Бош саҳифа / Адабиёт / Китоб кўп, китобхон-чи?

Китоб кўп, китобхон-чи?

Сир эмас, китобхонлик даражамиз сўнги йилларда кескин пасайиб кетди. Айниқса, ўқувчи ёшларнинг китобга муносабати яхши эмас. Китобдан узилиб қолиш уларнинг билими, одоб-ахлоқи, нутқи, қолаверса, жамият равнақига ўз таъсирини кўрсатмай қолмаяпти.

Ҳуқуқбузарликлар, жиноятлар содир этаётган ёшларнинг аксарияти китоб ўқимайдиган ва ота-оналари намуна бўлолмаётган ёшлар ҳисобига тўғри келмоқда. Юртбошимиз бот-бот китобхонлик, унинг тарғиботи билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратаётир. Бу борада турли-туман тадбирлар, ташаббуслар кўпаймоқда. “Энг яхши китобхон” танловининг республика босқичи ғолибининг “Спарк“ автомашинаси билан тақдирланганлиги гувоҳи бўлдик. Юртбошимиз томонидан эълон қилинган бешта ташаббуснинг биттаси айнан ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган. Оммавий ахборот воситалари тарғибот-ташвиқотни тўхтатган эмас. Бир-биридан кўркам кутубхоналар, китоб дўконлари барпо этилаётгани айни муддао. Нашриётларимиз чоп этаётган китобларнинг сони ҳам, сифати ҳам кескин ўзгармоқда. Лекин натижа-чи? Натижадан кўнгил тўлаяптими? Менимча — йўқ.

Китобга муносабат оиладан бошланади. Боғчадан шаклланади. Ота-она китобхонлиги билан ибрат бўлиши керак. Кейин мактаб бу қизиқиш, қобилиятларни ривожлантириб қанот бағишлайди, каби фикрларни ҳар куни эшитамиз. Давра суҳбатларида кўтарилади. Аслида ҳам шундай. Занжирнинг энг мўрт, заиф нуқталари ҳам шулар. Бу фикрларни ҳазрат Навоий ҳам айтганлар. Куйиб-пишиб Чўлпону Фитратлар айтган. Авлоний бобомиз тарбияни ҳаёт-мамот масаласи деганида ҳам шуларни назарда тутганлар.

Бу “керак”, “керак”лар билан иш битмайди. Назаримда самарадор тизим бўлиши зарур бу борада. Токи бу ишлар қоғозбозлик, тадбиркорликка айланмасин. Келинг, занжирнинг шу илк ҳалқаларига бир назар ташлайлик. Сериаллардан бўшамайдиган, ҳар куни бир-икки соат вақтини телефонга бағишлайдиган она, эрта кетиб, кеч қайтадиган, топган бўш вақтини ҳам улфатлари билан ўтказадиган оталаримиз қандай ибрат бўладилар. Боз устига ўзлари китобхон бўлмасалар-чи? Боғча опалар орасида ҳам китобхонлари жуда кам.

Узоқ йиллик педагогик тажрибамдан, кузатувларимдан келиб чиқиб айтаманки, ҳамма нарсани шу халқаларда бой бериб қўймоқдамиз. Намуна бўлолмаяпмиз. Бошланғич синф ўқитувчиларимиз ёзишни ўргатсам, китоб ўқишни ўргатсам бўлди, менинг вазифам шу, деб қарашади. Боланинг беғубор, ташналик даврида ўзлигимиз, миллий қадриятларимиз уфуриб турган эртаклар, ривоятлар, мақолу афсоналар асосида пойдевор яратолмай юқори синфга кузатиб қўймоқдамиз.

Университетларнинг филология факультетларида аҳвол қандай? Ўзимиз ўқиганмиз, тугатиб келаётган ёшларни кўрмоқдамиз. Бу ерда ҳам ҳолат яхши эмас. Эскича услубдаги баландпарвоз маърузалар давом этмоқда. Бўлажак адабиёт муаллимларининг кўзларида ёш қалқитиб дарс ўтадиган устозлар бармоқ билан санарли даражада.

Фикрларим қуруқ бўлмаслиги учун бир мисол келтираман. Ўтган йил Тошкентда Қарши университети филология факультетини тугатиб, энди мактабда иш бошлаган йигит билан икки-уч кун бирга туриб қолдим. “Аъло”га ўқиганлиги, бир сабаб билан имтиёзли диплом ололмай қолганидан афсусланди. Суҳбатимиз адабиёт, китобхонлик ҳақида бўлди. Йигит ноқулай аҳволга тушмаслиги учун ўзимни бошланғич синф ўқитувчисиман, деб таништирдим. Э. Хемингуэйни, улуғ қозоқ шоири Ў. Сулаймонни, машҳур шоиримиз Абдували Қутбиддинни эшитмаганлиги, ўзининг воҳадоши Икром Отамуродни ёзувчи деб билиши, Аҳад Қаюмни ҳозирги пешқадам шоирларимиз қаторига қўшганлиги, адабиёт жанрлари ҳақида маълумотга эга эмаслигига гувоҳ бўлдим.

Бангладешда бошланғич мактабдан тортиб, университетларгача Бобур ва бобурийлар тарихи, маданияти ўрганилар экан. Раҳбар лавозимига ўтаётганларнинг ҳам шу соҳадаги билимлари асосан мезон сифатида ҳисобга олинар экан. Офарин!!! Қойил қолмай иложингиз йўқ. Мана сизга тизим. Мана тарихга, тарихий шахсларга муносабат. Бобурга муносабат шундай бўлгач, ўзларининг алломаларига муносабат қандайлигини кўз олдингизга келтираверинг.

Энг қуйи раҳбардан тортиб ҳокиму вазиргача ишга тайинлаётганда китобхонлик даражасини, тарихимизни, дунё билган даҳоларимизни билишларини қатъий ҳисобга олиш керак. Олганда ҳам шаффофолигини таъминлаган ҳолда ташкиллаштириш асло кечиктириб бўлмайдиган масала, деб ҳисоблайман. Ота-онада ҳам, ўқувчи-ю талабада ҳам келажакда ишлаш учун, юксалиш учун ягона йўл китоб ўқиш, деган тўхтам пайдо бўлади.

Мактаб, ўқув муассасалари, идораларнинг раҳбарлари, масъул одамлари бор. Уларда китобга муносабатни йўлга қўйишни назорат қилса бўлади. Бироқ оилани назорат қилиш қийин. Бунда МФЙнинг масъулиятини ошириш, оқсоқолнинг ўзи китобсевар бўлишига эришиш, менимча, оила китобхонлик муҳити, умуман, ота-онанинг ибрати масаласи билан изчил шуғулланувчи масъул лавозим ташкил этиш зарур. Бўлмаса, МФЙ фаоллари қачон жанжал бўлсагина хонадонларга киришади.

Отамнинг 7-синф маълумотлари бўлган. Бизнинг ўқишимизни асло эътибордан четда қолдирмаганлар. Мактабга келиб фан ўқитувчилари билан суҳбатлашар, ҳатто, дарсларимизга кирардилар. Акам қаерга борсалар, албатта, китоб олиб келардилар. Аввал мен, сўнгра қўлма-қўл қилиб укаларим ўқирди. Мен Ҳамид Ғуломнинг “Машъал”, Ч. Айтматовнинг “Жамила”, С. Есениннинг “Замин дарғаси” китобларини Украинада — ҳарбий хизматда ўқиганман. Уйдагилар почта қилиб жўнатишган. Ҳаммамиз ўқидик, иккитамиз филология йўналишини танладик. Лекин тан олиш керак, фарзандларимизга отамизчалик масъулиятли бўлолмадик.

Юртга жонфидо, ватанпарвар фарзандлар керак. Қайси юрт бизчалик даҳолар етказиб берган дунёга? Қайси юрт бизчалик бой тарихга эга? Муносиб ворислар бўлиш учун мунтазам китоб ўқишимиз, ўқиганда ҳам уқиб, танлаб ўқишимиз лозим.

Азиз газетхон! Муаммолар, камчиликлар ҳақида гапиравериб, бир оз тушкунликка етакладим, шекилли, сизни. Афсуски, буларнинг бари бор гаплар. Мақтансак арзирли ютуқларимиз кўп. Китобсевар ёшларимиз, зукко устозларимиз сафлари кун сайин кенгайиб боришини дил-дилдан хоҳлаймиз.

Аждодларимиз илм излаб мағрибу машриқни кезганлар. Сахий савдогарларимиз, бойларимиз карвон-карвон моллар билан бирга юртга нодир китоблар олиб кирмоқни ҳам канда қилмаганлар. Бугунги имкониятларимиз беқиёс. Китоб кўп, китобхон эса…

Абдумурод

ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Бойсун туманидаги

40-мактаб ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Беминнат устоз

Китоб ҳаёт йўлимизни ёритиб турувчи маёқдир. Инсонга улкан маънавий озуқа бериб, қалбини эзгуликларга ошно этади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE