўринлари яратилади.

Шунингдек, вилоятдаги газ кон захиралари миллиардлаб куб метрни ташкил қилади. Келгуси йилларда ушбу захира конларини ўзлаштириш бўйича янги қувватлар ишга туширилади.

Хусусан, Бойсун туманида умумий қиймати 3,7 миллиард долларга тенг бўлган “Мустақилликнинг 25 йиллиги газ кони” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, унинг доирасида йилига 4 миллиард куб газ қазиб олинади ва қайта ишланади, шундан 289,0 минг тонна полипропилен, 211,0 минг тонна полиэтилен, 293,0 минг тонна олтингугурт ишлаб чиқарилади ҳамда 2500 дан зиёд иш жойлари ташкил этилади.

Вилоятда энергетика соҳасини ривожлантириш мақсадида «ETKA CO ENERJI A.S» (Туркия) компанияси томонидан Бойсун туманида шамол электростанция сини ташкил этиш лойиҳаси 2018-2020 йилларда амалга оширилади. Мазкур лойиҳага кўра 600 мВт муқобил электр энергияси олиниши ва 100 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Лойиҳа вилоятнинг Бойсун ва Шеробод туманларида амалга оширилиши кўзда тутилган. Бугунги кунда лойиҳанинг техник иқтисодий асослари ишлаб чиқилмоқда.

ЕРНИ БОҚСАНГ,
ЕР СЕНИ БОҚАДИ…

Воҳамиз ери юртимизнинг бошқа минтақаларига нисбатан қулай агро иқлим шароитига эга ҳудуд ҳисобланади. Айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан йилига 3 мартагача ҳосил олиниши, эртапишар сабзавот ва мевалар, шулар қаторида субтропик маҳсулотларнинг етиштирилиши ҳамда уларни қайта ишлаш бўйича мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш эвазига вилоятнинг экспорт салоҳиятини бир неча мартага ошириш мумкин.

Шу мақсадда, вилоятда 2019-2030 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасига 900,6 миллион доллар миқдорида инвестициялар киритилади ва янги замонавий технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда 10 минг гектарга яқин янги ер майдонлари ўзлаштирилади.

Вилоятда бир йилда 2,0-2,5 миллион тоннагача қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган 7 та корхона томонидан етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларининг атиги 8 фоизи қайта ишланади.

Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан, 42,7 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлайдиган 15 та корхона ишга туширилиши натижасида 2020 йилда мева-сабзавотни қайта ишлаш даражаси 15,0 фоизга етказилади.

Хусусан, Музработ туманида «Bio Agro» МЧЖ томонидан умумий қиймати 31,3 миллион долларга тенг замонавий логистика марказини ташкил этиш, бунда томат пастаси ва кетчуп ишлаб чиқариш, анорни қайта ишлаш ва анор пастасини ишлаб чиқариш, логистика маркази ҳамда музлаткич омборхона, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, пахтачилик хўжалигини, узум, ёнғоқ боғларини ташкил этиш ва Денов туманида писта, дуккакли экинларни етиштириш лойиҳалари амалга оширилади.

Ҳудудда 2019-2030 йилларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, аҳоли дам олиш масканларини кўпайтириш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида хусусий секторнинг улушини ошириш ва янги турдаги хизматларни жорий этиш орқали 2030 йилга бориб хизматлар 2019 йилга нисбатан ҳажми 4 баробарга оширилади.

Хусусан, вилоятнинг Бойсун туманида Омонхона қишлоғи, Зовбоши тоғли ҳудуди, Дарбанд қишлоғи ҳудудларини ўз ичига олган Бойсун кичик туризм зонаси ташкил этилиши асосида қиймати 24,1 миллиард сўмга тенг бўлган уч юлдузли 480 ўринли 6 та меҳмонхона барпо этилади. Бунда асосан зиёрат туризмини ривожлантиришга эришилади ҳамда туристларга яшаш учун қулай шарт-шароитлар яратилади.

Ишсизлик даражаси 6,2 фоизга қисқартирилади

Вилоят аҳолиси бандлигини таъминлаш учун ҳар йили ўртача 30-35 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиб, кейинги 10 йилликда ишсизлик даражаси ҳозирги 10,2 фоиздан 6,2 фоизгача қисқартирилади. Бу борада, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаси, миллий ҳунармандчилик ва аграр соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Концепцияни ишлаб чиқиш жараёнида, кенг жамаоатчилик ва илмий изланишлар олиб бораётган олимлар фикри, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, мамлакат ва минтақа даражасида қабул қилинган тармоқлар бўйича ҳамда ҳудудларни ривожлантириш дастурлари ҳисобга олинди.

Ушбу ривожланиш концепцияси Сурхондарё вилояти ва унинг ҳудудларини, мавжуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, истиқболда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг долзарб вазифаларини аниқлаб олишда услубий ва амалий жиҳатдан асос бўлиб хизмат қилади.

Бобир РАҲМАТУЛЛАЕВ,
вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни
комплекс ривожлантириш бош
бошқармаси бўлим бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ангорда жун ва ипакчилик ривожлантирилади

Президентимиз жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan