Бош саҳифа / Таълим / Китоб – ақл чироғи

Китоб – ақл чироғи

“Ёш китобхон” кўрик-танловининг  республика босқичининг телевидение орқали бериб борилиши ёшу қари китобсеварлар эътиборини бирдек тортди. Энг катта соврин “Спарк” автомобили эмас, мухлислар эътиборини қозониш эди, назаримда.

Ҳар бир иштирокчига берилаётган саволлар одамни қизиқтириб қўяди. Шунингдек бу жараён жавоб топиш билан бирга, мушоҳада қилишга ундагандек бўлаверади.

Танловдан руҳланиб ўқувчи-ёшларнинг китобга бўлган меҳрини ошириш ниятида мактабимизда ҳам “Мен китоб шайдосиман” номли китоб акцияси ташкил этилди. Унда ота-оналар уйларидаги китоблардан мактаб кутубхонаси фондига совға қилишди. Тақдим этилган бадиий адабиётлар кутубхонага ўқувчиларни кенгроқ жалб қилишга ёрдам бераяпти. Ўқувчиларни бадиий адабиётлар, дурдона асарлар мутолаасига қизиқтириш учун мактабимизда уларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи тақдимотлар ўтказилаяпти. Ўзим раҳбарлик қилаётган синф ўқувчиларига ҳар бир чоракда бир донадан китоб ўқишни қоида қилиб қўйдим. Бу эса фанларни яхши ўзлаштира олмаётган, дарсларда суст иштирок этаётган ўқувчиларнинг фанларга бўлган муносабатига ижобий таъсир эта бошлади. Мухлиса Жовлиева, Асал Абдураупова, Мафтуна Ражапова сингари ўқувчилар ҳар ойда 4-5 тадан бадиий адабиётларни ўқиб,  китоб тақдимотларини ўтказишда  фаол иштирок этмоқда.

Кутубхонадан қўлида китоб кўтариб чиқаётган ўқувчиларни кўрганимда, уларнинг китобга меҳри баландлигидан қувонаман. Адабиётимизнинг “Хамса”, “Бобурнома”, “Қобуснома”, “Кеча ва кундуз” каби ўлмас дурдоналарини ўқиб, инсон ўз ҳаётига янги саҳифа очгандек бўлади. Китоб инсонга қанот бағишлайди. Токи бундай нодир асарлар бор экан, асло ўтмиш эскирмайди, келажакка эса ёрқин йўл очилаверади.

Моҳира
ХЎЖАМУРОДОВА,
Шеробод тумани
5-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Унутилмас учрашув

Анъанага айланиб келаётган “Устоз ва шогирдлар учрашуви” бу йил ҳар қачонгидан ҳам ўзгача руҳда ўтди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan