Китобни ҳор қилманг

0
67

Президентимизнинг китобхонлик тарғиботига бағишланган фармойиши маданий ҳаётимизда мисли кўрилмаган янгилик бўлди.

А. Навоий инсонларни икки тоифага бўлади. Бой-бадавлат одамларни суврат аҳли, зиёлиларни эса сийрат аҳли дейди. Суврат аҳлининг уйи тўрида шоҳ бўлганингдан, сийрат аҳлининг уйи да гадо бўлганинг афзал, дея уқтиради буюк мутафаккир.

Китоб ўқиш орқали билим, тафаккур ва маънавий оламимизни бо- йитиш, энг аввало, ўзимиз учун керак. Китоб ўқиган киши маънавий бой, руҳан соғлом одамдир. “Китоб — барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”, — деган эди соҳибқирон Амир Темур. Яна донишмандларнинг қайд этишича, китоб инсондан ҳеч нарса тиламайди, аммо уни камолга етказади. Китобни ўқиш, мутолаа қилиш инсоннинг тафаккур доирасини кенгайтиради, тўғри фикрлашга ўргатади, сўз бойлигини оширади. Мутолаа асносида янги ғоялар пайдо бўлади. Алишер Навоий, Бобраҳим Машраб, Ҳувайдонинг китобларини ўқиган сари руҳингиз енгил тин олади, кўнглингиз таскин топади. Бу сўзнинг қудрати, кучи туфайлидир.

Китобхон, билимдон инсонни ҳеч қачон енгиб бўлмайди. Чунки бундай инсонга билим ва тафаккур куч-қудрат бахш этади.

Айримлар минг афсуски, китобни йиртиб, анор мевасини ўрашга ишлатишади. Китобни хор қилиш — маънавий тубанликдир. Асқад Мухтор айтганидек: “Китоб бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани”. Албатта, биз — ўқитувчилар шогирдларимизга “Китоб ўқи” дейишдан олдин ўзимиз уларга ўрнак бўлишимиз керак.

Ҳар қандай янгилик ҳам бир кун эскиради. Бироқ инсониятнинг минг йиллар давомида қўлга киритган ақлий ҳамда фикрий дурдоналарини ўзида жамлаган китоблар асло эскирмайди. Дунё яралибдики, маърифат ва жаҳолат кураши давом этмоқда. Эртанги кунимиз янада порлоқ бўлиши учун мутолаани кундалик одатимизга айлантирайлик.

Давлат ХЎЖАЯРОВ,
Ангор туманидаги 17-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг