Бош саҳифа / Жамият / Келин-куёв тўйига бир назар

Келин-куёв тўйига бир назар

Оила жамиятнинг муҳим бўғинларидан бири бўлиб, у шахсни тўғри шакллантириш ва тарбиялаш мактабидир. Бугунги кунда оилавий ҳаётдаги кутилмаган муаммолар ва келишмовчиликлар долзарб мавзуга айланган. Баъзи давлатларда эр-хотин можаролари оилавий ҳаёт силлиқлигини, тартибини бузиб, дунё тамаддуни асосларини ларзага келтирмоқда.

Бир жинсли никоҳлар, фарзандсиз ҳаёт ва жаҳонда инсоният йўқ бўлишига сабаб бўладиган бошқа оилавий масалалар кишини ташвишга солади.

Бундай шароитда биз фарзандларимизни турли ахлоқсиз, зарарли одатлар, хатти–ҳаракатлардан ҳимоя қилиб, ота-боболаримизнинг қадимий анъаналарига содиқлик руҳида тарбиялашимиз зарур, назаримда.

Сўнгги йилларда катта миқдордаги қалин пули, никоҳ билан боғлиқ қатор маънисиз маросимлар халқимизни ташвишга солаяпти.
Келин-куёв тўйи давр ва замон билан бирга тараққий топаяпти, янги, замонавий расм-русумларни ўзида мужассамлаштираяпти. Бир миллатнинг урф-одатлари бошқасининг удумларидан баҳраманд бўлиб, уларнинг ижобий томонларидан ўзини бойитмоқда. Баъзи анъаналарни қабул этиш ва уларга кўр-кўрона тақлид қилиш эса миллийлигимизга, аждодлар мероси, диний ва оилавий ҳаёт поклигига раҳна солади.

Мисол учун, тўй куни кўпгина қизларимиз Европа келинларига хос нозик либосларни (фаталарни ) кийиб, чиройли сочларини ёйиб, елкаларини очиб, гўёки ўзларини “кўз-кўз” қиладилар. Сунъий соч, киприк ва тирноқлардан фойдаланиш деярли урфга айланиб бормоқда. Ҳаттоки, баъзи келинлар кўргазмага қўйилган сунъий манекенга ўхшаб қолади. Қани шарм, иффат ва келинлик латофати?

Оқ кўйлак ва европача костюм кийиш бугунги дунё модасига мос. Лекин ўзбек, тожик, турк ман куёви ёки диёримиздаги бошқа миллат вакилларининг миллий дўппи, тўн ва белбоғ билан кўринишларига нима етсин. Нега энди ёшлар миллий кийимни киймасликлари керак?

Бундан ташқари, тўй кунлари келин-куёв ва меҳмонларнинг ҳаддан зиёд “рангоранг” автомобилларда келишига нима дейсиз?
Оилавий ҳаётнинг биринчи қадами никоҳ маросимидан бошланади.

Бу маросим пок ва бетакрор бўлиши, келин-куёв хотирасида абадий қолмоғи керак. Ёшларимиз, бўлажак келин-куёвлар бундай маросимга руҳий жиҳатдан тайёр бўлишлари зарур. Афсуски, ёшларимиз бу кунда кўпинча расмга тушиш ва ўзларининг тили билан айтганда “фотосессия”, “видео” ишлари билан банд бўлишади.

Эҳтимол никоҳ, ҳаёт жуфтини танлаш ва оилавий ҳаётни ташкил этиш мавзуларида тўйдан олдин қисқа муддатли курсларни йўлга қўйиш, шу курсларни ўтгандан сўнг никоҳдан ўтишга рухсат бериш фойдадан холи бўлмас.

Келин-куёв тўйини ўтказишда ортиқча харажатлар ва ташвишларга йўл қўймаслик борасида давлат қонунлари ва фармойишлари қабул қилиниши катта аҳамиятга эгадир. Бу жиҳатдан қўшни Тожикистон Республикасининг тажрибаси диққатга сазовор. У ерда махсус фармойиш асосида никоҳ маросимида учта енгил машинадан фойдаланишга ижозат берилган. Келин-куёв тўйига ташриф буюрган меҳмонлар миқдори махсус тўйхонада 150 кишидан ошмаслиги лозим. Мамлакат аҳолиси бу қонунни бажонидил қабул қилган. Бу борада бизда ҳам шу каби фармойишлар чиқарилса, айни муддао бўларди.

Бу тадбирлар ва ишларни оммага етказиш мақсадида маҳаллий ҳокимият, маданият марказлари, ҳомийлар ва маҳалла ходимлари доимий фаолият юритишлари билан бирга намунавий тўйлар ўтказишлари мақсадга мувофиқ бўларди. Миллий тўй-маросимларнинг моҳиятини ижтимоий тармоқларда ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали халқ эътиборига етказиш ва ёшларни уларга қизиқтириб бориш зарур, назаримизда.

Нажмиддин РАШИДОВ,
пенсионер, истеъфодаги подполковник
Ҳафиза РАШИДОВА,
Термиз шаҳридаги 13-умумий ўрта таълим
мактаби ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Япониялик журналистлар воҳамизда

Япониялик журналистлар Сурхондарё вилоятидаги ижодий сафарини Термиз туманидаги Султон Саодат меъморий мажмуаси ва Қирққиз тарихий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE