Бош саҳифа / Сиёсат / Келажакка пойдевор

Келажакка пойдевор

Ижтимоий адолат, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш — бу фуқаролик жамиятининг муҳим мезони саналади. Чунки инсон эрки, қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқи таъминланган жойда адолат тарозининг иккала палласи ҳам баробар тош босади. Ана шунда одамлар нафақат ҳаётдан, балки давлатдан ҳам рози бўлиб яшайди. Бу кайфият инсонни ёруғ келажакка ишонч билан қарашга ундайди, демакки, эртанинг бунёдкори бўлмиш фарзандининг келажагига мустаҳкам пойдевор яратади. Бу пойдевор эса унга берилган яхши тарбия ва пухта билимдир.

Ўзбекистон халқ демократик партиясининг асосий дастурий вазифасида ҳам ана шу мезонга амал қилинади. Бу борада партия баркамол авлодни шакллантиришда ўқитувчилар, миллат соғлиғини муҳофаза қилаётган шифокорлар ҳамда маънавият ва маърифат тарғиботчилари бўладиган ёшларни ўзининг асосий таянчи, деб ҳисоблайди. Мақсад эса аниқ: жамиятдаги мавжуд қадриятларни кейинги авлод учун мерос қилиб қолдириш, мамлакатнинг мавқеини юксак салоҳиятли ёшларни тарбиялаш орқали янада кўтариш ва ривожлантириш.

Демак, бундай натижага эришиш учун таълим-тарбия сифатини ошириш энг биринчи галдаги вазифа саналади. Бизнинг юртимизда бу саъй-ҳаракат мактабгача ёшдаги болалар таълим-тарбиясидан бошланди.  Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари сўзимни тасдилайди. Чунки қарорда айнан ижтимоий соҳа бўлган мактабгача таълим тизимини ривожлантириш ва унинг мутлақо янгича замонавий кўриниш касб этиши кўзда тутилган.

Дарҳақиқат, ушбу ҳужжат давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорининг мантиқий давоми бўлди. Чиндан ҳам бугунги шиддатли замон билан ҳамқадам бўлиш, айниқса, жисмонан соғлом, юксак маънавиятли авлодни тарбия лаш, Ватанимизнинг дунё ҳамжамиятида обрў эътиборини юксалтириш мақсадида қабул қилинган қарорда белгиланган вазифаларни ўқиган ҳар бир газетхон кўз ўнгида, энг аввало, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлоднинг шаклланишини таъминлашга қаратилган мактабгача таълим тизимини ташкил қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини тасаввур қилади.

Албатта, мактабгача таълим соҳасидаги баъзи камчиликлар давлат сиёсатини тўлиқ амалга оширишга тўсқинлик қилиб келаётганидан кўз юмолмаймиз. Шу боисдан ҳам бу ишга давлат сиёсати даражасида қаралиши, ўйлайманки, кўпчиликни ўйлантираётган муаммоларнинг ҳал этилишига йўл очади.

Эртанги  истиқболимизни белгилаш бош мақсад экан, кеча ва бугуннинг тажрибаларига суяниб эришилган ютуқларни кўпайтириш, йўл қўйилган камчилликларни сўзсиз тузатиш лозимлигини англаган давлат раҳбари қарорда мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник базасини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларини биринчи ўринга қўяди.

Масалан 2018 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида эксперимент тариқасида замонавий, санитария-гигиена талабларига  жавоб берадиган янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этилади. Албатта, бу инвесторларни жалб қилган ҳолда амалга оширилади ва уларга қатор имтиёзлар берилади. Инвесторлар томонидан ваколатли давлат органлари билан 50 йил муддатга давлат-хусусий шериклик тўғрисида келишув тузилади.
Айниқса, бундай мактабгача таълим муассасалари хизмати нархининг ижтимоий ҳаммабоплиги таъминланиши аҳоли учун ҳам қулайлик яратади.

Қолаверса, Тошкент шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш тўғрисида тўғридан-тўғри шарт- номалар тузишга эксперимент тариқасида рухсат берилганлиги, ҳамда ушбу соҳадаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишга қаратилган Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Унга кўра, сифатли мактабгача таълимни ташкил этишга давлат талаблари, шу жумладан, мактабгача ёшдаги болаларни уйғун ривожлантириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш, миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқиш уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материалларни тайёрлаш ҳамда жорий этиш ишлари замонавий талабларга мувофиқлаштирилади. Шунингдек, ваколатли давлат органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобига мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилишнинг соддалаштирилган варианти ишлаб чиқилади. Бу  ота-оналарнинг фарзандини мактабгача таълим муассасасига бергунча бўладиган оворагарчиликларию қатор салбий ҳолатларга барҳам беради. Бир сўз билан айт ганда, бу қарорни мамлакатдаги барча ота-оналар ва оилалар катта мамнуният билан қарши олди.

Ҳаёт бор экан, ҳамиша ҳаракат ҳам бор. Ҳаракатни бир сония тўхтатиш тарих ғилдирагини тўхтатиш билан баробар. Бунинг эса умуман иложи йўқ. Жамият ҳамиша олдинга интилиб бораверар экан, унда янгиланишлар ҳам мудом давом этаверади. Шу маънода мактабгача таълим тизимининг яхшиланиши, ундаги юз берадиган ўзгаришлар натижасида фарзандларимиз кичик ёшданоқ билимли ва салоҳиятли бўлиб ўсади. Давлатимиз ва жамиятимиз келажак пойдеворини ана шу тариқа бугундан мустаҳкамлаб бораверади.

Райҳон РАҲИМОВА,
Халқ депутатлари  вилоят Кенгаши депутати, ЎзХДП Марказий Кенгаш аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сайловнинг молиялаштириш тизимини бузганга қандай жавобгарлик бор?

Конституциямизда фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, миллий сайлов тизимининг асослари белгилаб қўйилган. Бу қоида ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan