Бош саҳифа / Сиёсат / Кичик саноат зоналари иштирокчилари қандай имтиёзга эга бўлади?

Кичик саноат зоналари иштирокчилари қандай имтиёзга эга бўлади?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан ташкиллаштирилган навбатдаги давра суҳбати “Ҳудудларни ривожлантиришда махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда саноат кластерларининг ўрни” мавзусида бўлиб ўтди.

Унда Парламент депутатлари, сиёсий партиялар фракциялари, мутасадди вазирлик, идоралар, етакчи илмий муассасаларнинг мутахассис ва олимлари, саноат кластерлари вакиллари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга Мурожаатномасида ҳудудлар саноат салоҳиятини янада ошириш борасида белгилаб берилган устувор йўналиш ва вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда пировард натижаларга эришишнинг самарали чора-тадбирларини амалга ошириш юзасидан атрофлича фикр алмашишди.

Мурожаатномада қайд этилганидек жорий йилда 84 та туман ва шаҳарда саноат салоҳиятини янада ошириш учун 100 та технопарк, кичик саноат зоналари, ҳудудий кластер ва логистика марказлари ташкил этилади.

Янги ташкил этиладиган кичик саноат зоналарида қиймати 2,5 трлн. сўмдан зиёд 500 дан ортиқ янги инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш режалаштирилган бўлиб, уларнинг ишга туширилиши натижасида кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмини республика жами саноат маҳсулоти ҳажми улушида 0,7 фоиздан 1,0 фоизга, экспорт ҳажмини 45,0 млн. АҚШ долларига етказишга эришилади.

Шунингдек эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини зарур инфратузилма билан таъминлашга 1,6  трлн. сўм йўналтирилиши, бундан ташқари ҳудудларда 130 минг км узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари ва 40 мингдан ортиқ трансформаторни босқичма-босқич янгилаш ҳамда 5 мингдан ортиқ таъмирталаб кўприкни тиклаш бўйича Ҳукумат дастурлари қабул қилиниши, бу ишлар учун 400 млрд. сўм маблағ ажратилаётганлиги ҳудудлар саноат салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Бу айниқса, инвесторларга инвестиция киритиш учун иқтисодий ва кичик саноат зоналарига бериладиган солиқ ва бож имтиёзлари билан бир қаторда муҳандислик коммуникация тармоқлари билан таъминланганлик даражаси, ҳудудда транспорт инфратузилмаси ва логистика марказларининг мавжудлиги жуда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчилари учун тақдим этиладиган имтиёзларда бу жиҳатларни инобатга олиш лозим.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 3,0 трлн. сўмлик маблағга эга бўладиган ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасининг тузилиши, айниқса жамғарма маблағлари маҳаллий кенгашлар таклифларига асосан инфратузилма лойиҳаларини қўшма молиялаштиришга йўналтирилиши ҳар бир қишлоқ ёки маҳалла кесимида ўз йўналиши ва “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб ривожлантиришда жуда катта имконият яратиши ҳамда маҳаллий кенгашларга билдирилган катта ишончдир.

Умуман жорий йилда 23 млрд. доллар қийматидаги инвестицияларни ўзлаштириш зарурлиги, бунинг натижасида 226та йирик саноат ва инфратузилма объектлари ишга туширилиши белгиланганлиги бу борада самарали парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишни тақозо этади.

Мамлакатимиз 50 дан ортиқ саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда барча имкониятлар ва нисбий устунликларга эгалиги, нефтгаз-кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ҳамда “яшил иқтисодиёт” билан боғлиқ саноат тармоқлари иқтисодиётимиз “драйверлари”га айланиши учун барча етарли шароитлар мавжудлигининг Давлатимиз раҳбари томонидан Мурожаатномада қайд этилганлиги салоҳиятли сармоядор ва тадбиркорлар учун жуда ҳам фойдали ва ишончли маълумот, айтиш мумкинки “маркетинг тадқиқоти” бўлиб хизмат қилади.

Ҳозирда самарали фаолият кўрсатаётган саноат кластерлари фаолияти ҳамда шу тизимнинг афзалликларидан келиб чиқиб истиқболли саноат кластерлари рўйхати шакллантирилиши ҳамда уларни жадал ривожлантириш учун алоҳида дастур ишлаб чиқилиши белгиланганлиги хусусий сектор ташаббуслари ва янги лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади, шу боисдан ушбу соҳаларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш зарур.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2021 йил Давлат дастурига ҳамда Ўзбекистоннинг пандемиядан кейинги тараққиёт дастурига киритиш учун мамлакат саноат салоҳиятини ошириш ва ҳудудларни ривожлантириш ҳамда кичик саноат зоналари, иқтисодий ва саноат кластерларининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш бўйича амалдаги қонунларга киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек янги қонунлар қабул қилиш тўғрисида, шунингдек фаол парламент назоратини амалга ошириш йўналишлари юзасидан таклиф ва вазифалар белгилаб олинди.

Ботир Мардаев,

Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш

ва савдо масалалари қўмитаси  аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Термизда Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш учун логистика маркази ташкил этилади

БМТ Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш учун Ўзбекистонда логистика марказини ташкил этади. Бу ҳақда БМТ расмийси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan