Бош саҳифа / Жамият / Келажакни ёшлар белгилайди

Келажакни ёшлар белгилайди

Дунёнинг бирор мамлакатида бизникидек ёш авлодга ҳар томонлама қулайлик ва шарт-шароит яратиб берилмаган. Буни Ўзбекистон болалари турли соҳаларда қўлга киритаётган ютуқлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Бунда “Баркамол авлод” болалар марказларининг ҳиссаси катта. Шу боис, вилоят “Баркамол авлод” болалар маркази директори Хуршида Менгатовага бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

— Аввало, “Баркамол авлод” болалар маркази олдида турган мақсад ва вазифалар хусусида тўхталсангиз?

— Болаларимизга жойларда чуқур билим бериш билан бирга ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш муҳим вазифалардан биридир. Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2011 йил 28 февралдаги қароридан келиб чиққан ҳолда мамлакатнинг барча вилоят, туман ва шаҳарларида “Баркамол авлод” болалар марказлари ташкил этилди. Шунга кўра, вилоятимизда 15 та болалар марказлари фаолият олиб бормоқда. Марказлар раҳбарлари, услубчи-тарбиячиларга ўқув тарбия жараёнларида мактабдан ташқари, таълим-самарадорлигини ошириш, уларга узлуксиз амалий-услубий ёрдам кўрсатиш тизимли равишда йўлга қўйилган. Шу мақсадда вилоят “Баркамол авлод” марказида бадиий ижодиёт, техник ижодкорлик, ўлкашунослик ва экология, чет тили, спорт йўналишида 72 та тўгарак ташкил этилган бўлиб, уларда 1815 нафар ўқувчи-ёшлар ижодий қобилиятларини такомиллаштириб бормоқда.

Бундан ташқари, туманлардаги марказларимизга ҳам услубий-амалий кўмак беряпмиз. Хусусан, жорий йилда Сариосиё туманида “Маҳаллалар қошида тўгараклар ташкил этиш”, “Вояга етмаган тарбияси оғир болаларни тўгаракларга жалб қилиш”, Бойсун туманидаги марказда “Ахборот ресурс марказлари ва кутубхона фаолиятини ташкил этишнинг самарали усуллари” мавзусида ўқув-семинарлари ўтказилди. Уларда тўгарак раҳбарлари ўзаро тажриба алмашди. Шунингдек, туризмни ривожлантириш, ёз мавсумида ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш масалалари муҳокама этилди.

—    Болаларни машғулотларга жалб қилиш, янги тўгараклар ташкил этишда нималарга эътибор қаратилаяпти?

— Вилоят марказида болалар эҳтиёжи ва қизиқишидан келиб чиқиб, “Ёш журналист ва нотиқ”, “Ёш табиатшунос”, “Оила ва саломатлик”, “Авиамодель”, “Компьютер графикаси”, “Ёш мусаввир”, “Бичиш-тикиш”, “Ёш дастурчи”, “Ёш қандолатчи”, “Дўппидўзлик” каби тўгаракларни ташкил этганмиз.

Айниқса, вилоятимиздаги мавжуд тўгарак аъзолари иштирокида оммавий тадбирлар, кўрик-танловлар ҳамда маданий-маърифий кечалар ўтказиб бориш болаларнинг интеллектуал қобилиятини ўстиришда муҳим омил бўлмоқда. Масалан, “Экология — болалар нигоҳида” фестиваль танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Унда гулчилик бўйича Термиз шаҳридаги 3-мактаб ўқувчиси Нилуфар Жавлонова, “Карвинг” бўйича Хонзодабегим Фарҳодова, Сариосиё туманидан Озода Озодова “Эко дизайн”, Шеробод туманидан Самандар Бўриев қушчилик, Термиз шаҳридан Севинч Ҳикматова тасвирий санъат йўналиши бўйича фахрли биринчи ўринни олишди.

“Зарб — 2018” кўрик-танловида Бойсуннинг “Садо” гуруҳи, вилоят “Болалар маркази” ва Сариосиё туман жамоаси фахрли ўринларни қўлга киритишди. Якка ижрочилик бўйича Шўрчи туманидан О. Тўхтаев, Бойсундан О. Зиёдов, Қизириқдан Қ. Носиров каби доирачилар танловнинг республика босқичига йўлланма олишди. Шуни қувонч билан айтиш лозимки, “Баҳор ифори” миллий рақслар танловида ҳар бир тумандан 9 нафар қиз иштирок этди. Якка рақсда Термиз шаҳридан Н. Хушбоқова, Бойсун туманидан Ш. Зайниддинова, Сариосиё туманидан С. Абдуллаевалар танловнинг республика босқичига йўлланмани нақд қилишди. Гуруҳ рақсларида Шеробод, Термиз, Ангор, Узун туманлари жамоалари республика босқичида иштирок этадиган бўлишди. “Миллий қадриятлар” вилоят кўргазмали фестивали 9 йўналишда бўлиб ўтди. Фахрли ўринларни олган тўгарак аъзолари бу нуфузли танловнинг республика баҳсларида ўз қобилиятларини яна бир карра синовдан ўтказиш имконига эга бўлишади.

— Бугун вилоятдаги мавжуд тўгаракларда ёшларнинг иштироки қай даражада бўлмоқда?

— Жуда ўринли савол бўлди. Юқоридаги рақам ва далилларни бежиз келтирмадик. Вилоятимизда 13 та туман, 1 та шаҳар, 1 та вилоят “Баркамол авлод” болалар маркази фаолият олиб бормоқда. Бу марказларга энг тажрибали ўқитувчилар, услубчилар, мураббийлар ва миллий ҳунармандчилигимиз усталари жалб этилган. Ягона мақсад болалар вақт ўтказиш учун қуруқдан-қуруқ тўгаракларга келиб кетиш эмас, қайсидир касб-ҳунар сирларини астойдил ўргатишга эришишдир. Вилоятдаги мавжуд тўгаракларда 11633 нафар ўқувчи-ёшлар машғулотларда иштирок этишади. Бу ҳазилакам кўрсаткич эмас. Болаларимиз каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, кандакорлик, наққошлик, дизайн, бадиий ижодиёт, техник ижодкорлик каби халқ амалий санъатини қунт билан ўрганар экан, бу уларда миллий қадриятларимизга, улуғ аждодларимизга бўлган ҳурмат ҳиссини уйғотади. Шу маънода ҳам мамлакатимиз, миллатимиз келажаги, эртанги куни ёшларимизнинг қай даражада чуқур билим ва ҳунар ўрганишларига боғлиқ эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Суҳбатни
Сафар ОМОН ёзиб олди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янги ўқув йилидан хорижий тиллар ўқитувчиларига 50 фоиз устама тўланади

021 йил 19 майда давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan