Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Кофрун гази элга хизмат қилади

Кофрун гази элга хизмат қилади

Бойсун туманидаги Кофрун қишлоғи яқин орада мамлакатга довруқли масканлардан бирига айланади. Чунки мутахассислар томонидан қишлоқнинг ер остида катта захирага эга бўлган табиий газ кони борлиги аниқланган.

“Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги” газ конида хорижнинг салоҳиятли “Эриел” компанияси буюртмасига асосан ўтган йилнинг ноябрь ойида “Сурхонгаз кемикал оперейтинг компани” мутахассислари баҳолаш қудуғини ёрнатиш учун қазиш ишларини бошлашганди. Кондан газ қазиб чиқариш учун ер остини 3600 метр чуқурликда бурғулаш талаб этилади. Бугунгача бурғуловчилар 2300 метр чуқурликда пармалашни ниҳоясига етказишди.

Кондан газ чиққач, биринчи босқичда газни қайта ишлаш заводи қурилади. Иккинчи босқичда газ кимё мажмуаси бунёд этилади. Кофрундаги “Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги” газ конининг ишга туширилиши мамлакат иқтисодига қўшимча даромад келтириш баробарида Бойсундек аҳоли зич яшаётган туманда бир неча юз киши ишли бўлишига хизмат қилади.

“Сурхонгаз кемикал оперейтинг компани” раҳбарияти ҳозирдан Бойсун туман аҳолисига ёрдам кўрсата бошлади. Компания ҳомийлигида “Бошработ” маҳалласи ҳудудидаги мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирдан чиқарилди. 100 ўринли боғча қаттиқ ва юмшоқ мебель жиҳозлари билан тўлдирилди, ётоқ кроватлар ва диванлар, кўрпа-ёстиқлар янгиланди.

— Халқимиз компания раҳбарияти ҳомийлигидан жуда хурсанд, — дейди мактабгача таълим муассасаси мудираси Озода Эсонова. — Боғчамизда барча қулайлик яратилганлиги туфайли энди болалар куни узайтирилган гуруҳларда тарбияланади. Ҳомийлар ошхонамиз ҳамда қўшимча биноларни ҳам янгилаб беришди.

“Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги” газ конини бурғулашда маҳаллий мутахассисларнинг ҳам ҳиссаси салмоқли бўлаётир. Истиқболда коннинг фойдаланишга топшириш муносабати билан Бойсун туманининг, хусусан, Кофрун қишлоғига яқин маҳаллаларнинг ҳам қиёфаси ўзгаради, одамларнинг турмуш шароити янада яхшиланади.

Ўз мухбиримиз

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мақсад-маҳсулотлар экспорти

Делегация аъзолари Термиз шаҳридаги «TERMEZ CARGO CENTRE» МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишишди. Афғонистон Ислом Республикасига …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE