Бош саҳифа / Жамият / Кенг фаолиятли жамият

Кенг фаолиятли жамият

Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти мамлакатимиздаги кекса жамоат ташкилоти ҳисобланади. Жамиятга 1925 йил 14 ноябрда асос солинган. Шу даврда 3500 дан ортиқ бошланғич ташкилоти тузилди. Бу ташкилотлар II жаҳон уруши йилларида жанг майдонларида ва меҳнат фронтида фаол иштирок этишган. Жамиятнинг 17 минг нафар аъзоси жамоатчилик асосида фронт ортида ярадорларга ёрдам кўрсатган. Жамиятнинг 4 минг нафар тиббиёт ҳамшираси ва санитар дружина аъзолари бевосита фронтда жангчиларга ёрдамлашган.

Ҳамюртларимиздан 4 киши Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой халқаро ҳаракатининг олий медали — Флоренс Найтингейл медали билан мукофотланган.

Уруш тугагандан кейин Жамият вакиллари асосан соғлом турмуш тарзи ва бепул донорликни тарғиб қилиш билан шуғулланди. Ўзбекистондаги қон захираси банкининг 98 фоизи Қизил Ярим ой жамияти томонидан таъминланган. Шунингдек, мактаб ўқувчилари ва ёшлар ўртасида тозаликни тар- ғиб қилиш ва табиий офатларда одамларга ёрдам кўрсатишга эътибор берилди.

1991 йилдан эътиборан Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти янада ривожланди. Республикамиз мустақиллиги эълон қилингандан кейин жамият мамлакатимиздаги мустақил ва ягона миллий жамият сифатида тан олинди. 1992 йил 28 майда Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти тўғрисида”ги фармони қабул қилинди ва миллий жамият мақомини олишига ҳуқуқий асос яратилди. 1995 йил 24 августда Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти Марказий Осиё давлатлари миллий жамиятлари орасида биринчи бўлиб, ўз сафларида 191 мамлакатнинг жамиятларини бирлаштириб турган Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари халқаро федерациясининг аъзолигига қабул қилинди.

Ҳозирги пайтда жамият таркибига Қорақалпоғистон республикаси, 12 та вилоят, Тошкент шаҳри ва Темир йўл ташкилотлари киради. Ўз сафларига 1 280 000 аъзони ва 38 000 кўнгиллини бирлаштирган жамиятнинг 188 та шаҳар, туман ташкилоти ва 2656 та бошланғич ташкилоти мавжуд.

Жамият фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири фавқулодда вазиятларга тайёрланиш ва ўша жойда фаолият кўрсатишдир. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 24 августдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти фавқулодда вазиятларда аҳолини муҳофаза қилиш давлат тизимига киритилган ягона жамоат ташкилоти ҳисобланади. Ташкилот ва муассасаларда, айниқса, техноген ҳалокатлар содир бўлиш хавфи мавжуд бўлган ташкилотларда 600 дан ортиқ кўнгилли санитар дружиналари тузилган. Бу дружиналарда 14 000 кўнгиллилар мавжуд. Улар табиий офатлар ва техник тусдаги ҳалокатлар юз берган тақдирда тезлик билан ёрдамга келишади. Ўзбекистон ҚЯОЖда 100 оилага мўлжалланган мобил лагерь мавжуд бўлиб, улар қисқа фурсатда Ўзбекистоннинг исталган нуқтасида ўрнатилиши мумкин. Шунингдек, Марказий Осиёда ягона бўлган ичимлик сувини тозалаб беришга мўлжалланган махсус қурилма мавжуд.

Жамият фаолиятининг асосий юмушларидан бири — тиббий-ижтимоий ёрдамдир. Республикада 6 та тиббий-ижтимоий марказ, 5 та ахборот-таълим маркази тузилган ва фаолият олиб бормоқда. Жамиятда “Меҳр-шафқат” хизмати тузилган ва унда 191 нафар тиббиёт ҳамшираси фаолият кўрсатаяпти. Улар жамият шафелигидаги 1175 нафар якка-ёлғиз қарияга, 1137 нафар ногиронга, 889 та кам таъминланган ва 278 та боқувчисини йўқотган оилага ўз уйларида ёрдам кўрсатишмоқда.

Жамият фаолиятининг муҳим йўналишларидан яна бири аҳолини биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларига ўргатишдир. Ўзбекистон ҚЯОЖ ташкилотлари таълим муассасалари (Олий ўқув юртлари, ўрта-махсус касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, умумтаълим мактаблари)да соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда сезиларли ишларни бажаришаяпти. Таълим муассасаларида 3695 та санитар постлари тузилган. Барча вилоятларда “Саломатликнинг ёш дўстлари” мусобақалари ўтказилади.

Жамият беғараз донорлик бўйича ҳам анча иш қилаяпти. Жамият ходимлари олиб бораётган тушунтириш ишлари натижасида ўтган йили 2000 нафардан ортиқ фуқаро беғараз қон топширган. Халқаро гуманитар билимларни тарқатиш ҳам муҳим вазифалардан саналади.

1993 йили Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти таркибида қидирув хизмати ташкил этилди. Қидирув хизмати фаолиятининг асосий вазифаларига — табиий офатлар ва бошқа фав- қулодда вазиятлар натижасида бир-бири билан ўзаро алоқани йўқотган оилалар, қариндошларни бирлаштиришдир.

Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти Сурхондарё вилоят ташкилоти 2018 йил 1 ноябрга қадар 147 нафар фуқарога ва якка-ёлғиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож ногирон ва кам таъминланган оилаларга 26,2 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатди. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 2 нафар уруш қатнашчисига рангли телевизор берилди. Ангор туман ташкилоти маблағи ҳисобидан 10 нафар ногироннинг уй-жойи бошланғич тўлови учун 25 миллион сўм тўланди. Олтинсой туман ташкилоти ногиронлиги бўлган шахсга янги уйининг бошланғич тўлови учун 2,5 миллион сўм ўтказди. Қизириқ тумани ташкилоти 30 нафар 1-гуруҳ ногиронларига 36 миллион сўмлик ногиронлик аравачалари олиб берди. Бойсун туман ташкилоти 1-гуруҳ 2 нафар ногиронга 6,5 миллион сўм маблағни протез маҳсулоти учун ўтказган. 2018 йил май ойида Қумқўр-ғон тумани ташкилоти селдан жабрланган 47 та оилага 8 миллион 90 минг сўм моддий ёрдам кўрсатди. Фавқулодда вазиятларда жабрланган 6 та оилага 25 та кўрпа-тўшак, одеял, чойшаб берилди.

ИЗОҲ:

Жорий йилнинг 5 ноябрида вилоят ҳокимининг “Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти вилоят ташкилоти инсонпарварлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унда мулкчилик шаклидан қатъий назар барча хўжалик юритувчи субъектлар, ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарларига энг кам иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида хайрия маблағларини Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти вилоят ташкилотининг ҳисоб рақамига ўтказиш тавсия этилган. Хайрия ўн кунлиги муносабати билан тўпланган маблағлар ёлғиз кексалар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоялашга, шунингдек, табиий ва техноген фалокатларда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида сарфланади.

Р. АКБАРОВ,
Қизил Ярим ой жамияти вилоят
Кенгаши раиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Савдоси пишмаган режа

Ҳар қандай ходим ёки раҳбар лавозим ваколатидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланса, ўша ерда қонун бузилиш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan