Бош саҳифа / Таълим / Китобсиз ўқувчи — қуролсиз жангчи

Китобсиз ўқувчи — қуролсиз жангчи

Билимга чанқоқ Жасмина 6 ёшда бўлишига қарамай, мактабнинг биринчи синфига қабул қилинди. Чунки опаси ўқишга кетганда изидан мактабгача йўл олиб, устозлар қайтаришганда йиғлаб қайтарди.

Бу йил эса онасига мен ҳам ўқийман, деб туриб олди. Мактабда бўладиган 6 ёшлилар учун ташкил этиладиган комиссия аъзоларининг саволларига ҳам зукколик билан жавоб бериб, мана Президент совғасини ҳам олди. Қўлидан “Алифбе” китоби тушмайди. Катталар ёнига китобини кўтарганча чопқиллаб келаверади. Мактабда ўрганганларини айтиб беришни, ҳижжалаб ўқиб кўрсатишни истайди. Ойи си Дилдора эса қизининг тиришқоқлигидан хурсанд, аммо ўғли Шаҳобиддин анчадан бери қўлига китоб олганини, дарс тайёрлаганини кўрмади. Шунинг учун, танбеҳ берди.

— Шаҳобиддин, сен дарс тайёрламайсанми? — дея сўради. Синглисига ҳавас билан тикилиб ўтирган ака эса бирдан сергак тортди:

— Бизга ҳали китоб бермади-да…

— Ие, нега бермайди, мактаб бошланганига бир ой бўлаяпти-ку!

— Билмасам…

—Китобларнинг ижара ҳаққини май ойига берган бўлсак, дарслардан қолиб кетаяпсан-ку!

Термиз туманидаги 11-мактабнинг 4-синфида таҳсил олаётган Шаҳобиддиннинг бошқа дўстлари ҳам ҳали ҳамон мактаб дарслиги билан тўлиқ таъминланмаган. Уйга вазифани тайёрлаб бормаган ўқувчига ўқитувчи қандай мезонлар билан баҳо қўяди ёки мактаб маъмуриятининг бу масъулиятсизлигини инобатга олармикан? Ўқувчиларнинг асосий фанларни ўзлаштиришда дарсликлари йўқлиги ҳалақит бермайдими? Бир икки кунни-ку тушунса бўлар. Аммо бир ой  давомида ўқувчиларнинг дарслик китоби йўқлигини қандай тушуниш мумкин?! Уйда мустақил тайёрланмаган бола эртаси куни янги мавзуни тушуниши учун билимлар занжири узилмайдими? Мактабдаги бошқа синфларда ҳам шу ҳолатни кузатиш мумкин.

Ушбу масала бўйича вилоят халқ таълими бошқармасининг дарслик ва ўқув ҳужжатлари бўйича мутахассиси Суннат Қаюмовга мурожаат қилгандик.

— 10-11-синфларга дарсликлар тайёрланаётганлиги сабаб, бошқа синф дарслик китобларининг келиши ҳам кечикаяпти. Аммо, имкон қадар келтирилган китобларни тарқатиб, ўқувчиларни янги китоблар билан таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз. Янги китоблар олгунича ўқувчилар эски қўлланмадан фойдаланиб туришларига тўғри келаяпти, — деган жавобни айтди.

Хўш, бошқа мактабларда аҳвол қандай? Билиш мақсадида Термиз шаҳридаги 13-мактабга ташриф буюрдик.

— Мактабимизда 10-11-синфлардан ташқари барча синф ўқувчилари 100 фоиз китоб билан таъминланган. Кутубхонага келган китобларни борича тарқатдик, етмай қолган ва ҳали келмаган дарсликлар ўрнини тўлдириш мақсадида ўқувчиларимиз ўтган йилги дарсликлардан фойдаланиб туришади. Ўтган ҳафтада эса эски китоблар қайтариб олиниб, янгисига алмаштирилди. Мактабимизда ўқиётган кам таъминланган оила фарзандлари китоб учун тўланадиган ижара бадалларидан озод қилинган. Ёшларнинг билим олишлари учун мактабимиз маъмурияти қўлдан келганча барча шароитларни яратиб беришга бор имкониятини ишга солмоқда, — дейди мактабнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Гулчеҳра Ашурова.

Юқоридаги фикрлардан сўнг, китобларнинг етказиб берилиши кечикаётган экан, нега энди Термиз туманидаги 11-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга янгиси келгунига қадар эски китоб- лар тарқатилмади. Ёки мактаб кутубхонаси фондида бундай дарсликлар йўқмикан?

Сабабини билиш мақсадида мактаб маъмуриятига қўнғироқ қилдик.

—     4-6-7-синф дарсликлари янгидан нашр қилинаётганлиги сабабли дарсликлар етишмаяпти. Захира китобларимизнинг бир қисмини ўтган ўқув йили охирида туман халқ таълими бошқармаси топшириғи билан қайта ишлашга топширганмиз. Янги дарсликлар келгунига қадар қолган захира дарсликларимизни тарқатдик. Китоблар келгандан ўқувчиларни имкон қадар таъминлаяпмиз, — дейди мактаб директори Бахтиёр Жўралиев.

Айни шу маълумотларни Термиз туман халқ таълими бўлими мудир ўринбосари Б. Хоновга етказганимизда, у киши ҳеч қандай китобларни қайта ишлашга топширишга топшириқ берилмаганини айтиб, мазкур мактабга мутахассис жўнатиб, муаммони ҳал қилишга ваъда берди. Ва етишмаётган китобларни бошқа мактаблардан олиб бўлса-да, йўқ дарсликлар ўрнини қоплашга ҳаракат қилинаётганини қўшимча қилди.

Хўш, бу борада кимни айблайлик? Мактаб маъмуриятиними, халқ таълими бошқарма ва бўлимлариними ёки китоб нашриётларини… Нима бўлганда ҳам китоб масаласи муаммо бўлиб қолаяпти. Ўқувчилар ўзлаштиришида эса бу, албатта, ўзининг салбий оқибатларини кўрсатмай қолмайди.

Муҳтарам Президентимиз, вазирлар, ҳокиму раҳбарларимиз “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да халқ дардини, муаммо ва ташвишларини тинглаб, уларни ҳал қилишга бел боғлаган бир пайтда, нега энди халқ таълими ходимлари, мактаб директорлари ўз ўқувчиларининг китоб билан таъминланиши учун қўл қовуштириб ўтиришипти? Акс ҳолда ёшлар бир ой муддатгача китоб олишни орзу қилиб ўтирмас эди. Мутасаддилардан муаммога ечим кутиб коламиз.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Билимлилар синовларда сараланмоқда

Йилдан йилга севган соҳалари бўйича таҳсил олиб, олий маълумотли бўлиш илинжида бўлган ёшларимиз сафи тобора …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE