Бош саҳифа / Таълим / Боладек фикрлаш завқи

Боладек фикрлаш завқи

Севимли ёзувчимиз Саид Аҳмад «Болалар учун ёзаётган ёзувчи то ўша асар тугамагунича бола бўлиб турмаса – бу китобни ҳеч ким ўқимайди. Бир ўқийди-ю ташлаб юборади» деган эди. Чунки бола китобни ўқиётганда ундан ўзини қидиради. Қаҳрамон билан ўзининг фазилатларини беихтиёр таққослаб кўради. Бошқа бола қиёфасида ўзининг ҳарактерига яқин гаплар, ўзига маъқул келадиган фикрлар бўлса, ана шу қаҳрамонга интилади. Унга ўхшагиси келади. Бутун дунёда китоб ҳақида айтиладиган гап битта: «Ким ўқиётган китобидан ўзини топа олса, маза қилиб ўқийди».

     Албатта, китоблар бизнинг энг содиқ дўстларимиздир. Улар бизни алдамайди, ёнимизда туради, чорасизликда ташлаб кетмайди. Тил забонсиз дўст, энг яқин маслаҳатчи ҳам аслида китобдир. Маъно-мазмунга бой, мулоҳазага чорлайдиган китоблар ўқитади, ўргатади, қийналганимизда йўл топиб беради. Бу хизмати учун биздан ҳеч қачон ҳеч нима тама қилмайди. Айниқса, мағзи тўқ, юксак савияли, мазмунан пухта ва чиройли безатилган китоб ҳар қандай одамни ўзига тортади.

     Севимли ёзувчимиз Ойбекнинг «Навоийнинг болалиги» қиссасини ўқиганимда буюк аждодларимизнинг болалиги ҳақидаги тасаввурим бойийди. Ўқиб изланишга шай турган ўқувчиларимга ҳам ушбу китобни мутолаа қилишни таъкидлайман. Шунданми, ўқувчиларим дарсдан бўш вақтида китоб мутолаа қилиб, маънавиятини бойитишга, тафаккурини теранлаштиришга, воқеаларни таҳлил қилишга ўрганишмоқда. Аслида, ўқувчиларим билан ҳафтанинг шанба кунидаги бир соатлик дарсимизда махсус мутолаа дарсини ўтамиз. Бунда ўқувчилар китоб ўқиш санъатини ўрганишади. Шу ўринда айтиш жоизки, мутолаа ҳам, мутолаага ўргатиш ҳам ўзига хос санъат. У ҳам, доира ёки рубоб чалишни ўргатишга ўхшайди. Болага китоб ўқиш услубиятини ўргатмас эканмиз, у мутолаа санъатини ўзлаштира олмайди. Оқибатда ўқиган нарсасини тушунмаганидан кейин китобга нисбатан салбий муносабат пайдо бўлиб қолади.

Китобларни улкан фикр кемаларига ўхшатаман. Ана шу фикр денгизига шўнғиб, ундан жавоҳир олиб чиқишимизда китобларнинг ўрни беқиёс. Китобдан узоқлашиш эса қалбни чўлга айлантириш билан баробардир.

Дилором Боқиева

Шўрчи тумани 9-умумтаълим

мактабининг она-тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Термизда Президент мактабига қабул бошланади

2021-2021 ўқув йилида республика бўйича жами 1622 нафар, жумладан, Сурхондарё вилоятидаги Президент мактабига 5-синфдан 10-синфгача, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan