Бош саҳифа / Адабиёт / Китоб меҳримиз офтоби

Китоб меҳримиз офтоби

“Ўзимдаги барча яхши хислатлар учун китобдан миннатдорман”, деган эди рус ёзувчиси М.Горький. Чиндан китобни севган кишида инсоний фазилатлар шаклланади.

Оддийроқ қилиб айтадиган бўлсак, китобга ошно, ундаги ҳикматларни англаб етган инсон йўл юриб кетаётиб бехосдан чуқурликка тойиб кетса, ўрнидан туриб, этак қоқиб кетавермайди. Мен йиқилдим, бошқалар ҳам йиқилмасин, деб чуқурни текислаб қўяди, ё бўлмаса, бирорта таёқни суқиб белги қўйиб кетади. Бу, эй йўловчи, эҳтиёт бўл, бу ерда чуқур бор, кўзингга қара, деган ишора бўлади.

“Илм талабида бўлиш ҳар бир мўмин учун фарз- дир”, деган тафаккурга асосланиб, халқимиз фарзандларини туғилган давридан бошлаб, одобли, сабрли ҳамда бирор бир касб ёки ҳунарли бўлишга ўргатиб, тарбиялаб келади. Бундай сифатларга эса китобсиз, ундаги илмларсиз эришиб бўлмаслигини уқтиради. Фақат бугина эмас, китоб ўқиган инсон ота-она қадрини, ҳурматини ҳам жойига қўяди, уларга номуносиб бўлишдан сақланади. Бир нақл бор: “Ота-онанг ўлганидан сўнг минг кун йиғлагандан кўра, тириклигида бир кун йўқла”. Шу пурмаъно сўзнинг ўзи ҳар бир фарзандга етарли ибратдир.

Таниқли аллома Хожа Самандар Термизийнинг “Дастурул мулук”китобининг мазмун моҳиятига  эътибор  берилса, илм китоб билан, китоб эса халқ билан муқаддас, деган эътиқодга амал қилинганлигини  кўриш мумкин. Унда шундай ҳикмат баён қилинган. “Азизим, кишининг ақли, одоби, заковати унинг лаёқати ва қобилиятининг мезонидир. Кимнинг ақли равшан, фикрлаш қобилияти юксак бўлса, у энг паст лавозимдан энг юқори, шарафли мансаб супачасига кўтарилади”.

Мулозим оқил эрса, бўлмаса гўл,
Каманд ташлаб фалакларга солур йўл.

Одоб-ахлоқнинг қаноти сабр-бардош экани, шошмай фикр қилиш, жаҳлни жиловлаб олиш, бойлик орттиришдан воз кечиш, мансабни ақл билан бошқариш, нафснинг жиловини ақл қўлига топшириш, илм билан дўст бўлиш, ҳунарни қадрлаш, муҳтож қалбни эшитиш, камбағалга саховат ёрдамини бериш тўғрисидаги  ҳикматларни эса мутафаккир Абулбаракот Қодирийнинг китобидан топасиз:

Мунча қаттиқ чопма отингни, ўғлон,
Олиб қочса уни қайтармоқ гумон.
Сендан чиққан ҳукм ҳақ ҳукм бўлсин,
Золим ғамда куйсин, ожиз шод кулсин!

Фарзандларнинг ёши, қобилияти, касбга бўлган қизиқишидан келиб чиқиб керакли  китобларни  танлашга  ўргатиш ҳар бир ота-онанинг вазифасидир. Чунки, китобларнинг сони эмас, уларнинг яхшиси фойда келтиради. Китобхон нафақат китоб танлашда, ҳатто ўқиётган пайтда ҳам ундан ақлнинг парвозига тааллуқли жиҳатларини ажрата билмоғи, мутолаа жараёнида айрим қоидаларга амал қилмоғи лозим. Аввало, уни шошилмасдан ўқиш керак. Шундагина китоб одамни билағон, суҳбат-топқир қилади, ёзиб олиш одати эса китобхонни аниқликка ўргатади.

Сайфулла ТУРСУНОВ,
ТерДУ профессори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

ҚЎНҒИРОҚ БОНГ УРДИ

Қўнғироқ бонг урди. Соч-соқоли чанг, Жиловни қўйвормай мудрайди сарбон. Ҳар ён пучмоқларда бораётир жанг, Жанглар …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan