Бош саҳифа / Жамият / Кимга — нажот, кимга — фалокат

Кимга — нажот, кимга — фалокат

Эволюция-барчамизга бирдек маълум, биринчи ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиш, мослашиш ва ривожланиш демакдир.

Башар аҳли азалда эволюция орқали маймундан одамга айланган, (Ч. Дарвин таъминотига кўра) деган таъкид янграгач, ношаърий мавжудотдан ҳазар қилиб, ғуруримиз бош кўтарди. Ота-боболаримиз ҳайвон эмас, энг олий мавжудот Одам Ато ва Момо Ҳаво эканлигини исботлаб ҳам бердик. Хўш, бу билан нимага эришдик? Суратимизни асраб қола олганимиз билан, маънавий қиёфамиз (феъл-атворимиз) шу эътиқодимизга ярашами? Даъво қилганимиз “Энг мукаммал мавжудот” Инсон деган муборак рутбани оқлай олаяпмизми? Эволюция натижасида эришган тафаккуримиз ютуқлари билан бир қаторда, эзгу фазилатларимизнинг завол топаётгани ҳам  ҳақиқат. Демак, теранроқ мушоҳада қиладиган  бўлсак, эволюция – тараққиёт йўлидаги нажот, онгсизлик эса инсонни фалокат гирдобига олиб бораркан-да?

Ўз-ўзидан ҳақли савол туғилади, хўш, “эволюция” ўз номи билан айтганда глобаллашув (башар аҳлини қўя турайлик) воҳа аҳлига нималарни тақдим этмоқда.

Термизийлар авлоди эканлигимиз билан фахрланган, Амир Темурнинг пойи қадами теккан, Бобур ҳазратларининг Темир дарвозадан ўтгани билан ғурурланиб юрувчи, Барчинойнинг ақл идроки ва аёллик латофатини ёшларимизга ўрнак, намуна қилиб келаётган воҳа аҳлига “эволюция”, глобаллашув қандай таъсир қилмоқда.

Хўш, биз инсонлар бу жараёнда талаб ва эҳтиёж, мансаб-мартаба, моддий манфаат заруриятларини қондириш, яшаш учун нимани “овлаяпмиз”. Манфаат йўлида, кимларгадир ёқиш учун бетакрор инсонийлик жо бўлган маънавий йўриқлардан осонгина оғиб, яхши одамларнинг туйғуларини оёқ ости қилиб, майиб-мажруҳ қилиб ташламаяпмизми? Ёки энг гўзал туйғуларни овламаяпмизми?

КИМДАН НИМАНИ КУТАМИЗ?

Тўғри, дунё ўзи бозор, деймиз, аммо унинг ҳам тош-тарозиси бор. Бозорга чиққан, саксон яшар бобо-момони авраётган ўн беш ёшли боладан нимани кутса бўлади. Ёки бир метрлик савдо растаси учун бир бирининг усти бошини йиртиб, “яланғоч” сўзлар билан элга томоша бераётган қиз-жувонлардан нима ўрнак оласиз? Куёв бўлмиш айрим йигитлар келиннинг сарпосидан ўзининг ички кийимини ахтариб, яна хафа ҳам бўлса, йигитлик ғурури, шаъни баҳосини қайси мезонда ўлчаймиз? Дўконга кирсангиз, ҳаққингиздан ҳазар қилмаса, бола ота-онасининг ёқасидан олса, ишхонада ғийбат, фисқу фасод, мўртроқ одамни дол қилиб ташлашса, бу кўргуликлар глобаллашув фожеасими ёки маънавият фожеаси?.

Менимча, бу “Дарвинчи”ларнинг ва уларнинг ҳаёсизлик соясида сарғайиб қолаётган, яъни маънавиятдан бебаҳра камол топаётган инсонларнинг фожеаси. Бир танишим “қишлоққа борсам тўйиб-тўйиб нафас оламан, шаҳарда об-ҳаво ғалитироқми-ей” дерди.  Гап об-ҳавода эмас, маънавий муҳитда. Танишимни бедор маънавиятнинг оғир юки босган, холос. Кўп қаватли уйдан чиқиб, ўзини дардкаш кўрсатган дугонасига дардини айтиб, балога қолган, соддагина одамнинг ҳолатини кузатганмисиз? Ёки ширин гап билан авраб, бор будига эга чиққан қариндошларни ҳам шаҳарда кўргансиз. Ҳатто, сохта табассум, сохта такаллуф, ҳатто ичаётган қасами, вафоси-ю дўстона риштаси ҳам сохта одамлардан безиб қолсангиз, додингизни кимга айтасиз. Демак сиз ҳам яшаш учун уларнинг “нағмаси”га ўйнамасангиз ҳолингиз хароб бўлади. Оқибат Сиз ҳам ўзингиздек аросатда юрган яхши одамни йўлдан урасиз. Қишлоқда эса, барча ҳовлисида, далада, бири ҳашарда. Бировни ғийбат қилиш эмас, ҳатто ёмонлаш, ваъдага вафо қилмаслик оғир гуноҳ, тўйу томоша, марака элники саналган. Ҳа, биродарим, дея ўксиниб гапираётганим, шаҳарнинг ҳавоси қишлоқларга ҳам юқа бошлади. Қишлоқдаги шаҳар кўрган айрим болалар, қизлар “алла-бало” маданиятни етаклаб келишаяпти. Яқин орада биз таърифлаган қишлоқларимиз ва қишлоқ одамларининг бетакрор феъл-атворлари “Қизил китоб”га кирмасайди, деб қўрқаман.

БОБОНИНГ ХАВОТИРИ

Атрофни кузатсангиз ёппасига дўст-дўстдан, дугона- дугонасидан ҳатто, ота-боласидан, бола эса онасидан ҳадиксирай бошлади. …“Ориф бобони ўлгидай хасис”,- деса, бўлса бордир. Сабаби, бобо нафақасини “чўт”лаб харжлаган. Инсоннинг феъли ҳар хил бўлади. Аммо, болаларидан жонини аямайди, деб қўярдим. Бобо оламдан рихлат қилгач, унинг хавотирини тушуниб етдим. Ўғиллари Икром ва Носир отасининг қирқида азасини очиб, келин олди. Кенжа ўғил Ғолиб опасининг қистови билан “ота уй”дан қувилди. Бир йил деганда янги “дом”лик бўлган Ғолибнинг хотинини ҳамма “баракалла уқувли келин чиқибди, Ғолиб билан савдо қилиб ҳаш-паш дегунча уйли бўлишди. Отасининг руҳи қўллади”,- дейишди. Аммо, Ориф бобо фарзандларидан хавотирда нафақаларини жамғариб қўйиб, хато қилмаганди, бугун кенжасига асқотди. Бошқа фарзандларни билмадиму, ҳозир Ғолибнинг уйи тўрида Ориф отанинг сурати турибди. Набиралари ҳам бобо, момоларининг ҳақига фотиҳага қўл очишади.

ҚИШЛОҚҚА ҚАЙТИШ

Фотима аммасиникида юриб жиянларининг “мода”сига эргашди қўйди. Дастлаб бироз ноқулай туюлган шимлар ва бошқа “латта путта”ларга кўника бошлади, кўзлар ҳам сингишди. Қишлоғини соғинган Фотима қариндоши Ғанининг тўйини интизор бўлиб кутди. Сабаби шу тўй баҳона қишлоғини кўриб келади. Ўша кун ҳам келди, аммо, Фотиманинг бутун орзулари чиппакка чиқди. Фақат онаси “Болам бу нима уст, бош, ўзингдан қолганмисан. Буларинг- нинг ярми йўқ-ку”, — деди, холос. Зуҳро эса тўғрисўзлиги учунми “Бу ер шаҳар эмас, тоғаларимнинг олдида шарманда бўлма, бор уйга кир”,— дея жеркиб берди. Модасини қишлоққа кўз-кўз қиламан деб, нималарни хаёл қилиб келган бечора Фотиманинг орзулари пучга чиқди. Унга биров эътибор ҳам бермади. Кечқурин, келин-куёв ҳовлига келиб, “ёр-ёр” бошлангач, “лаш-лушларини” илиб отди-да, “тартибли” либосларини кийиб амма-холалари билан мазза қилиб ўйнади. Тўйнинг ўрталарига бориб, “замонавий” кийимда ликиллаб, ўйнаб, ашула айтаётган “санъаткор” қизнинг ўзини тутишидан, йигитларнинг орасида, айниқса, ёши катта тоғаларининг олдида қиз болага ярашиқсиз ҳаракатларидан юраги орқага тортиб кетди. Сабаби унинг ўрнига ўзини тасаввур қилиб кўрганди. Шу-шу “замонавий” либосни умуман эгнига осмади.

…КИМ СЕНИ КОЙИРДИ

Бир кунлик дабдабали тўйда бир луқма ош татимаган оила отасининг хаёлида қарзни узиш масъулияти, хотини, фарзандлари, қариндошлари хаёлида қўшнисига тенглашганидан мамнуният зоҳир. Барча ҳордиғи чиққанча даврани беришмади, оилага бахт, кетмас давлат, оқибатли фарзанд тилашди.

Зеби холанинг райига қараган Хуршид аканинг эса қадди дол бўлди, тўшакка михланиб қолди. Анвар ота чиқиб, “болам ҳолингни билганингда, эл қатори тадбир қилганингда ким сени койирди, энди ҳар куни остонангда қарз қистовчилар. Хотининг, қариндошларинг, ҳатто,  ўғлинг ҳам  ўзи билан овора”…, -дея ачинганидан дашном берди.

Бу суҳбатни эшитган, келин лом-мим демай, отасининг уйига, енгилгина уст бошини олиб чиқиб кетди.

Орага маҳалла-куй тушишди. Келиннинг шартига кўниб, қимматбаҳо мебель ва гиламларнинг бариси сотилди. Қарз қистовчиларнинг оёғи узилгач, Наргиза қайнотаси Хуршид акадан узр сўраб, келинлик уйига қайтди…

Уйда ҳаловат, эрта тонгдан ҳовли супираётган келин тўйиб-тўйиб эркин нафас олди. Бу воқеа бутун маҳаллада дув-дув гап бўлиб, “Зеби холани келинининг ота-онасига минг раҳмат,”— дея кайвони бобо-момоларимиз роса алқашди. Хуршид ака эса энг бахт ли қайнотага айланди. Шу-шу бу қишлоқда ҳамма йигитлар “ўзбекона”  тўй қилиб, “таг-тугли, мебел-сарполи” эмас, фаросатли, ғурурли, оилапарвар, Наргизага ўхшаган қизга уйланишни ҳавас қиладиган бўлишди.

ОГОҲЛИК ЗАРУРАТИ

Минг афсуски, “Менью”мизда меҳр-оқибат, одамийлик мулки тўғрисидаги тушунчалар нисбийлашиб, манфаат биринчи ўринга кўтарилгандай.

Вужудимизга боғлиқ “алдоқчи” ҳақиқат билан ўралашиб, ботинимиз, яъни ички маънавий қиёфамиз ҳақида буткул унутиб қўйдик. Холи қолганимизда жонсарак қалб ноҳақсан, деб бош кўтарди, аммо, аросатда қолди. Инсоннинг фожеаси ҳисобланмиш бу каби огоҳлантиришларга ҳатто пинак ҳам бузмайдиган даражада лоқайдлашдик.

Дейлик, нарх-наво ёхуд тўловлар ошибди, деган хабарни эшитсак, қаттиқ қайғурамиз. Китобни йигирма минг сўм, деса ёқамизни ушлаймизу, йигирма миллион сўмлик  санъаткорни тўйга таклиф қиламиз. Аммо, маънавиятимиз билан боғлиқ фожеали оқибатларга олиб келувчи ҳолатлар бизни қизиқтирмайди.

Хаёлимизда фақат битта ўй; наф…ва яна наф… Дарвиннинг  юқоридаги ғайри таълимотини, фикрларини инкор қилиб, “мана мен” деган олим ва файласуфни уялтирдик ҳам, аммо, теварак атрофимизда олий мавжудот саналган инсоннинг қилмишлари… агар ҳайвонда тил бўлса, уларни роса койирди. Бу кетишда “Дарвиннинг одамлари” яна маймунга айланмайди, деб ким кафолат беради…

Маҳмуд АЛИЁР

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan