Кичик тадбиркор

0
87

Ўн ёшли болакайнинг иссиқхона қуриб, тадбиркорлик қилганини эшитганмисиз? “Бўлса бордир, ҳозирнинг болалари қандай ихтиролар қилаётганини эшитяпмизку ахир”, дейишингиз аниқ. Гапингизда жон бор. орамизда ана шундай шижоатли, ишбилармон кичик тадбиркорлар ҳам бор.

Термизлик Отабек Холиқов ёш бўлишига қарамай, томорқадан унумли фойдаланиб, оиласи билан бирга полиз экинларини етиштираяпти.Томорқада етиштирилган маҳсулотларини бозорга етказиб бераяпти. Даромади ёмон эмас. Отабекнинг ота-онаси унинг ёшлигиданоқ ниҳолларнинг парваришига бўлган қизиқишини кўриб, қолаверса, фарзандларини меҳнатга ўргатиш мақсадида имтиёзли кредит олди.

Ҳозирда томорқасида помидор, бодринг, булғор қалампири баравж. Ундан олинган даромад эвазига ҳам кредит тўловлари, ҳам Отабек ва ака-опаларининг тўгарак пуллари тўланади.

Қаҳрамонимиз гуллар парваришига ҳам меҳр қўйган. У “Қора шаҳзода”, алоэ, календула ва бошқа гул турларини парвариш қилиб, кўпайтиришни йўлга қўймоқчи. Яна етти хазинанинг бири бўлмиш паррандачиликка қизиқади. Унинг ҳозирда беданалари бор. Энг қизиғи, Отабек булар билан ҳам чекланиб қолмоқчи эмас, балки тадбиркорликнинг бошқа йўналишларида ҳам меҳнат қилиш ниятида.

— Томорқада бирга меҳнат қиламиз, — дейди Отабекнинг онаси Инобат опа. — Анчадан бери экин экайлик, иссиқхона қурайлик деб юрди. Президентимизнинг тадбиркорлик ҳақидаги фармон-қарорлари чиққандан сўнг имкониятларнинг кенгайганидан фойдаланиб кредит олдик. Фарзандларим билан бирга ниҳолларни экиб, суғорамиз. Ўғлим Отабек эндиликда гулчилик, паррандачилик билан шуғулланмоқчи. Биз ҳам унинг вақтини бекорчи нарсаларга эмас, бирор нимани ўрганиш билан ўтказишини хоҳлаймиз. Соғлом, бақувват бўлиб улғайиши учун спорт тўгарагига берганмиз. Отабекнинг синфдошлари ҳавас билан ниҳол етиштира бошлаган. Насиб этса, фаолиятимизни кенгайтириб, қўшимча иш ўринларини яратамиз. Отабекнинг ҳам орзуси шу. Ишсиз қўшниларимизга иш ўрнини яратиб, уларнинг оиласига ҳам барака келтирсак, фақат хурсанд бўламиз.

Дилдора АШУРОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг