Бош саҳифа / Жамият / Кечиккан ҳавас

Кечиккан ҳавас

Қизалоқ учун бугун байрам. Негаки, ойиси анчадан буён айтиб юрган ваъдасини бугун бажарадиган кун.

— Ойижон, ўша қизил боғли туфлини олиб берасиз-а?

— Албатта, қизим, ўша туфли сенга роса ярашади-да.

— Ойижон, агар ўша туфли сотилиб кетган бўлсачи…

— Йўқ, қизим, асло сотилмайди. Чунки у туфли айнан сен учун яратилган ва ажойиб қутида ўз эгасини кутаяпти.

Она-бола йўлда кетаркан, узоқ суҳбатлашди. Ҳар доим тезда босиб ўтиладиган манзилнинг шу тобда негадир охири кўринмасди. Орзулар эса сабрнинг беадоғ йўлларида синашта бўларди. Йўл-йўлакай катта ойнали магазинда чиройли, қўнғироқ сочли қўғирчоқни кўришгунларича шунақа бўлди. Қизалоқ ўша қўғирчоққа маҳлиё бўлди-қолди.

— Ойижон, оёқ кийимини бошқа сафар олақолайлик, — кўзларини жовдиратиб сўради қизалоқ.

— Ахир, кийгулик оёқ кийиминг бўлмаса…

— Илтимооос…

Қизининг раъйини қайтаролмай:

— Ҳа, олдин кўрайлик-чи нархини, — деди она.

Магазинга кириб, қўғирчоқнинг нархини билишди. Ёнларида эса унга етарли маблағ йўқлиги сабаб, она-бола дадаси ишлаб келгунича кутадиган бўлиб, уйларига қайтишди.

Қизалоқ учун вақт тўхтаб қолгандек эди. Ахийри, айтилган маблағ жамғарилиб, ўша магазинга етиб келдилар.

— Қайси қўғирчоқни айтаяпсиз. У аллақачон сотилиб кетди. Бошқасини танлай қолинг…

Бошқаси эса қизалоққа ёқмасди. Икковлон сувга тушган мусичадек, ахийри ўша қизил боғли туфлини олиш учун бозорга йўл олдилар. Қизалоқ ҳали у растадаги, ҳали бу растадаги бежирим қизил боғли туфлиларни кийиб кўраверганини кузатиб турган сотувчи аёл:

— Ойиси, қизингизга бошқа оёқ кийими кўрсангиз бўларди. Чунки, туфлини энг катта размерлиси ҳам қизалоққа кичиклик қилаяпти, —деди.

— Эҳ, қизим, сенга шу туфлини олиб беришни роса истагандим. Афсуски, иложимиз етганида, сен улғайиб қолибсан…

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE