Бош саҳифа / Жамият / Келинг, “Оқ остона бобо”га

Келинг, “Оқ остона бобо”га

Узун туманидаги шу номли ёдгорлик мажмуаси ҳақида воҳадошларимиз яхши билишади. Нақл қилишларича, мазкур ёдгорликда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг яқин саҳобаларидан бири — мадиналик Абу Ҳурайра (р.а) дафн этилган.

Тарихчилар бу шахснинг Расулуллоҳдан олти юз мингдан зиёдроқ ҳадисни ёдлаб қолганлигини ва қувваи ҳофизаси юксак бўлганлигини эътироф этишади.

Зиёратчиларнинг фикрича, қадамжога ихлос билан бориб, ният қилинса, албатта, ижобат бўлади. Бу ҳақида олис Бошқирдистоннинг Камишинск шаҳридан келган сайёҳ ўз мулоҳазаларини қуйидагича баён этган: “Абу Ҳурайра (р.а) зиёратгоҳини ҳаётимда уч маротаба зиёрат қилдим. Кишилар омад ва бахт толеъсини дуоларида сўрасалар, албатта, ижобати бўладиган табаррук қадамжодир. Кимда ким чин ният билан “Оқ остона бобо” зиёратига борса, у киши барака ва омад, бахт топади. Ниятига эришади”. Бу каби қайдлар ва мулоҳазалар ниҳоятда кўп. Муҳими ниятда.

Дарҳақиқат, қадимшунос тарихчи олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, археолог Эдвард Ртвеладзенинг гувоҳлик беришича, “Оқ остона бобо” зиёратгоҳи узоқ тарихга эга. Бу ердан топилган ашёлар, осори-атиқалар шундан далолат беради. Эрамизнинг 10-12 асрларида қўли гул меъморлар томонидан бунёд этилган мақбара Ўрта Осиё меъморчилигининг ноёб намунасидир.

— Мазкур зиёратгоҳ 37 гектар майдонни эгаллайди, — дейди мажмуа раҳбари Рустам Раҳмонов. — Туман раҳбарияти, ҳомийлар ва фидойи ватандошларимиз кўмагида ёдгорлик обод масканга айланди. Аввало, бу ерга сув олиб келинди. Узоқ вақтлар оби-ҳаётсиз қақраб ётган зиёратгоҳ боғу бўстонга айланди. Сувдан шу ерлик аҳоли ҳам баҳраманд бўлмоқда. Мажмуамиз ҳудудида 5 мингдан ортиқ манзарали кўчатлар экилиб, парвариш қилинмоқда. Йўлакчаларга брусчаткалар ётқизилиб, зиёратчилар учун таҳоратхона ҳам қуриб битказилди. Эндиликда мақбарага олиб келувчи йўлда таъмирлаш ишларини олиб бориш ва машиналар тураргоҳини барпо этиш ҳамда зиёратчилар учун сервис хизматини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Агар зиёратгоҳга ҳар чоршанбада автобуслар қатнови йўлга қўйилса, зиёратчиларга яна бир қулайлик яратилган бўларди.

Сафарали ЭШМИРЗАЕВ,
журналист

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Одам савдоси – халқаро муаммо

Бугунги кунда одам савдосига қарши кураш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE