Бош саҳифа / Жамият / Келажакка қўйилган сармоя

Келажакка қўйилган сармоя

Иқтисодчи, Нобель мукофоти совриндори Жеймс Хекманнинг фикрича, келажак учун киритилган энг яхши сармоя бу болалар таълим-тарбиясига сарфланган маблағдир.

Бинобарин, бизнинг юртда ҳам айнан мактабгача таълим муассасасининг моддий-техник базасини яхшилаш, унинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун ажратилаётган маблағлар, қилинаётган ишлар замирида ҳам ана шу эзгу ҳақиқат ётгани бежиз эмас.

Одатда мактабгача таълим муассасасига борганда эскича услубда бўялган хоналар, аллақачон истеъмолга яроқсиз бўлиб қолган ўйинчоқлар, абгор аҳволдаги ўйингоҳ  каби манзарадан хафа бўлиб қайтардим. Аммо, бу сафар кузатганим бутунлай бошқача манзара қалбимда илиқлик, мамнунлик ҳиссини уйғотди.

Термиз шаҳридаги 2-мактабгача таълим муассасасида яратилган шароит билан танишар эканмиз, бир йил ичида бу ер кўплаб ота-оналар орзу қилган масканга айланганига гувоҳ бўлдик. Шу йилнинг февраль ва август ойларида капитал рекон- струкция ишлари амалга оширилган боғчада барча хоналар болаларбоп таъмирланган. Ухлаш, ўйин, ювиниш хоналари замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Ювиниш хонаси ва ошхонада иссиқ-совуқ сув муҳайё. Қишнинг совуқ кунида жажжилар иссиққина хоналарда мириқиб машғулот ўтишяпти.

— Капитал реконструкция ишларига вилоят ҳокимлиги ҳомийлигида 600 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди, — дейди 2-МТМ мудираси Дилфуза Валихонова. — Шунингдек, муассасамизга 109 миллион сўмлик жиҳозлар келтирилди. Олдинги йиллар қишнинг совуқ кунларида болалар ҳам, боғча ходимлари ҳам қийналишган. Энди эса бундай яхши шароит болалар билан таълим-тарбия машғулотларини сифатли олиб боришга имкон яратди.

75 ўринга мўлжалланган боғчада 3 та гуруҳда 83 нафар бола тарбияланмоқда. Уларга “Болажон” таянч дас- тури асосида таълим-тарбия берилмоқда. Боғчада катта гуруҳ тарбияланувчилари учун инглиз ҳамда рус тили тўгараклари ҳам ташкил этилган. Буни уларнинг тилидан айтилган бир-биридан қизиқ шеърлар, эртаклардан, болаларнинг саволларимизга берган бурро жавобларидан фаҳмладик.

— Машғулотларда асосан “Болажон” таянч дастури асосида чоп этилган беш турдаги китоблардан фойдаланаман, — дейди мактабгача тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Дилдора Муроталиева. — Улар болаларнинг нутқини ўстириш ва саводхонликка тайёрлашда, турли математик тасаввурларни шакллантириш ва бадан тарбия машғулотларини олиб боришда қўл келмоқда. Китоблардан ташқари, кўргазмали қуроллар ҳам болаларнинг машғулотларда фаол қатнашишига ёрдам бераётир.

Хоналарни кўздан кечиргандан сўнг, ошхона ва омборхоналардаги аҳвол билан қизиқдик. Қўли ширин ошпазлар томонидан тайёрланаётган таомларда меъёр асосидаги озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланилмоқда. Уларнинг сифати ҳамда миқдори МТМ ҳамшираси Мўътабар Маҳманазарованинг назоратида. Муассаса омборхонасида ҳам гўшт, сариёғ, шакар, дуккакли маҳсулотлардан тортиб, сабзавот ва меваларгача бор.

Энг қизиғи, айрим полиз маҳсулотлари боғчанинг мўъжазгина ҳовлисида етиштирилар экан. Айни пайтда у ерда сабзи, турп, шолғом ва лавлаги етиштирилган.

— Энди баҳор келиши биланоқ картошка, помидор, булғор қалампири, бақлажон ва витаминларга бой кўкатлар экмоқчимиз, — дейди муассаса қоровули Хурсандқул Дустяров. — Бунинг учун ҳозирдан ерни оби-тобига етказиб,ишлов бераяпман. Шунда ҳосил янаям яхши бўлади.

Суҳбат жараёнида Д.Валихонова боғчада ўқув-методик материаллар, ўйинчоқлар ва китоб  лар доим ҳам етишмаслиги ҳақида айтди. Бу бўйича мактабгача таълим Термиз шаҳар бўлими мутахассиси Беҳруз Садатовга юзланганимизда айни пайтда ушбу масала юзасидан қатор лойиҳалар ишлаб чиқилаётгани, келгуси йилдан боғчаларда зарур кўргазмали қуроллар, ўйинчоқлар билан таъминланиш даражаси яхшиланишини билдирди.

Албатта, мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг замонавий билимларни эгаллаши, уларни китоб ўқишга қизиқтириш учун ўқув-методик, дидактик материаллар, бадиий адабиётларнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Буни олти ёшгача бўлган болаларнинг таълимига сарфланаётган маблағ иқтисод учун жуда катта фойда келтиришини ҳисоблаб чиққан олим Ж.Хекман ҳам қайд этган. Фақат уни вақтида фаҳмлаб, камчиликларни бартараф этсак, болаларимизнинг келажаги учунгина эмас, балки мамлакатнинг иқтисодий ривожи учун ҳам наф келтирган бўламиз.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan