Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Келишув шартномангиз қонунийми?

Келишув шартномангиз қонунийми?

Мамлакатимизда қонунлар ижросининг сўзсиз таъминланиши борасида ижобий ўзгаришлар кузатилаётган бўлса-да, амалиётда қонунбузарлик ҳолатларига буткул барҳам берилгани йўқ ва бунинг ўзига хос сабаблари бор. Қонунга зид равишда тузилган битимлар бўйича тарафлар фойдасига ҳал қилинган мол-мулкларни давлат даромадига ўтказиш, ғараз ният моҳиятини аниқлаш мезонлари ишлаб чиқилмаган. Шу боисдан бу тоифадаги ишларни кўришда судлар бир қанча муаммоларга дуч келмоқдалар. Амалдаги қонунчилик талабига кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатлари битимлар деб юритилади.

Кундалик ҳаётда инсонлар турли мазмунда ўзаро битимлар тузишади. Ушбу битимлар ўзаро келишувга мувофиқ ҳар хил усулда тузилиши билан бирга қонунда назарда тутилганидек ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради. Битимлар амалиётда оғзаки ёки ёзма (оддий ёки нотариал тасдиқланган) шаклда тузилади.

Агарда мисолларга мурожаат этадиган бўлсак, даъвогар АТ “Халқ банки” вилоят амалиёт бўлими жавобгарлар Термиз шаҳар 3-сон давлат нотариал идораси Нодира Жумаева ва Зуҳра Ботироваларга (исми ва фамилияси ўзгартирилган) нисбатан хонадоннинг олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида даъво билан судга мурожаат қилган.

Термиз туманлараро судининг 2018 йил 25 майдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъво рад этилган. Вилоят суди кассация инстанциясининг 2018 йил 9 август даги ажримига кўра, Термиз туманлараро судининг ҳал қилув қарори бутунлай бекор қилиниб, нотариал идорада Нодира Жумаева ва Зуҳра Ботировалар ўртасида тузилган хонадоннинг олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас, деб топилган.

Биринчи инстанция суди низоли хонадон тарафлар ўртасидаги ипотека шартномасининг шартларига асосан банкнинг ихтиёрида гаровда турганлиги сабабли Нодира Жумаева ушбу хонадонни тасарруф этиш ҳуқуқига эга эмаслигини эътибордан четда қолдирилган.

Шунингдек, даъвогар Шокир Холмўминов жавобгар Мансур Назаровга (исми ва фамилияси ўзгартирилган) нисбатан автомашинанинг олди-сотди шарт номасини ҳақиқий деб топиш ҳақида судга даъво билан мурожаат этган.

Термиз туманлараро судининг 2017 йил 29 июндаги ҳал қилув қарорига кўра, даъво қаноатлантирилиб, тарафлар ўртасидаги “Кобалт” русумли автомашинанинг олди-сотди шарт- номаси ҳақиқий деб топилган.

Вилоят суди апелляция инс- танциясининг 2017 йил 1 августдаги ажримига кўра, туманлараро судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвони рад этиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантиришда, жавобгар томонидан ёзилган тилхатга кўра, у ўзига тегишли бўлган “Кобалт” русумли автомашинасини даъвогарга 50000000 сўмга сотганлиги, 30000000 сўмга ҳисоблаб “Нексия” русумли автомашинаси ҳамда 20000000 сўм пулни олганлиги ҳақида хулосага келган бўлсада, бироқ ушбу тилхатнинг ксеронусхасида тарафлар ўртасида “Кобалт” русумли автомашинанинг олди-сотди қилинганлиги баён этилмаган ва тарафлар ўртасида низоли автомашинанинг олди-сотди муносабати вужудга келмаган .

Фуқаролик кодексининг 386-моддаси, 4-бандида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Мазкур қонун талабига кўра, тарафлар ўртасидаги низоли автомашинанинг олди-сотди шартномаси фақат нотариал тасдиқланиши лозим бўлади.

Шу боис, судлар амалиётда битимларга оид низоларни ҳал этишда қўлланилиши лозим бўлган моддий ҳуқуқ нормаларини тўғри аниқлаши, тарафларнинг важларини ҳар томонлама текшириб, низо юзасидан адолатли хулоса чиқариши, суд жараёнида юзага келадиган ҳар қандай масалани қонунга асосланган ҳолда, беғараз ва холисона ҳал этиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Ш. ЭЛИЕВ,
фуқаролик ишлари
бўйича вилоят суди судьяси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мен тадбиркор бўлмоқчиман

Тадбиркорлик қилиш учун яратилган шарт-шароит халқимизга берилган катта имтиёз бўлди. Тадбиркорликнинг қайси соҳасига қўл урманг, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan