Бош саҳифа / Жамият / Кеча ишсиз, бугун эса тадбиркор

Кеча ишсиз, бугун эса тадбиркор

Отабек Ғаффоров бир неча бор Россияда ишлаб қайтди. Мусофирликда топган пули камчиликларига ас қотди. Аммо доимий равишда келиб турадиган маблағ бўлмаса қийинда. Оиласидан узоқда яшашдан чарчаган Отабек яқинлари билан кенгашиб, хорижга чиқмай туриб ҳам пул топиш йўлларини қидирди.

Бир умр мактабда ўқитувчилик қилиб, 10 йилдан буён нафақада бўлган, 4 фарзанднинг барчасини оилали, уйли-жойли қилган она Анорхол Норбўтаеванинг тадбиркорлик қилиш таклифи барчага маъқул келиб, балиқчилик билан шуғулланишга келишиб олишди.

— Балиқчилик қилиш учун бирдан катта маблағ сарфлашга чўчидик, — дейди Анорхол Нор- бўтаева. — Фойда бўлармикан, эплармиканмиз? Мана шундай ўй-хаёллар билан ҳовлимизга кўчма ҳовуз қурдик. Ўтган йилнинг апрель ойида 600 минг сўмга 2000 та балиқ олиб келдик. Сентябрь-октябрь ойларида сал- қин тушгач, ҳароратни меъёрда ушлаб қолиш муаммо бўлаверди. 1500 га яқин балиқни асраб қолган эдик. Балиқларнинг ҳар бирининг оғирлиги 800-900 грамм бўлган пайтида сотиб, харажатларимизни қоплаб, озгина фойда ҳам кўрдик. Шунда билдикки, ҳаракат қилса, шароит яратилса, балиқчилик билан шуғулланса бўлар экан.

Шундан сўнг, Ғаффоровлар оиласи Узун тумани “Уланқул” маҳалласидаги ўзлари истиқомат қилаётган хонадон томорқасида 19х6 метрлик ёпиқ ҳовуз қуришди. Ҳовузни 5 та катта ва кичик хоналарга бўлдилар. Ўзларида бор маблағнинг охири кўриниб қолгач “Алоқа банк”нинг Узун тумани филиалидан “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастури асосида 20 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб, ҳовузни тайёр ҳолатга келтиришди. Қолган маблағни балиқ ва унинг емиши учун қолдиришди.

— Ҳовузга иситиш мосламаларини ҳам ўрнатдик, — дейди Отабек Ғаффоров. — Энди совуқ кунларда ҳароратни бир маромда ушлаб тура оламиз. Шундан сўнг, апрель-май ойларида Тошкентдан 1 миллион 500 минг сўмга 5000 та Африка лаққаси, яъни “Сом” балиғининг икраларини олиб келиб, ҳовузга қўйдик. Онам ва мен балиқларга қараймиз.

Ҳар бир ишнинг ўз машаққати, қийинчиликлари бўлгани каби балиқчилик ҳам ўзига яраша меҳнат талаб қилади. Балиқнинг ўсиши ва яхши ривожланиб, оғирлик олиши учун сувини тоза тутиш, ҳароратини меъёрида сақлаб, озиқланишига аҳамият бериш керак. Акс ҳолда балиқларни йўқотиш ҳеч гап эмас.

— Ўғлим Отабек балиқларнинг сувини кунда бир бор алмаштиради, — дейди Анорхол Норбўтаева. — Бу жараёнда сув ҳарорати камида 12 даражадан юқори бўлиши керак. Совуқ сув балиқ иштаҳасини йўқотади. Касалланиб нобуд бўлишига олиб келади. Аслида балиқ яшаётган сув ҳарорати 28-30 даража илиқ бўлиши керак. Куз-қиш фаслида эса бундай ҳароратни ушлаб туриш муаммо бўлаяпти.

Иситиш мосламаларимиз электр энергияси билан ҳам, ўтин ва кўмир билан ҳам ишлайди. Баъзида электр энергиясида узилишлар бўлиб туради. Шундай пайтда ярим кечаси бўлса ҳам кечни кеч, совуқни совуқ демай балиқларга қарашга, иссиқликни таъминлашга шошамиз. Кўмир топиш ҳам бирмунча қийин. Электр энергиясида ҳам узилиш бўлмаса, яхши бўларди. Маҳаллага суюлтирилган газ баллони учун ариза ташлаганман. Аммо ҳали ҳам қаноатлантирилганим йўқ. Шундай бўлсада, ҳозирда 18-20 даражагача ҳовуз суви иссиқлигини сақлаб туришга эришганмиз. 4500 дан ошиқ балиқларимизни асраб қолиб, боқаяпмиз.

Кўп йиллардан буён балиқчилик билан шуғулланган тадбиркор балиқчилар билан маслаҳатлашиб турибмиз. Балиқ асосан товуқ жигари ва мол ичаклари билан озиқланар экан. Мол ичакларини тумандаги қассобхоналардан олаётган бўлсак, товуқ жигарини Тошкентдан буюртма асосида келтираяпмиз. Баъзида бу соҳа янгилик бўлгани учун қийналганимизда дўст-ёрларнинг “ундан кўра ҳўкиз боқсаларинг бўлмасмиди”, деган гапи ёдимга тушади. Аммо балиқ боқиш менга завқ бағишлайди. Шунинг учун ҳам уларни парваришлагим, ҳориган пайтларим уларни томоша қилгим келаверади. Улар чарчоқни олади. Янада шавқ билан ҳаракат қилишга ундаб, куч бағишлагандек туюлаверади, — дейди ўз ишидан қувониб Анорхол опа.

Отабекнинг балиқлари ҳозирда 35-40 сантиметр, оғирлиги 800-900 грамга етган. Шу кетишда давом этишса, эрта баҳорда уларнинг ҳар бири бир ярим килограмга етиб қолади ва сотишга тайёр бўлади. 3500-4000 та бир ярим килограмлик балиқнинг килосини ўртача 15 мингдан сотишганда ҳам фойда ва харажатларни бир ҳисоблаб кўринг-а. Балиқчилик билан шуғулланиш истагини билдирганларга эса Отабек ва унинг онаси Анорхол опа жон деб балиқчилик сир-асрорларини ўргатади.

Ҳа айтганча, Анорхол опа томорқасининг бўш турган ерида пиёз, саримсоқ пиёз, картошка эккан. Ҳар қалай оила бюджетига нафи тегаяпти. Улар ҳали балиқчиликдан фойдага киришганича йўқ. Аммо умиди катта. Келгуси йил ҳовузнинг устки қисмида қурилган уяларда қуёнчиликка ҳам қўл уришмоқчи.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

АФСОНАЛАР ҲАҚИҚАТГА АЙЛАНМОҚДА

Ёшлар кунида  Ангор туман давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan