Бош саҳифа / Жамият / Келажагимиз ўз қўлимизда

Келажагимиз ўз қўлимизда

Аҳоли сони ўсгани сари турар жойларга бўлган эҳтиёж ҳам ўз-ўзидан ошиши тайин. Шаҳар аҳолиси замонавий ва қулай шароитга эга бўлиши учун кўп қаватли уйлар олдидаги ноқонуний қурилиш объектлари бузилиб, унинг ўрнида болалар уйингоҳлари, нуронийларга ўриндиқлар, туй ва маросимларни камхарж қилиб ўтказиш бўйича ишлар бошлаб юборилганига ҳали кўп бўлгани йўқ.

Куни кеча Денов туманидаги «Буюк келажак» маҳалла фуқаролар йиғинида ана шундай хайрли ишларнинг дебочаси сифатида маҳалла биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бинонинг очилиш қисмида вилоят ҳокими Э. Турдимов иштирок этди. Вилоят ҳокими ўз сўзида воҳамизда сўнгги пайтларда жуда кўплаб хайрли тадбирлар амалга оширилаётганлиги, бунинг ортида Сурхон воҳасининг заҳматкаш инсонларининг самарали меҳнатлари борлигини эътироф этди.

—Маҳаллада қисқа фурсатда амалга оширилган бундай бунёдкорлик ишларидан аҳоли миннатдор. Негаки, уларнинг тор ва ноқулай шароитларда уйга кириб чиқишдан, уйига меҳмон чақириб “Мана шу уй — менинг уйим”, дейишдан уялиб юришларига энди ҳожат йўқ. Қизларимнинг буйи етиб, совчилар кела бошлаганида, мана шу домда яшашдан уялиб, ҳовлига ижарага чиқиб кетгандим. Бугун бу ерларнинг қиёфасини кўриб ҳайратда қолдим,— дейди Мавлуда Ҳафизова.

—Ҳақиқатдан ҳам ҳамма ўзича қўшимча иморатлар, оғилхоналар қурганлиги натижасида санитария ҳолат ҳам яхши эмас эди. Ноқонуний иморатлар бузилиб, маҳалладаги кўп қаватли уйларнинг атрофи ободонлаштирилди. Кўчалар, йўлаклар асфальтланди. Кўп қаватли уйлар жорий таъмирланиб, подъездларга эшиклар ўрнатилди. Тунги ёритгичлар қўйилди. Маҳалламиздаги кўп қаватли уйларда ичимлик суви масаласи оғир эди. Бир неча йиллардан бери ишламай ётган сув насоси таъмирланди. Натижада, юқори қаватларга ҳам ичимлик суви етказиб берилмоқда,—дейди маҳалла раиси Саъдулло Раҳимов.

Бу сингари хайрли ишлар тумандаги “Саноатчилик”, “Водий”, “Меҳр оқибат” каби маҳаллаларда ҳам кенг суръатда олиб борилмоқда.

Х. ТОҒАЙМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan