Бош саҳифа / Жамият / Кексаларни ким йўқлайди?

Кексаларни ким йўқлайди?

Барчамиз ёшлигимизда эртак китобларни кўп ўқиганмиз. Айниқса, улардаги “Бор экан-да, йўқ экан”, “йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди”, деган жумлалар ёд бўлиб кетган. Ҳатто эртак тўқишни билмайдиган одам ҳам шунга ўхшаш тўртта жумлани қўшса, мужмалроқ эртак бўлади.

Баъзан бировларга тўғрисини айтсанг, ёлғон, ёинки эртак ўрнида қабул қиладилар. Ундайлар ўзларининг ёлғон тасаввурлари ичида ўз қобиқларига ўраниб яшайдилар. Моҳият шундаки, ўзбек халқ эртаклари “бир бор экан, бир йўқ экан”, деган эслатма билан бошланар экан, бу орқали кўр-кўрона эртакка ишониб қолмасликка, мустақил хулоса чиқаришга ундайди. Нўноқ ўқувчи эса кўпинча моҳиятнинг тагига етолмасдан, ҳақиқий ҳаёт билан эртакни қориштириб юборади. Ҳозир мен сизга айтмоқчи бўлган гаплар ҳам эшитган одамга худди эртакка ўхшаб туюлади.

Қизириқ туманида бугунги кунда 160 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 27 670 та хонадонда 32 350 та оила яшайди. Кам таъминланган оилалар 1659 тани ташкил қилади. Остона хатлаб кираркансиз, ҳар бир оиланинг ўзига яраша орзу-интилишлари, дарду ташвишлари борлигига амин бўласиз. Аммо, муаммолар фақат оилаларда эмас, баъзи бир ташкилотларда ҳам кузатилаётганлиги ачинарли. Қизириққа ташрифимиз чоғида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлимидагилардан маълумот олишимиз қийин кечди. Ташкилот раиси Абдуғаффор Шодмонов ўша куни, тўғриси, йиғилишдан бўшамади. Қисқа муддатли йиғилишдан чиқаркан, яна каттароқ йиғилиш борлигини айтиб, ўринбосари Шайдулла Нормуродов билан жойларга чиқиб, маълумот олишимизни айтди. Аксига олиб, Ш. Нормуродов ҳам “меҳмон”лари борлигини айтиб, узр сўради. Мухбир, дегани маълумот ололмаса, бундан ёмони йўқ. Ахир, маълумот манбаисиз ёзиб бўлмайди-ку.

Тумандаги “Етимқум” маҳалласига боришни ихтиёр этдик. Куннинг иккинчи ярмида маҳалла раиси Аҳмад Нормуродов билан учрашдик. Кунлар иссиқ эмасми, бошингиздан саратоннинг жазирама офтоби уради.

Телефон орқали гаплашиб, раис билан туман марказидаги “светофор” ёнида учрашадиган бўлдик. Гарчи биринчи маротаба кўришаётган бўлсак ҳам раис бизга қирқ йиллик қадрдонлардек: “Келинг, бир қуюқ кўришайлик!” дея қучоғини очиб пешвоз чиқди. Унинг авзойидан, ҳатти-ҳаракатидан ичиб олганлиги, шундай сезилиб турарди. Кўзланган манзилга бориш учун раис билан такси излай бошладик. Раиснинг ҳолатини сезган ҳушёр ҳайдовчилар турли хил баҳоналар билан ўзларини олиб қочишарди. Орадан бир соатга яқин вақт ўтди. Бу пайтга келиб, раис ҳам анча тетиклашган, масъулият сеза бошлаган эди. Аҳоли хонадонларини оралар эканмиз, бир нарса бизни қувонтирди, ҳамма қандайдир кундалик машғулотлар билан банд; кимдир уйини таъмирламоқда, кимдир баланд иморат солмоқда, кўриб кўзингиз қувнайди. Аммо, афсуски, қишлоқда кўримсиз уй-жойлар, томорқасини ажриқ босган айрим хонадонлар ҳам йўқ эмас. Аҳоли билан суҳбатлашсангиз, баъзилари ичимлик сувидан нолийди, баъзилари эса “Ҳеч қандай муаммоимиз йўқ”, дея биринчисининг фикрини инкор этади. Нима бўлганда ҳам, инсонларнинг турмуш даражаси уларнинг ақлий салоҳиятига, иқтидорига боғлиқ эканлиги айни ҳақиқат. “Олма пиш, оғзимга туш!” деб ўтирган билан биримиз икки бўлиб қолмайди. Тадбиркорлик, шахсий ташаббус биринчи омил. Ҳали-ҳамон турғун, боқимандалик кайфиятида юрган юртдошларимиз ҳам учраб туради. Аммо орамизда ҳақиқатан ҳам ёрдам ва парваришга муҳтож инсонлар бор.

Маҳалла раиси билан Абдуғани Хўжановнинг хонадонида бўлганимизда бунга тўлиқ амин бўлдик.

Таҳририят вакили эканимизни айтганимиздан сўнг, А. Хўжанов муаммолари ҳақида гапирар экан, “Ҳамма гап шу ерда қолсин! Тағин ҳеч кимга айтиб юрманглар!” дея тайинлади.

—Тўққиз йилдан бери ётиб қолганман. Шунча йилдан бери бирон марта ҳам шифокорлар келиб кўргани йўқ. Дори-дармон масаласида ҳам ҳеч қандай ёрдам йўқ. Яқинда уйимизга бир ҳамшира қиз келган эди. Унинг айтишича, менга шифокор бириктирилган экан. Тўғриси, ўша шифокорни умримда кўрмаганман,— дейди А. Хўжанов биз билан суҳбатда.

Хонадон соҳибларининг айтишича, ҳамшира беморнинг ҳолидан хабар олиш учун онда-сонда келиб тураркан.

— Маҳалламизда ётиб қолган айрим шундай фуқароларимиз бор. Афсуски, алоқадор ташкилотлар томонидан уларга етарлича эътибор қаратилмаяпти. Мана, масалан, 83 ёшли Хўшбоқ Ҳасанов беш ойдан бери, 73 яшар Абдуғани Хўжанов 9 йилдан буён ётиб қолган. Уларнинг ҳолидан хабар оладиган ҳеч ким йўқ. Бу ҳақда “Нуроний” жамғармасидагиларга ҳам бир неча маротаба мурожаат қилганман. Аммо натижа бўлгани йўқ, — дейди маҳалла раиси Аҳмад Нормуродов.

Шу маҳаллада жойлашган Тўлқин Ашуралиевга қарашли Жўра Турдиев кўчаси, 22-уйда бўлганимизда, патронаж ҳамширалар бу хонадонга охирги бор ўтган йилнинг июль ойидан ке- йин ташриф буюришмаганлигига амин бўлдик.

Биз ушбу масалани бир маҳалла мисолида кўтардик, холос. Туман, вилоят миқёсида узоқ йиллардан бери шундай меҳр ва ёрдамга муҳтож бўлиб ётган юрт- дошларимиз қанча? Хўш, бугунги кунда уларнинг аҳволидан ким хабар олади, деган ҳақли савол пайдо бўлади! Аммо бу гаплар юқорида айтиб ўтганимиз, эртак эмас, ҳақиқат. Қачонки, аҳоли хонадонларида бир юртдошимиз эътибор, ёрдам ва парваришга муҳтож бўлиб ётар экан, бизнинг хотиржам ўтиришга ҳаққимиз йўқ. Ўйлайлик! Азиз ҳамюртлар! Токи, эртамиз бугунгидан-да тотли ва фаровон бўлишини истайдиган бўлсак, кекса ва ногиронларнинг ҳолидан доимо хабар олайлик! Зеро, уларнинг дуоси албатта ижобат бўлғуси.

Х. ТОўАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ногиронлар – эътиборда

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларга сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, зарурий тиббий-ижтимоий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE