Бош саҳифа / Жамият / Кенгашли тўй тарқамас

Кенгашли тўй тарқамас

Хонадонда кунда, кунора жанжал, тинчлик йўқ. Оила аъзоларидан тортиб, қўни-қўшнилар, маҳалла-кўй ҳам бу нотинчликдан безган. Салим бундан бир неча йил муқаддам Жанубий Корея давлатига ишлаш мақсадида кетганди. Бинойидек ишлаб, мунтазам равишда пул жўнатиб турди.

Мусофирчиликда торт- ган азобларининг ҳам чеки йўқ. Не бир умидлар билан юртга қайтиб келиб кўрса, минг бир машаққат билан ишлаб топиб, отасининг номига жўнатган пулларини акалари ва опалари сарфлаб юборибди. Оқибатсиз қариндошлар “ана оласан, мана оласан”дан нарига ўтмади. Ҳуқуқини таъминлашларини сўраб, идораларга мурожаат қилмоқчи ҳам бўлди. Аммо андиша қилди. Бармоғини тишлаб қолди. Бу томонда турмуш ўртоғи Гулноранинг ака-сингиллари қилган номардликлари учун жавоб беришлари кераклигини айтиб, қилаётган “минғир-минғири” ҳам жонидан ўтди-да, уч болани яна ташлаб уйдан чиқди-кетди. Аёл фарзандларига эридан алимент талаб қилди, эр ҳам мол-мулкни тенг тақсимлаб, ажратиб бериш учун судма-суд чопди. Орадан йиллар ўтди. Вақт бой берилди. Шу давр ичида болалар бозорда арава тортди. Эр йўқотишлардан ўзига келолмай, ичкиликка берилди, аёлнинг эса елкасига оила ташвиши тушиб, кўтаролмайин касалмандга айланди. Бошланишидаги кичик муаммолар кенгайиб, бир оиланинг пароканда бўлишига сабаб бўлди. Халққа хизмат қилишдек заҳматли ишни елкасига олишга рози бўлган маҳалланинг янги раиси ва маҳалла профилактика инспекторининг иш услуби, интилиши, фидо- йилиги бир-бирига мос тушди-да, илк қадамни маҳалланинг аввалги мутасаддилари ва бошқаларнинг ҳам “жонига теккан” оиланинг масаласига ечим топишдан бошлашди.

Эр билан гаплашилганда, Салим неча йиллар хорижда юрганида оиладан узоқликнинг азобини кўп тотганини айтиб, боши эгилди. Аёл билан гаплашилганида эса эркаксиз уйнинг уқубатлари жондан ўтганлигини билдирди. Маҳалла раиси ва профилактика инспекторининг ўз ишини сидқидилдан севиши, уддабуронлиги, муросасозлиги, кенг дунёқараши туфайли биргина яраштирув билан оила қайта тикланди. Ўзаро ҳамкорлик натижаси ўлароқ оилада, бунинг ортидан кўча-кўй, маҳаллада тинчлик ўрнатилди.

Юртимизда бугунги кунда худди шундай юқори салоҳиятга эга, халқпарвар маҳалла раислари ва маҳалла профилактика инспекторлари талайгина. Ана шундай фидойиликни Термиз туманидаги “Кокилдор ота” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Ирматов ва маҳалла профилактика инспектори Саъдулла Менглиевларнинг фаолиятида ҳам кўришимиз мумкин.

Идорага кириб борар эканмиз, маҳалла раиси Баҳодир Ирматов, профилактика нозири Саъдулла Менглиев ва бир гуруҳ маҳалла фаоллари жанжалли оилани яраштириш масаласи бўйича йўлга отланишаётганликларининг устидан чиқдик. Маҳалла раисининг таъкидлашича, “Пайшанба — ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” деб эълон қилингач, доимий равишда ўтказилиб келинаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ўз самарасини бераётир. Улар жанжалли ҳолатни босиқлик ва ўз ўрнида яраштириб келгунларича, маҳалла идораси ҳужжатлари билан танишдик.

“Кокилдор ота” маҳалласида “Қирққиз”, “Пахтакор”, “Кокилдор ота”, “Кокилдор ота 1”, “Султон Саодат” кўчалари бор. Аҳоли 3 649 нафар, шундан 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 937 нафарни ташкил этади. “Кокилдор ота”ликлар деҳқончиликнинг, боғдорчиликнинг ҳадисини олган кишилар. Тумандаги энг кўп иссиқхонаси бор хонадонлар ҳам айнан шу маҳаллада. Ҳудудда бекор одамни учратмайсиз. Шу боис ҳам маҳаллада ишсизлик даражаси анчагина паст. Бу ўз-ўзидан эмас. Маҳалла мутасаддилари, профилактика нозири, фаоллар, нуронийлар ва кенг жамоатчиликнинг биргаликда уйма-уй юриб, муаммоларни ўрганиб, ҳал этиш борасидаги самарали фаолияти натижасидир.

Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги қарори билан ҳафтанинг ҳар пайшанба кунлари “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” этиб белгиланди. Қарорга мувофиқ, ички ишлар органлари таянч пунктлари ва бошқа давлат идоралари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича сайёр қабуллар, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориши ва бошқа профилактик тадбирлар ўтказиши белгилаб қўйилган. Ушбу муҳим қарор қабул қилинганлигидан сўнг, “Кокилдор ота” маҳалласида амалга оширилган ишлар натижасида ўтган йилларга қараганда майда жиноятчиликнинг ҳам кескин камайишига эришилди. Аслини олганда, биргина “Кокилдор ота” маҳалласидагина эмас, бутун туман миқёсида жиноятчиликнинг талончилик, босқинчилик, безорилик, товламачилик каби кўринишлари, аёллар, ёшлар, вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятлар сони ҳам камайди.

— Президентимизнинг шундай гапи бор. Яъни “Ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин”, — дейди маҳалла нозири Саъдулла Менглиев. — Жиноят ўз-ўзидан содир бўлмайди. Афсуски, унинг юзага келишга бир нечта сабаблар бор. Шунинг учун жиноятни илк босқичидаёқ бартараф этиш мақсадга мувофиқдир.

Маҳаллада жорий йил бошидан буён бирорта ҳам жиноят содир этилмаган. Ундаги осойишталик ва уюшқоқлик ҳам шунга яраша.

— Маҳалла раиси ва нозирининг мунтазам равишда аҳоли ичида бўлиши, ўзаро ҳамкорлиги яхши самара беришини маҳалла раисимиз ва профилактика нозиримиз ишидан ҳам билсак бўлади, — дейди якка тартибдаги тадбиркор Абдурашид Эргашев. — Улар биргаликда доимий равишда савдо шахобчамизга келиб, муаммоларимиз ва ютуқларимиз билан қизиқишади. Керакли таклиф ва тавсиялар беришади.

Халқимизда азалдан “Кенгашли тўй тарқамас” деган ҳикмат юради. Ўзаро ҳамкорлик, кенгашиб иш олиб бориш натижасида юртда тинчлик доимо бардавом бўлиб, халқимиз фаровонликда умр кечиради.

Сарвар ТЎРАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE