Бош саҳифа / Жамият / Кичикка иззат, каттага-чи…

Кичикка иззат, каттага-чи…

Айни туш маҳали автобусга чиқиб қолдим. Ҳайдовчининг орқа тарафидаги ўриндиқларда 7-8 ёшлардаги болакай онаси билан кетаяпти. Уларнинг ёнида эса 70 дан ошган  мўйсафид отахон эса тик кетмоқда.

Ундан нарироқда эса ҳомиладор аёл. Бу ҳолатни кўрган ёши каттароқ аёл ҳалиги она-болага танбеҳ берган бўлди.

— Ўзингдан катталарга жой берсанг бўлмайдими, ҳой бола, сенга айтаяпман?

— …

— Сенга ким тарбия берган ўзи, нима гапга тушунмайсанми?

— Ҳали ёш бола-ку! — ёнини олган бўлди онаси.

Аёлнинг эса фиғони фалакка кўтарилди. Бола эса онасининг пинжига киргудек бўлиб, тик кетаётган онасидан ҳам ёши улуғ йўловчиларга бир-бир тикилиб кетарди.

Яна бир ҳолат: бозор айланиб юриб, она ва қизининг суҳбатига (машмашаси деса кўпроқ тўғрироқ бўлармиди) гувоҳ бўлиб қолдим. Ўзи истаган кийимни олиш учун хархаша қилаётган қизга онанинг насиҳатлари таъсир ҳам қилмасди. Сотувчи ҳам онанинг ёнини олган эди, қиз:

— Сиз аралашманг, бу менинг шахсий ишим, — дея ўшқирганидан сотувчи аёл мулзам тортиб қолди. Ўтувчилардан кимлардир  уят қилгандек ишора қилса, кимлардир бошини сарак-сарак қилиб ўтиб кетарди.

Онасининг гапига кирмасдан, жамоат жойида ўсмир  қизнинг бундай қилиқ кўрсатишини қандай изоҳлаш мумкин. Аввалига фарзандини эркалатиб кўнглига қараган она кун келиб, бундай изза бўлишини билганмикан? Ортиқча эркалатиш, тарбияда бўшлиқ ҳосил бўлиши нафақат онанинг, балки қизнинг ҳам, эртанги турмушида  панд бермасмикан? Айниқса,сотувчи аёлга қилган муомаласи-чи… Ўзидан катталарни ҳурмат қилмайдиган ёшлар, тўғрироғи, қизлар оила қургач, қайнона-қайнотасига, турмуш ўртоғига қандай муносабатда бўларкин? Улар келиннинг “хурмача” қилиқларига кўнармикан? Балки, шунинг учун ҳам ажримлар сони ошаётгандир.

Агар бола ёшлигидан  каттага ҳурмат, кичикка иззат кўрсатишни ўргансагина, келажакда ўз ўрнини албатта топади.

Бобуржон ХИДИРОВ,
ТерДУ талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan