Бош саҳифа / Адабиёт / Китобдан яхши ёр ўлмас…

Китобдан яхши ёр ўлмас…

Бугун ижод аҳли учун кенг имкониятлар яратилган. Муҳтарам Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармони ижроси бўйича вилоятимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда Термиз туманидаги 5-умумтаълим мактабида ўзининг китоблари, шеър лари ила ўқувчилар қалбидан жой олган истеъдодли шоир Сафар Омон билан адабий учрашув ўтказилди.

Мактаб ҳовлисига ташриф буюрган ижодкорларни ўқувчилар ва ўқитувчилар гуллар билан кутиб олдилар. Мажлислар залидаги учрашувни мактаб директори С. Килдияров очиб китоб ва китобхонлик маданияти ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди. Шундан сўнг, бир гуруҳ ўқувчилар шоир Сафар Омон шеърларини зўр иштиёқ ва маҳорат билан ёд айтиб бердилар.

Журналист Сайёра Аллаева сўзга чиқиб, воҳамиздаги бугунги адабий муҳит, шоир Сафар Омоннинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида ўқувчиларга батафсил маълумот берди. Шу билан бирга нотиқ шоир ижоди ҳақида мамлакатимиздаги таниқли шоирлар ва олимлар самимий фикрлар билдириб, илмий мақолалар ва китоблар ёзишганини айтиб ўтди.

Ижодкор 60 йиллик юбилейи олдидан бундай адабий тадбир уюштирган мактаб маъмурияти ва ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Ўзига хос овози ва ижод услубига эга бўлган шоир Сафар Омон болалиги ўтган она қишлоғи, ўқувчилик ва талабалик йилларини, ижод остонасига илк қўйган қадамини завқланиб сўзлади. Айниқса, ўз ижод намуналаридан ўқиб берганида барчанинг сўнгсиз олқишларига сазовор бўлди.

Ўқитувчи ва ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга шоирдан жавоб олдилар. Шоир шеърларининг ёзилиш тарихи ҳақида ҳам тўхталиб, қисқа фурсатда барчанинг қалбидан жой олиб улгурди. Ўқувчиларнинг зўр иштиёқ билан тинглаши, кўзларидаги ўт, зукколик билан саволлар беришлари фикримизнинг исботи, десак муболаға бўлмайди.
Мактабдаги адабий тўгарак аъзолари бўлмиш ижодкор ёшларнинг шеърлари тингланиб, шоирнинг керакли маслаҳат ва тавсияларини олдилар.

Мактаб кутубхонаси мудираси Боғдагул Раҳамқулова, ўқитувчилардан Тошпўлат Ҳакимов, Тўлқиной Жумаева, Феруза Темирова, Нодира Умарова, Ҳадича Тўрақулова, Раҳмон Шодиқулов, Барно Поёнова, Гулчеҳра Жумаева, туман халқ таълими бўлими бошлиғи ўринбосари Жасур Халиловлар шоир ижоди ва китобларини самимий эътироф этдилар.
Шундан сўнг, шоир Сафар Омон ўз китобларини мактаб кутубхонасига ҳадя қилди. Ижодкор ёшларни фақат ва фақат яхши ўқишга, вақтни беҳуда ўтказмасдан китобни дўст тутишга ундади. Ўқувчилар ижросидаги ажойиб куй-қўшиқлар эса барчага байрам кайфиятини улашди. Тадбир сўнгида ижодкор ёшлар шоирдан дастхат олишди. Мазкур ижодий кеча ўқувчилар ёдида бир умр муҳрланиб қолиши табиий.

Севимли шоиримиз Эркин Воҳидов бежизга “Китобдан яхши ёр ўлмас”, деб хитоб қилмаганлар. Ўқув масканларида мана шундай адабий кечалар, китоб ва китобхонликни тарғиб қилувчи тадбирлар ўтказилаверар экан, ёшлар ҳеч қачон ёт таъсирларга тушиб қолмайди. Китобга ва адабиётга меҳри ошиб, келажакда, албатта, юрт корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб етишади.

Озода ЧОРИЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Аҳиллик самараси

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда Хоразмга яқин бир қишлоқда одамлар жуда аҳил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE